QALAMPIR.UZ дайжести: Қасамёди яқинлашган Мирзиёев, қум билан қопланган Тошкент, Telegram'ни чеклаш ортидан “учган” амалдорлар
Жамият
−
04 Ноябрь 2021
5660Жамият
Фарғонадаги маҳаллалардан бири хавфли ҳудуд деб эълон қилинди
Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги “Азимобод” маҳалла фуқаролар йиғини хавфли ҳудуд деб эълон қилинди. Туман ҳокими Х. Ниёзовнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Бунга Фарғона вилояти ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг Олтиариқ туманидаги “Азимобод” МФЙ ҳудудида бир бош сигирда “қутуриш” касаллигининг қўзғатувчи баббеш–негри таначалари аниқлангани сабаб бўлди.
Озарбайжонга боришни режалаштирган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди
Озарбайжонга боришни режалаштирган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга кириш учун қўйилган талаблардан огоҳ бўлиши керак.
Таъкидланишича, Озарбайжон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тезкор штаб қарори билан ушбу давлатдаги махсус карантин режими 2022 йил 1 январга қадар узайтирилди.
Ўзбекистонда тотализатор ва букмекерликни реклама қилган 10 дан ортиқ сайт блокланди
Ўзбекистонда тотализатор ва букмекерлик фаолиятини реклама қилаётган 10 дан ортиқ сайтга кириш чекланди. Бу ҳақда АОКАда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги матбуот котиби Моҳрухсор Тоғаева маълум қилди.
Маълум бўлишича, агентлик томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 19 мингдан зиёд ўрганишлар ўтказилган бўлиб, шундан 10 минг ҳолатда турли камчиликлар аниқланган ва уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган. Хусусан, ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, 168 ҳолатда тотализатор ва букмекерлик фаолияти реклама қилинганлиги аниқланган ва уларнинг барчаси бартараф этилган.
Ўзбекистондаги энг яхши ва ёмон ОТМлар рейтинги эълон қилинди
Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти бўйича рейтингда Тошкент молия институти, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Самарқанд давлат университети етакчи ўринларни эгаллади.
Таъкидланишича, ОТМларнинг илмий салоҳияти бўйича Қорақалпоғистон тиббиёт институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Фарғона политехника институти, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти сўнгги ўринлардан жой олган.
Ойбек Турсунов “Kapitalbank”нинг 50 фоиз акциясини қўлга киритди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёви, тадбиркор Ойбек Турсунов “Kapitalbank” акциядорлик тижорат банкининг 34,10 фоиз акциясини сотиб олди. Натижада унинг ушбу банкдаги улуши 50 фоизга етди.
Жорий йилнинг 29 октябрь куни тузилган битимга кўра, Турсунов эгалик қиладиган акциялар сони 112 490 703 донани ташкил қилган. Бу умумий акцияларнинг 34,1 фоизи дегани. Аввал сотиб олинганларини ҳам қўшганда Турсунов қўлида 164 927 890 дона акция жамланди.
Facebook, Telegram ва Instagram блокланиши ортидан АКТ вазири ва Бош вазир маслаҳатчиси ишдан олинди
Интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ воқеа ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
“Кўрилаётган чораларнинг кескинлиги шуни кўрсатмоқдаки, Президент тартиб ва интизомни бузган, масъулиятсизлик қилган ва ўзбошимчалик билан ҳаракат қилган ҳар қандай амалдорни лавозимида ортиқча ушлаб ўтирмайди”, дейилади хабарда.
Иккинчи бор сайланган Мирзиёев қачон қасамёд қилиши маълум бўлди
Иккинчи марта Ўзбекистон Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 6 ноябрь куни ўз лавозимига киришади.
“24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловида 80,12 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонган Шавкат Мирзиёевнинг инаугурацияси шанба куни (6 ноябрь куни) бўлиб ўтади. Маросимда парламентнинг юқори ва қуйи палаталари аъзолари ҳамда республика ҳукумати аъзолари, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари иштирок этиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Ўзбекистондаги қайси ОТМда хорижлик профессорлар кўп?
Ўзбекистонга хорижий профессор-ўқитувчилар ва талабалар келиб фаолият олиб бораётган давлатлар сони икки баробарга ошиб, бугунги кунда 62 тани ташкил этмоқда.
Маълумотларга кўра, энг кўп хорижлик профессор-ўқитувчилар Туркия, Беларусь, Жанубий Корея, Россия давлатларидан ташриф буюрган. Энг кўп талабалар Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Покистон, Афғонистондан келган.
Таъкидланишича, ҳозиргача энг кўп хорижий профессор-ўқитувчилар Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетларида фаолият олиб борган.
Дастлаб Гулистонда, сўнгра Тошкентда қум бўрони кўтарилди
Бугун, 4 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг маъмурий маркази Гулистон шаҳрида ва вилоятнинг бошқа туманларида қум бўрони кўтарилгани акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Орадан бироз вақт ўтгач қум бўрони мамлакат пойтахти Тошкентга ҳам етиб келгани акс этган видеолавҳалар пайдо бўлди.
Сирдарё вилояти Ички ишлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вилоятдаги ноқулай об-ҳаво шароити сабабли бемақсад кўчага чиқмасликни сўради.
Олам
Исроил Сурия армиясига ракета ҳужуми уюштирди
Исроил Ҳарбий-ҳаво кучларининг икки қирувчиси Дамашқ вилоятидаги Сурия армияси нишонларига ракета ҳужуми уюштирди. Сурия ҳарбийлари орасида ҳеч қандай йўқотишлар йўқ.
“3 ноябрь тахминан соат 02:00 да Исроил Ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита тактик F-16 қирувчиси Жўлон тепалиги ҳудудидан Сурия ҳаво ҳудудига кирмасдан, Дамашқ вилоятининг Ал-Кисва аҳоли пункти ҳудудида Сурия ҳукумати кучларининг объектларига ракета зарбаси берди”, деган Кулить брифингда.
Қайси давлатлар пандемиядан биринчи қутулиши башорат қилинди
АҚШ, Буюк Британия, Португалия ва Ҳиндистон келаси йилда пандемиядан чиқиши мумкин.
Олимларнинг фикрига кўра, қайд этилган мамлакатлар коронавирусга қарши эмланиш ва касалликка чалинганларда ҳосил бўлган табиий иммунитетнинг ўзига хос комбинациясига эга бўлади. Бу давлатларда COVID яна бир мавсумий касалликка айланиши мумкин.
“Бугундан 2022 йил охиригача, биз ушбу вирус устидан назоратни қўлга киритишга, касалликнинг оғир шаклига чалиниш камайишига ва ўлим сезиларли даражада қисқаришига эришишга ишонамиз”, деган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош эпидемиологи Мария Ван Керкхов.
Қирғизистон “Толибон” ҳукуматини тан оладими?
ирғизистон ҳукумати ҳозирги босқичда Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматини тан олмоқчи эмас. Бу ҳақда Бишкекдаги Афғонистон муаммоларига бағишланган халқаро конференцияда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Таалатбек Масодиқов маълум қилди.
“Бугунгача биз томонимиздан “Толибон”ни тан олиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ”, деган у.
Беқарор вазият: Тўқаев қозоғистонликларни қайта эмлашга топшириқ берди
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматга аҳолини коронавирусга қарши қайта эмлаш кампаниясини бошлашни топширди.
“Аксарият давлатлар аҳолини ревакцинация қилишни бошлади. Март ойида фаол кампания бошлаганимизни инобатга олсак, қайта эмлаш муддати бизда ҳам яқинлашиб қолди. Ҳукумат ва вилоятлар раҳбарлари аҳолини қайта эмлаш кампаниясини бошлаши керак”, дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган унинг матбуот хизмати.
