“Бу кучли сигнал бўлади”. Зеленский Байденни Киевга чақирди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Президенти Жо Байденни Киевга таклиф қилди. Бу ҳақда Украина давлат раҳбарининг сайтида хабар берилган.  

Зеленский кеча, 13 февраль куни Байден билан телефонда гаплашган. 

“Ишончим комилки, сизнинг яқин кунларда Киевга келишингиз кучли сигнал бўлади ва вазиятни юмшатишга ҳисса қўшади”, деган Зеленский. 

CNN Украинанинг юқори мартабали мулозимига таяниб хабар беришича, Зеленский Байдендан “имкон қадар тезроқ” мамлакатга келишни сўраган, бироқ у рози бўлмаган. АҚШ расмийларига кўра, Президентнинг Украинага сафари “эҳтимоли йўқ”.

Телеканал суҳбатдошининг айтишича, Украина раҳбари Байденга қўнғироқ қилиб, “Россия таҳдидини камайтириш бўйича аниқ ғоялар”, жумладан, Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишни таклиф қилган. 

Украина Президенти Байденга мамлакат воқеаларнинг ҳар қандай ривожланишига тайёр эканини айтган ва Киев, Харьков, Львов, Днепр, Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарлари ишончли ҳимоя остида эканлигига ишонтирган. 

Давлат раҳбари Байденга Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган ва Киевга “самарали хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш муҳимлигини” қайд этган. 

“Биз уларни турли форматларда муҳокама қилишга тайёрмиз”, деган Зеленский ва хавфсиз Украинасиз хавфсиз Европа бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаган. 

Шунингдек, 12 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Байден билан телефон орқали гаплашган. Россия етакчиси Байденга Ғарб Минск келишувларини амалга ошириш учун Киевга керакли босим ўтказмаётганини таъкидлаган. 

Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган. 

Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Зеленский Байден

Баҳолаганлар

757

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг