Олешкидан аҳолини эвакуация қилиш бошланди
Олам
−
19:15 823 2 дақиқа
Бугун, 30 октябрь куни Украинанинг Олешки шаҳридан кетишни истаган аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланди. Шаҳарни тарк этмоқчи бўлган фуқаролар автобусларга жойлаштирилмоқда. Бу ҳақда Россиядаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Яна Лантратова маълум қилди.
Унинг айтишича, аҳоли орасида Россия ҳудудига кетишни истаганлар ҳам, Украина ҳудудига боришни хоҳлаётганлар ҳам бор. Барча фуқароларга ўзлари истаган йўналишда кетиш имконияти яратилади.
“Биз ҳозир Олешки шаҳридамиз. Бу ерда Россия ҳудудига кетишни истаган одамлар ҳам, Украина ҳудудига боришни хоҳлаётган фуқаролар ҳам йиғилмоқда. Барча учун бундай имконият яратилади. Шу сабабли одамлар аста-секин автобусларга жойлаштирилмоқда”, дейди Oмбудсман.
Маълум қилинишича, Лантратова бугун, 30 октябрь куни эрталаб гуманитар миссияга старт берган. Куннинг иккинчи ярмида маҳаллий аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена воситалари, генераторлар учун ёқилғи ва бошқа зарур буюмлар тарқатила бошланган.
“Биз одамларнинг ўзлари сўраган нарсаларни йиғдик. Бу, айниқса, шаҳарда қолишга қарор қилганлар учун муҳим. Бу уларнинг уйи. Улар яқинларига ғамхўрлик қилиши керак”, дейди Лантратова.
У аввалроқ Россия ва Украина томонлари ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ бажараётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ўт очишни тўхтатиш тартиби сақланиб қолмоқда ва ҳеч қандай ҳодиса қайд этилмаган.
Гуманитар операцияни ёритиш учун шаҳарга турли мамлакатлардан 50 нафардан ортиқ журналист ташриф буюрган.
Маълумот учун, Олешки шаҳри Днепр дарёсининг чап қирғоғида, Украина Қуролли кучлари назоратидаги Херсон шаҳри рўпарасида жойлашган. Украина томонидан амалга оширилаётган ўққа тутишлар сабабли ҳудудда вазият мураккаблашган.
Гуманитар миссияни ўтказиш учун аҳоли пункти атрофида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш тартиби жорий этилган. У жорий йилнинг 1 ноябрь куни соат 22:59 га қадар давом этади.
Операцияни ташкил этишда мувофиқлаштирувчи роль АҚШнинг биринчи хоними Мелания Трампга тегишли.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Украина келишувга асосан Херсон вилоятининг Россия қўшинлари назоратидаги Олешки шаҳрида ўт очиш тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Жасмина Муртазоева
Live
Барчаси