АҚШ Ўзбекистонни коронавирус тарқалиш даражаси номаълум давлатлар қаторига киритди
Американинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази саёҳат қилиш бўйича давлатларни коронавирусга чалиниш хавфи энг юқори, юқори, ўртача, паст ва номаълум бўлган гуруҳларга бўлди. Ўзбекистон номаълум рўйхатдан жой олди.
Рейтингда қайд этилишича, Ўзбекистондаги ҳозирги аҳвол номаълум, ҳатто тўлиқ эмланган саёҳатчиларнинг коронавирус билан касалланиш эҳтимоли бор.
Рейтингга кўра, мамлакатга келишни режалаштирганларга аввало тўлиқ эмланиш тавсия этилган.
Хитой “ядро триадаси”ни қурмоқда – Пентагон
Хитой 2027 йилга бориб 700 та, 2030 йилгача эса 1000 та ядровий каллакка эга бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, Хитой стратегик авиация, қитъаларо баллистик ракеталар ва ядровий сувости ракета ташувчиларни ўз ичига олган “ядро триадаси”ни қурмоқда. Мудофаа вазирлигига кўра, Хитой душманларига ядровий қурол билан зарба бермоқчи эмас, балки ҳужумлардан ҳимояланмоқчи.
Кейинги пандемияга тайёргарлик: ЖССТ дунё мамлакатларини келишувга чақирмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мамлакатларни соғлиқни сақлаш хавфсизлиги бўйича халқаро шартнома имзолаш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.Бу масала жорий йилнинг ноябрь ойида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида муҳокама қилинади. Бу ҳақда ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус “COVID-19 дан кейинги дунё” саккизинчи Глобал Баку форумида сўзлаган нутқида маълум қилди.
У дунё ҳозирги пандемиядан сабоқ олиб, кейинги пандемияга тайёргарлик кўриши кераклигини таъкидлаган.
Спорт
“Ливерпуль” мағлубиятсиз ўйинлар сони бўйича рекорд ўрнатди
Кеча, 3 октябрь куни “Ливерпуль” UEFA Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 4-турида “Атлетико”ни мағлуб этди (2:0).
Ушбу ғалаба эвазига мерсисайдликлар барча турнирлардаги мағлубиятсиз сериясини 25 та ўйинга етказди (18 ғалаба, 7 дуранг) ва клуб рекордини янгилади. Бунга қадар “қизиллар” 1982 йилнинг март ойидан сентябрга қадар 25 та ўйинда мағлуб бўлмаган эди (20 ғалаба, 5 дуранг)
UFC’ни бир оёғим билан забт этдим – Конор
Икки вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони Конор Макгрегор Дастин Порье билан жанг тўхтатилган пайтда ғалаба қозонганини айтди. Спортчи бу ҳақда ўз Twitter саҳифасида ёзиб қолдирган.
“Оёғим унга зарба берганимдаёқ синган эди, шунинг учун мен уни бошқаришга ҳаракат қилдим. Бу жанг юз фоиз менинг сценарийим бўйича ўтди. 2013 йилда оёғимнинг хочсимон суяклари операция қилинганидан сўнг, мен бир оёғим билан UFC’да чемпионлик унвонларини қўлга киритдим ва уни забт этдим. Шунинг учун оёғим синган бўлса ҳам жангда маневр қила олардим. Ҳаётда сиз билан нима содир бўлаётгани эмас, балки у билан қандай муносабатда бўлишингиз муҳимдир”, дея ёзган.
Белград-2021: ўзбекистонлик икки боксчи ЖЧ финали учун жанг қилади
Бугун 4 ноябрь куни Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг ярим финал беллашувларига старт берилади.
Ушбу босқичга икки нафар ўзбекистонлик боксчи етиб келди. 60 кг вазн тоифасида Абдумалик Халаков эронлик Даниял Шоҳбаҳш билан “ҳисоб-китоб” қилади. Беллашув Тошкент вақти билан 17:55 дан сўнг бошланади. 21 ёшли бухоролик боксчи аввалги босқичда россиялик Всеволод Шумковга қарши рингга кўтарилган ва ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олган эди.
LiveБарчаси