Украина дронлари Бошқирдистондаги энг йирик нефть заводига ҳужум қилди

Олам

−

image

Украина дронлари Россиянинг Бошқирдистон Республикаси пойтахти Уфа шаҳридаги нефни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.

Қайд этилишича, маҳаллий аҳоли бугун, 31 октябрга ўтар кечаси тунда портлаш овозларини эшитгани, шаҳар осмонида эса тутун устунлари пайдо бўлганини билдирган. Россиянинг “Astra” нашри гувоҳлар олган суратларни ўрганиб, ёнғин “Башнефть-Новоил” заводида чиққанини тахмин қилган. Украинанинг мониторинг канали эса маҳаллий аҳолига таяниб, ҳужумда иккита нефтни қайта ишлаш заводи нишонга олинган бўлиши мумкинлигини ёзган.

Маълумот учун, Уфадаги “Башнефть-Новоил”, “Башнефть-УНПЗ” ва “Башнефть-Уфанефтехим” корхоналари Уфа нефтни қайта ишлаш мажмуасини ташкил этади. У Россиядаги энг йирик мажмуалардан бири бўлиб, “Роснефть“ компанияси таркибига киради. Ушбу заводлар аввал ҳам Украина дронлари ҳужумига учраган.

Маҳаллий ҳокимият ҳужум ва унинг оқибатлари ҳақида ҳозирча маълумот бермаган. Тунда дронлар ҳужуми хавфи сабабли Бошқирдистонда ҳаво тревогаси эълон қилинган.

Россия Мудофаа вазирлиги бугун, 31 октябрга ўтар кечаси мамлакат ҳудудлари, жумладан, Бошқирдистон осмонида Украинанинг 433 та дрони уриб туширилгани ва тутиб қолинганини маълум қилган.

Маълумот учун, кеча, 30 октябрь куни Украина икки ҳафталик танаффусдан сўнг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни қайта бошлаган. Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак ҳужумлар оқибатида учта нефтни қайта ишлаш заводи ва битта газ-кимё мажмуаси зарарланганини билдирган. Бироқ у қайси корхоналар ҳужумга учраганига аниқлик киритмаган. Мониторинг каналлари Самара вилоятидаги Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводига ҳам ҳужум қилинганини хабар қилган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳарбийлари бугун, 31 октябрга ўтар кечаси дронлар ёрдамида Киевдаги 6-иссиқлик электр марказига (ИЭМ-6) зарба бергани ҳақида хабар берилган эди. Россия Мудофаа вазирлиги мазкур объект ҳарбий логистика иншоотлари ҳамда қурол-яроғ ва ҳарбий техника сақланадиган жойларни электр энергияси билан таъминлаганини билдирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг