Ноқонуний қурилган “Askiya city” мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди

Жамият

Пойтахт Тошкентнинг Яккасарой тумани Жамшид Шоший кўчасида ноқонуний қурилган сарой – “Askiya city” мажмуаси муассиси “INSOFT INVEST” МЧЖ мансабдорларига жиноят иши очилган. Ҳозирда иш Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбааси хабар берди.  

2021 йил 6 апрель куни Тошкент туманлараро Иқтисодий суди судьяси Дилбар Хайруллаева томонидан ҳал қилув қарори чиқарилган эди. Унга кўра “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан қурилган “Askiya city” турар жой мажмуаси ноқонуний қурилма сифатида эътироф этилиб, бино қурилиш компанияси ҳисобидан бузиб ташлаш белгиланган.

Орадан 10 ой ўтганига қарамай, қарор ижроси бажарилмагани боис Яккасарой туман прокуратураси томонидан “INSOFT INVEST” МЧЖ мансабдорлари М.З.Қурбанов хамда А.М.Очиловга нисбатан ўтган йилнинг 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 19211-моддаси, 1-қисми (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш), 229-модда 1- қисми (ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш) ва 168- модда (фирибгарлик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бугунга келиб тергов ҳаракатлари тугаб, мазкур жиноят ишлари бирлаштирилган ҳолда Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида, судья А.Жалилов раислигида кўриб чиқилмоқда. 

Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Жамшид Шоший кўчасида яшовчи фуқароларнинг мурожаати асосида Тошкент шаҳар Яккасарой туман прокуратураси, туман прокурори адлия маслаҳатчиси Н.А.Аллабергенова томонидан фуқароларга жавоб хати келган (30.09.2021).

Унда шундай дейилади:

“Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 09.04.2021 йилда ижро варақасига асосан қарздор “INSOFT INVEST” МЧЖнинг хатти-ҳаракатлани Қонунга хилоф деб топиш ҳамда Яккасарой туман Ж.Шоший 2-тор кўчаси, 1/2-уй ва 1/2-уй орқасида ўзбошимчалик билан қурилган қайта қуриш ишларини ўз ҳолатига келтириш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига 2021 йилнинг 12 май куни келиб тушган ва ижро иши юритишни ўрганиш тўғрисида Қарор қабул қилинган. 

Ижро харакатлари жараёнида қарздор “INSOFT INVEST” МЧЖ раҳбари М.З.Қурбанов ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор билан таништирилиб, ўтган йилнинг 11 июнь куни мажбуриятнома олинган. Ижро харакати бўйича белгиланган мажбурият ихтиёрий муддатда бажарилмаганлиги сабабли, қарздор “INSOFT INVEST” МЧЖ раҳбари М.З.Қурбановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1982-моддаси 2-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида маъмурий жарима қўлланилган. 

Шунингдек, ижро харакати давомида қарздор “INSOFT INVEST” МЧЖ раҳбари М.З.Қурбановга суд қарорига кўра, ўзбошимчалик билан қурилган қайта қуриш ишларини 2021 йилнинг 7 июль кунига қадар ўз ҳолатига келтириш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги Талабнома берилиб, белгиланган муддат ичида мажбурият бажарилмаган тақдирда жиноий жавобгарлик масаласи қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилишига қарамасдан бажармаган.
 
Шунга кўра, Яккасарой туман Ж.Шоший 2-тор кўчасида жойлашган қурилиш бино иншооти ўтган йилнинг 16 июль куни бино иншооти курилиш ишларини кўздан кечириш ва курилиш худудига кириш эшикларини муҳрлаш тўғирисидаги далолатномага асосан кириш эшиклари муҳрланган.

Бундан ташқари, ижро харакатлари давомида қарздор “INSOFT INVEST” МЧЖ директори лавозимига фуқаро А.М.Очилов тайинланганлиги аниқланиб, ижро ҳужжати юзасидан қарздор “INSOFT INVEST” МЧЖ директори А.М.Очиловга 2021 йилнинг 13 август куни расман огоҳлантириш хати ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1982-моддасига асосан қўлланилган жарима топширилган.

Шу билан бирга, Мажбурий ижро бюросининг Яккасарой туман бўлими томонидан берилган маълумотномага кўра, 2021 йилнинг 14 август куни қарздор “INSOFT INVEST” МЧЖ директори А.М.Очиловнинг ўз қўли билан ёзилган мажбуриятномасига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 232-моддасида қўрсатилган "Суд қарори ижросини бажармаслик ва суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилиш” бўйича жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилиши юзасидан қўшимча муддат берилиб, белгиланган муддат ичида бажарилмаган тақдирда Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармасининг суриштирув амалиёт бўлими шўъбаси орқали суриштирув ҳараракатлари олиб борилиши маълум қилинган. 

Яккасарой туман прокуратураси томонидан “INSOFT INVEST” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1921 -моддаси 1-қисми ва 229-моддаси аломатлари билан 262872/2021-132МР-сонли жиноят иши кўзғатилган”, дейилади жавоб хатида.

“Askiya city” иши

2021 йилинг 17 февраль куни QALAMPIR.UZ сайтида “INSOFT INVEST” МЧЖнинг инсофи борми? Аҳоли ноқонуний қурилишдан норози” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Жамшид Шоший кўчасида ҳеч қандай рухсатсиз, тасдиқланмаган лойиҳа асосида “Askiya City” номини олган кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилгани, ушбу қурилиш “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан амалга оширилгани ҳақида сўз борганди.

Ўтган йилнинг 25 февраль куни Тошкент туманлараро Иқтисодий судида судья Дилбар Хайруллаева раислигида ноқонуний қурилиш юзасидан иш кўрилиши бошланиб, 2021 йил 6 апрель куни суд томонидан ҳал қилув қарори эълон қилинди. Қарорда “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан қурилган “Askiya City” турар жой мажмуасини компания ҳисобидан бузиб ташлаш белгиланган.

Орадан 7 ой ўтса ҳамки, суд қарорининг ижроси таъминланмаяпти, ноқонуний қурилган мажмуада хонадон савдолари ҳамон давом этяпти. Шу сабабдан фуқаролар суд қарорининг ижроси пайсалга солинаётганини айтиб, QALAMPIR.UZ’га қайтадан мурожаат қилишган эди.

QALAMPIR.UZ ҳолат юзасидан Адлия вазири Русланбек Давлетов фикри билан қизиқди. Вазир суд томонидан ноқонуний қурилиш бўлгани аниқланган бўлса,  бу биноларнинг бузилиши тарафдори экани, ноқонуний қурилган бинога жуда катта пул миллиард, триллион кеган бўлса ҳам адолат таъминланиши кераклигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Askiya City ноқонуний қурилган

Баҳолаганлар

260

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг