Кейинги пандемияга тайёргарлик: ЖССТ дунё мамлакатларини келишувга чақирмоқда
Олам
−
04 Ноябрь 2021
5404Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мамлакатларни соғлиқни сақлаш хавфсизлиги бўйича халқаро шартнома имзолаш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.Бу масала жорий йилнинг ноябрь ойида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида муҳокама қилинади. Бу ҳақда ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус “COVID-19 дан кейинги дунё” саккизинчи Глобал Баку форумида сўзлаган нутқида маълум қилди.
У дунё ҳозирги пандемиядан сабоқ олиб, кейинги пандемияга тайёргарлик кўриши кераклигини таъкидлаган.
“Шу муносабат билан биз глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлигини таъминлаш учун асос бўладиган юридик кучга эга бўлган шартнома ёки халқаро шартномани ишлаб чиқиш вақти келганига аминмиз. Биз шу ой охирида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг махсус сессияси давомида муҳокама қилинадиган бундай келишувни ишлаб чиқишда барча мамлакатларнинг қўллаб-қувватлашига ишонамиз”, деган ЖССТ раҳбари.
Бундан ташқари, Аданом Гебрейесус COVID-19 дан кейин дунёни қуриш бўйича бир қатор “муҳим соҳаларни” айтган. Унинг сўзларига кўра, глобал соғлиқни сақлаш катта молиявий сармояларни талаб қилади.
“Маҳаллий инвестициялар, жумладан, бирламчи тиббий ёрдамга сармояларни сезиларли даражада ошириш керак”, деган у.
Унинг сўзларига кўра, умумий таҳдидларга, жумладан, ҳозирги пандемияга қарши фақат биргаликда, халқаро кўп томонлама ҳамкорлик ёрдамида курашиш мумкин.
Маълумот ўрнида, Глобал Баку форуми 2013 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Бундай халқаро муҳокама майдончасини яратиш ташаббускорларидан бири 56 мамлакатдан 80 дан ортиқ собиқ Президент ва собиқ Бош вазирларни бирлаштирган Мадрид клуби бўлган.
Биринчи форум Жанубий Кавказ мақомига эга бўлган, бироқ кейинчалик уни глобал деб аташга қарор қилинган. Саккизинчи форум 2020 йилнинг баҳорида бўлиб ўтиши керак бўлган, бироқ коронавирус пандемияси туфайли қолдирилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15