Токио-2020 мағлубиятлари: бурни қонаган ўзбек дзюдочиси ғалабани бой берди

Спорт 2249
image

Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтаётган 32-ёзги Олимпиаданинг иккинчи кунида Дзюдо бўйича таъмига чиққан ўзбекистонлик Сардор Нуруллаев ва Диёра Келдиёрова ҳам кутилмаганда илк босқичдаёқ мағлубиятга учради.

Эркаклар ўртасида -66 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Сардор Нуруллаев “Nippon Budokan” аренасида молдовалик Денис Виеруга қарши татамига чиқди. Беллашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. “Golden Score” эса 7 дақиқа ва 12 сония давом этди. Кураш давомида Нуруллаевнинг бурни қонагани учун унга 4 марта тиббий ёрдам кўрсатилди. Якунда жароҳат туфайли баҳс тўхтатилди ва молдовалик дзюдочига ғалаба тақдим этилди.

Аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Диёра Келдиёрова илк босқичда кучли рақиб билан рўбарў келди. Мўғулистонлик Сосорбарам Лхагвасурен бир ярим дақиқа ичида иппон баҳоси билан баҳсни ўз фойдасига ҳал қилди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоасининг дастлабки 3 дзюдочиси биринчи беллашувда мусобақани тарк этди.

Эшкак эшиш спорт тури бўйича иштирок этаётган Шаҳбоз Холмирзаев ва Собиржон Сафаралиев 1000 метр масофада ўтказилган баҳсда маррага 4-бўлиб етиб келди ва юқори ўринлар учун курашдан чиқиб кетди. Энди улар 6-ўрин учун кураш олиб боришади. Сафаралиев ва Холмурзаев кеча ўтказилган 2000 метрга эшкак эшиш беллашувларида ҳам 6 терма жамоа ичида 4-натижани қайд этган эди.

Маълумот ўрнида, ўзбекистонлик олимпиячилар орасида таэквондочи Улуғбек Рашитов илк ғалабани тақдим этди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 58
Рейтинг: 3
t
×