ОТМга кириш имтиҳонлари Суперлига баҳсларига ҳалақит бермайдими? Диёр Имомхўжаев жавоб берди

Спорт 2229
image

Хабарингиз бор, бугун, 5 август куни Ўзбекистон Республикасида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланди ва 20 августгача давом этади. Коронавирус инфекцияси туфайли юзага келган карантин шароитидан келиб чиқиб, Давлат тест маркази ушбу имтиҳонларни марказлаштирилган кўринишда, асосан, футбол стадионларида ўтказиш қарорига келишган ва бу ўтган, 2020 йилда амалда синаб кўрилган эди. Бу йил ҳам шу қарор амалга татбиқ қилинмоқда.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, 1 ҳафта аввал, 30 июль куни 1 ойлик танаффусдан сўнг футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси бошланган эди. Шу сабабдан кўпчиликда табиий савол туғилди: айни имтиҳонлар пайтига тўғри келиб қолган футбол баҳслари энди қолдириладими ёки стадион ўзгартириладими? Шу саволларга Профессионал Футбол Лигасига бош директори Диёр Имомхўжаев изоҳ берди. Унга кўра, майдонлар ўзгартирилиши ҳар томонлама қулай ечим эканлиги таъкидланган:

“Биз давлат имтиҳонлари билан параллел равишда футбол учрашувларини ўтказиш учун максимал ҳаракат қилдик. Абитуриентларга ҳалал бермаслиги учун барча турдаги мусиқалар, реклама роликлари, стадион сухандонининг овозидан воз кечишга қарор қилдик.

Аммо ҳар икки тадбирни бир вақтда ўтказишнинг барибир иложи камдек. Шундан келиб чиқиб, футбол учрашувлари стадионларида ўзгаришлар бўлиб туради. Илм олиш энг яхши ва тўғри йўл. Шу йўлда ҳаракатда бўлган барча абитуриентларимизга омад тилаймиз. Фарзандининг ўқишга кириш қувончи ҳар бир оилани қамраб олишига тилакдошмиз”, дейди Имомхўжаев.

Маълумот учун, Суперлиганинг навбатдаги, 14-тури учрашувлари эртага, 6 август куни старт олади. Турни “Пахтакор” ҳамда “Насаф” ўртасидаги марказий учрашув бошлаб беради.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 60
Рейтинг: 3
t
×