Ўқитувчилар сазойи қилиниши ортидан яна икки раҳбар “учди”

Жамият

image

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўрашга мажбурлангани ортидан мактаб директори ҳамда Марҳамат тумани Халқ таълими бўлими мудири вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Марҳаматдаги ҳолатни  ўрганиш ҳамда ўқитувчилар билан учрашиш мақсадида Андижон вилоятига борган.

Маълум қилинишича, 72-ИДУМ ўқитувчилари билан ўтказилган бевосита суҳбат натижаларига кўра, мактаб директори ҳамда Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудирини вазифасидан озод этиш бўйича хулосага келинган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Марҳамат  туман ҳокимининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухтор Қурбоновни лавозимидан озод қилинди, туман ҳокими Бобур Йўлдошевга “ҳайфсан” интизомий жазоси тайинланганди. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 8 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида бош эгиб, кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабар берган эдик.

9 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳолатга муносабат билдириб, ўқитувчилардан узр сўради.

Қолаверса, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов Марҳамат туманида ўқитувчиларни ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўратиш туман ҳокими Бобуржон Йўлдошевнинг ташаббуси бўлганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказишга топшириқ берилган. Шу сабабдан ХТБ бошлиғи туман ҳокимининг мазкур ҳолат бўйича шахсан ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қилган.

Шунингдек, ушбу иш ўрганиш натижалари қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

212

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг