Одамлар ҳаёти, мулки ва тирикчилиги хавф остида – БМТ Бош котиби бутун дунё аҳолисини янги хатардан огоҳлантирди
Олам
−
14 Февраль 2022
17754Сайёра уч томонлама инқирозни бошидан кечирмоқда: иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва ифлосланиш. Бу ҳақда БМТ раҳбари Францияда ўтган “Ягона океан” саммити иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтди. У инсониятни денгиз экотизимларини ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.
“Океан экологик инқирознинг оғир юкини кўтармоқда – у “иссиқлик ва углероднинг улкан омборига” айланди. Натижада, океан исиб, кислоталилашмоқда, қутб музликлари эриб, глобал об-ҳаво шароитлари ўзгариб бормоқда. Бу океан экотизимларига ҳам, уларга боғлиқ бўлган одамларга ҳам таъсир қилади”, дея таъкидлади БМТ раҳбари.
У океан сайёрадаги 3 миллиард одамнинг тирикчилик манбаи эканини эслатди.
Шу билан бирга, денгиз турларининг сони камайиб бормоқда, маржон рифлари нобуд бўлмоқда, денгизлар пластик қолдиқлардан "бўғиляпти" ва ортиқча балиқ овлаш балиқ ресурсларини камайтирмоқда.
"Биз йўналишни ўзгартиришимиз керак", дейди Гутерриш.
UNESCO: 2030 йилга келиб денгиз тубининг 80% харитага тушади
Океанга онгли муносабатда бўлишнинг ҳуқуқий асоси бундан қирқ йил аввал, БМТнинг денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси имзоланган пайтда қўйилган эди. БМТ раҳбари июнь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти океанлар бўйича иккинчи конференция ўтказаётганини маълум қилди – у Лиссабонда бўлиб ўтади. Гутерриш умид қилганидек, ушбу форум Барқарор ривожланиш мақсадлари ва иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувини амалга ошириш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни кучайтиради.
"Барқарор яшил иқтисодиёт океанни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда иқтисодий тараққиёт ва иш ўринларини яратишга ёрдам беради", дейди БМТ Бош котиби.
У бир қанча мамлакатларда денгиз экотизимларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни олқишлади ва 2030 йилгача дунё океанининг 30 фоизини ҳимоя қилишга чақирди. Шу мақсадда, БМТ раҳбарининг фикрича, океан сувларининг ифлосланишининг олдини оладиган ҳамкорликнинг янги самарали усулларини излаш зарур.
Шу нуқтаи назардан, Антониу Гутерриш қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишни тезлаштириш ва қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни камайтиришга чақирди. Унинг эслатишича, жаҳон савдо юкларининг 90 фоиздан ортиғи денгиз орқали ташилади, денгиз транспорти эса умумий иссиқхона газлари чиқиндиларининг уч фоизини ташкил қилади.
“Ҳароратнинг цельсий бўйича 1,5 даража кўтарилишини ушлаб туриш учун юк ташиш сектори 2030 йилга бориб эмиссияларни 45 фоизга камайтириши ва 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришиши керак”, дея огоҳлантирди БМТ раҳбари.
У, шунингдек, қирғоқ бўйидаги жамоаларни иқлим ўзгаришига мослаштиришда "ютуқ" қилиш зарурлигини эслатди: одамлар ҳаёти, мулки ва тирикчилик воситалари энди хавф остида, дея огоҳлантирди Гутерриш. Хулоса ўрнида, БМТ раҳбари илмий билимлар соҳасидаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириш ва Океан фанлари ўн йиллиги доирасида белгиланган мақсадларга эришишга чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь