Одамлар хавф остидалигини айтаётган БМТ, Андижондаги шармандаликлар, қаноти қайрилган “UzAuto Motors” – 14 февраль дайжести

Таҳлил

image
Бугун, 14 февраль куни Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай муҳим воқеликлар содир бўлди? 14 февраль тарих зарварақларида муҳр қолдира олдими? Ўтган куннинг муҳим воқеа-ҳодиса ва янгиликлар қисқача тафсилоти билан қуйида танишишингиз мумкин.

Жамият 

ИИО экспертларига пуллик хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилди

Жорий йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

•    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази тўғрисида низом;
•    Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича "йўл харитаси";
•    Ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмаларини 2022 йилда моддий-техника воситалари билан таъминлаш дастури.

Муроджон Азимов Муборак тумани ҳокимига ҳайфсан берди

Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов Муборак тумани ҳокимига ҳайфсан берди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот котиби хабар берди.

Бугун, 14 февраль куни вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтган йиғилишда Муборак тумани ҳокими Акром Ариповга фаолиятидаги камчиликлар, тадбиркорлар ва фуқаролар мурожаатларига эътиборсиз қарагани учун “ҳайфсан” берилган.

Шунингдек, мажлисда вилоят ҳокими Муроджон Азимов сектор раҳбарларини вилоят марказига чақириш камайтирилиши кераклигини таъкидлаган.

Андижондаги портлаш қурбони чет эл фуқароси бўлиб чиқди

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги хусусий клиникада юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлган шахс Қирғизистон фуқароси бўлган. Бу ҳақда қўшни давлат Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

ТИВ хабарига кўра, марҳум 1966 йилда туғилган Р.Н. бўлган. Қирғизистон Республикаси фуқаросининг жасади яқин қариндошлари томонидан Қирғизистонга етказилган.

Дипломлари синовларсиз тан олинадиган хорижий ОТМлар рўйхати тасдиқланди

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бугун, 14 февралдаги қўшма қарори билан дипломлари тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) тан олинадиган хорижий ОТМлар рўйхати тасдиқланди.

Рўйхат халқаро тан олинган Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities ташкилотлари томонидан эълон қилинган ОТМлар рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатига киритилган олий таълим муассасалари асосида тузилагн.

Сенатор Раҳмат Маматовнинг ваколати муддатидан олдин тугатилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Раҳмат Маматов муддатидан олдин сенаторлар қаторидан чиқарилди. Бу маълумотни Олий Мажлис Сенатининг Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ'га тасдиқлади. 

Айтиш жоизки, Раҳмат Маматов жорий йилнинг 12 февраль куни Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Бунга қадар у 2020 йил 18 февралдан бери Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимида фаолият юритган.

Ноқонуний қурилган “Askiya city” мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди

Пойтахт Тошкентнинг Яккасарой тумани Жамшид Шоший кўчасида ноқонуний қурилган сарой – “Askiya city” мажмуаси муассиси “INSOFT INVEST” МЧЖ мансабдорларига жиноят иши очилган. Ҳозирда иш Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбааси хабар берди.  

2021 йил 6 апрель куни Тошкент туманлараро Иқтисодий суди судьяси Дилбар Хайруллаева томонидан ҳал қилув қарори чиқарилган эди. Унга кўра “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан қурилган “Askiya city” турар жой мажмуаси ноқонуний қурилма сифатида эътироф этилиб, бино қурилиш компанияси ҳисобидан бузиб ташлаш белгиланган.

Ўқитувчиларнинг сазойи қилиниши ортидан кучлари туман “замҳокими”га етди

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўрашга мажбурлангани ортидан туман ҳокимининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухтор Қурбонов лавозимидан озод қилинди, туман ҳокими Бобур Йўлдошевга “ҳайфсан” интизомий жазоси тайинланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, бугун, 14 февраль куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳокимлик соати йиғилишида Марҳамат тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарини лавозимидан озод қилиб, туман ҳокимига “ҳайфсан” интизомий жазосини белгилаган.

Ўқитувчилар сазойи қилиниши ортидан яна икки раҳбар “учди”

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўрашга мажбурлангани ортидан мактаб директори ҳамда Марҳамат тумани Халқ таълими бўлими мудири вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Марҳаматдаги ҳолатни  ўрганиш ҳамда ўқитувчилар билан учрашиш мақсадида Андижон вилоятига борган.

Маълум қилинишича, 72-ИДУМ ўқитувчилари билан ўтказилган бевосита суҳбат натижаларига кўра, мактаб директори ҳамда Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудирини вазифасидан озод этиш бўйича хулосага келинган.

“UzAuto Motors” автомобиллари учун олдиндан тўлов 50 фоизгача камайтирилади

Жорий йилнинг 1 майига қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этилади ҳамда “UzAuto Motors” автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтирилади. Бугун, 14 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда шундай вазифа қўйди.

Йиғилишда Президент соҳага масъул “Ўзавтосаноат” АЖ раиси Шавкат Умурзоқовга ишлаб чиқаришни ошириш ва аҳолининг талабини тўлиқ қондириш бўйича тинимсиз ишлаши шартлиги кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, Мирзиёев жаҳонда микрочиплар ишлаб чиқариш ва халқаро логистика билан боғлиқ муаммолардан келиб чиқиб янги ёндашув ва ечимлар топиш зарур эканини таъкидлади.

Умуман, машинасозлик тармоғи саноатнинг “драйвер” соҳаларидан бири бўлиши кераклиги таъкидланди.

Бу борада, беш йиллик Тараққиёт стратегиясида автомобиль ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга, экспортини эса 2 баробарга ошириш белгилаб олинган.

Шу муносабат билан 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, "UzAuto Motors" автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистонда автомобиль импорти учун бож 2 баравар пасайтирилади

Вазирлар Маҳкамасига уч кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев автомобилсозлик саноатига бағишланган йиғилишда шундай топшириқ берди.

Йиғилишда ошиб бораётган ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда камида 160 мингта автомобиль ишлаб чиқариш лозимлиги таъкидланди.

Йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш учун зарур бутловчи қисмларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича назорат ўрнатиш топширилди.

“Шу билан бирга, аҳолимиз автомобиль бозорида таклифларни кескин ошириш бўйича амалий натижаларни ҳозир кутмоқда”, деган Президент Шавкат Мирзиёев. 

Олам

АҚШ Россия Украинага қачон “ҳужум қилишини” билмаслигини тан олди

Қўшма Штатлар Украинага “босқин”нинг аниқ санасини айта олмайди. АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан кеча, 13 февраль куни CNN телеканалига берган интервюсида Вашингтон ҳужум “исталган кун” бошланишини кутаётганини айтган.

“Биз аниқ санани башорат қила олмаймиз”, деган Салливан журналистнинг тегишли саволига жавобан. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар “босқин, Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари исталган вақтда бошланиши мумкин”, деб ҳисоблайди.

“Бу кучли сигнал бўлади”. Зеленский Байденни Киевга чақирди

Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Президенти Жо Байденни Киевга таклиф қилди. Бу ҳақда Украина давлат раҳбарининг сайтида хабар берилган.  

Зеленский кеча, 13 февраль куни Байден билан телефонда гаплашган. 

“Ишончим комилки, сизнинг яқин кунларда Киевга келишингиз кучли сигнал бўлади ва вазиятни юмшатишга ҳисса қўшади”, деган Зеленский. 

CNN Украинанинг юқори мартабали мулозимига таяниб хабар беришича, Зеленский Байдендан “имкон қадар тезроқ” мамлакатга келишни сўраган, бироқ у рози бўлмаган. АҚШ расмийларига кўра, Президентнинг Украинага сафари “эҳтимоли йўқ”.

Олигархлар осмони ёпилаётган Украинадан қочяпти

Украина ишбилармонлари ва олигархлари мамлакатни чартер рейслар билан тарк этмоқда. Кеча, 13 февраль куни Украина ҳудудидан 20 га яқин чартер ва шахсий самолётлар парвоз қилган. Бу ҳақда “Украинская правда” хабар берган. 

“Якшанба куни Украинани тарк этган чартер ва хусусий самолётлар орасида Ринат Ахметов ва Борис Колесников бор. Шунингдек, 50 кишилик шахсий рейсга депутат, миллионер Игорь Абрамович буюртма берган”, дейилган хабарда. 

Ушбу сиёсий ҳаракатдаги нашрнинг икки манбаси ва “кетиш таклиф қилинган” икки шахсга кўра, самолёт Абрамовичнинг партиядошлари ва бизнес шерикларининг қариндошларини Киевдан Венага олиб бориши керак бўлган. 

Одамлар ҳаёти, мулки ва тирикчилиги хавф остида – БМТ Бош котиби бутун дунё аҳолисини янги хатардан огоҳлантирди

Сайёра уч томонлама инқирозни бошидан кечирмоқда: иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва ифлосланиш. Бу ҳақда БМТ раҳбари Францияда ўтган “Ягона океан” саммити иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтди. У инсониятни денгиз экотизимларини ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди. 

“Океан экологик инқирознинг оғир юкини кўтармоқда – у “иссиқлик ва углероднинг улкан омборига” айланди. Натижада, океан исиб, кислоталилашмоқда, қутб музликлари эриб, глобал об-ҳаво шароитлари ўзгариб бормоқда. Бу океан экотизимларига ҳам, уларга боғлиқ бўлган одамларга ҳам таъсир қилади”, дея таъкидлади БМТ раҳбари.  

У океан сайёрадаги 3 миллиард одамнинг тирикчилик манбаи эканини эслатди

Украина урушга етаклаётган НАТОга аъзо бўлиш истагидан қайтадими?

Агар Украинанинг НАТОга аъзо бўлишга уриниши Россия билан урушнинг олдини олишга ёрдам берса, Киев альянсга қўшилиш борасидаги позициясини ўзгартириши мумкин. Бу ҳақда Украинанинг Лондондаги элчиси Вадим Пристайко BBC’га маълум қилди. 

“Биз қила олардик”, деган элчи мухбирнинг Киев НАТОга интилиш бўйича ўз позициясини ўзгартириши мумкинми, деган саволига жавобан. 

Дипломатнинг аниқлик киритишича, Киев Украинанинг ҳозирги вазиятидан чиқишнинг энг яхши йўлини топишга ҳаракат қилмоқда. 

Дунёнинг “Толибон” билан мулоқот қилишдан бошқа чораси йўқ – Имрон Хон 

Афғонистонда ҳозирда “Толибон” ҳаракатининг қудратига муқобил йўқ ва дунёнинг толиблар билан мулоқот қилишдан бошқа чораси ҳам йўқ. Бу ҳақда Покистон Бош вазири Имрон Хон CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. 

“Афғонистонда ҳозирда “Толибон” кучига муқобил йўқ ҳамда бутун дунё инклюзив ҳукумат яратиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун улар билан ҳамкорлик қилиши керак. Агар Афғонистонга қарши санкциялар жорий этилса, бу мамлакат тартибсизлик ва гуманитар инқирозга дуч келиши мумкин”, дейди Бош вазир. 

“Толибон” 10 минг кишилик қўшинни Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасига жойлаштирмоқда

Афғонистонни назорат қилувчи “Толибон” ҳаракати Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош вилоятларга замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан қуролланган 10 минг жангарисини жўнатмоқда. Бу ҳақда бугун, 14 февраль куни “Толибон” Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Қори Фасиҳуддин Фитрат маълум қилди, деб хабар тарқатган "Интерфакс".

“Мамлакатнинг шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларида жойлаштирилган НАТО ва АҚШ тизимининг энг замонавий технологиялари билан қуролланган 10 минг кишилик қудратли армия ҳар қандай қуролли ҳаракатга қарши чора кўради”, деган Фитрат Twitter’да.

Украина инқирози касрига Европада газ қимматлашяпти

Европада газ нархи бугун, 14 февраль куни савдолар очилишида Украина атрофида кучайиб бораётган таранглик фонида январь ойи охиридан бери биринчи марта 1000 куб метр учун 1000 доллардан ошди. Газ нархининг умумий ўсиши Лондон ICE биржасига кўра, тахминан 13,7 фоизни ташкил қилди.

Нидерландиядаги TTF марказида март фючерслари нархи 1000 куб метр учун 1031,8 долларгача кўтарилди ёки МВт/соат учун 88 евро.

Айни вақтга келиб газ нархи 1000 куб метр учун 980 долларгача пасайди.

Шарқий Европада вазият кескинлашгани фонида Россия газининг Украина орқали транзити ҳам пастлигича қолмоқда - ўтган ҳафтадан бошлаб газ етказиб бериш 97 миллион куб метрдан 51,8 миллион куб метргача камайди.

Спорт

Роналду ва Кавани керак эмасми? МЮ ёш ҳужумчи олмоқчи

“Манчестер Юнайтед”да ҳужум чизиғи билан боғлиқ жиддий муаммолар бор. Роналдунинг “қизил иблислар” сафига қайтиши бу муаммони баттар чигаллаштириб юборди. Маркус Решфорд ўтган мавсумлардаги формасини йўқотди. Бундан ташқари, манчестерликларнинг умиди сифатида қаралаётган Мейсон Гринвуд ҳам маъшуқасини калтаклагани учун қамалиб кетиши мумкин. “Боруссия Дортмунд”дан катта ишонч билан сотиб олинган, Жейдон Санчо ҳам ишончни оқламади.

“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Ральф Рангникка кўра, жамоа ёзда ёш ҳужумчи билан шартнома имзолаши керак. Сабаби клубдаги асосий ҳужумчиларнинг ёши аллақачон 30 дан ўтиб бўлган. Ёзда шартномаси тугайдиган, Эдинсон Кавани 37 га тўлади. Катта эҳтимол, унга янгиланган шартнома таклиф қилинмайди.

“Челси” ва “Барселона” голланд ҳимоячиси учун курашга кирди

"Ювентус" ҳимоячиси Маттейс де Лигт ёзги трансфер ойнасида клубини ўзгартириши мумкин.  22 ёшли нидерландиялик футболчига Лондоннинг "Челси"си ва Каталониянинг "Барселона" клублари даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда "Calciomercato" нашри хабар берди.

Манбага кўра, агар Де Лигт шартномани узайтиришга рози бўлмаса, "Ювентус" уни сотиш имкониятларини кўриб чиқади. Маттейс ва "кекса синьора" ўртасидаги амалдаги келишув 2024 йилгача мўлжалланган.

Фюри Усик билан жанг қилмоқчи эмас. Унинг нияти “британлар дуэли”

Оғир вазнда WBC йўналиши чемпиони Тайсон Фюри WBA, IBF, WBO ва IBO чемпионлик камарлари соҳиби Александр Усик билан ўтказилиши мумкин бўлган жанг ҳақида фикр билдирди.

“Омма ҳақиқатдан ҳам менинг инглиз тилини билмайдиган украиналик билан жанг қилишимни талаб қилмоқдами ёки британиялик гигантлар тўқнашувини исташмоқдами? Мен Жошуа билан жангимни мухлислар учун энг яхши вариант деб айтган бўлар эдим”, дейди Фюри.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг