Украина инқирози касрига Европада газ қимматлашяпти

Олам

image

Европада газ нархи бугун, 14 февраль куни савдолар очилишида Украина атрофида кучайиб бораётган таранглик фонида январь ойи охиридан бери биринчи марта 1000 куб метр учун 1000 доллардан ошди. Газ нархининг умумий ўсиши Лондон ICE биржасига кўра, тахминан 13,7 фоизни ташкил қилди.

Нидерландиядаги TTF марказида март фючерслари нархи 1000 куб метр учун 1031,8 долларгача кўтарилди ёки МВт/соат учун 88 евро.

Айни вақтга келиб газ нархи 1000 куб метр учун 980 долларгача пасайди.

Шарқий Европада вазият кескинлашгани фонида Россия газининг Украина орқали транзити ҳам пастлигича қолмоқда - ўтган ҳафтадан бошлаб газ етказиб бериш 97 миллион куб метрдан 51,8 миллион куб метргача камайди. 

Газпром газини Ямал-Европа қувури орқали Германияга тўғридан-тўғри етказиб бериш ҳали ҳам тўхтаб турибди. Россия холдинги 2021 йил 21 декабрда европалик истеъмолчиларнинг аризалари йўқлиги сабабли Ямал-Европа газ қувури орқали олдинга йўналишда Европага газ етказишни тўхтатган.

Маълумот учун, Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.

Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Украина

Баҳолаганлар

232

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг