ЖССТ маймунчечакка қарши иккинчи вакцинани тасдиқлади
Олам
−
25 Ноябрь
628Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймунчечак (Mpox) вирусига қарши яратилган иккинчи вакцинани тасдиқлади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Япониянинг “KM Biologics” компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу эмлаш воситаси “LC16m8” деб номланади.
Шу йил сентябрь ойида фойдаланиш учун рухсат этилган Даниянинг “Bavarian Nordic A/S” компаниясига тегишли “MVA-BN” номли илк эмлаш препарати 18 ёшдан ошганларда қўллашга мўлжалланган эди. Японияда ишлаб чиқарилган янги вакцинани эса нафақат катталар, балки бир ёшдан ошган болалар ҳам фавқулодда ҳолатларда қабул қилиши мумкин.
ЖССТ баёнотида айтилишича, Япония ҳукумати маймунчечак эпидемияси авж олган Конго Демократик Республикасига ушбу вакцинадан 3 миллион дозасини беғараз ёрдам сифатида етказиб беришга қарор қилган.
Маълумот учун, сентябрь ойида дунё бўйича Mpox инфекциясига чалиниш ҳолатлари рекорд даражага етиб, 2763 та янги касалланиш ҳолати рўйхатга олинган эди. Аниқланган беморларнинг асосий қисми Африка минтақаси аҳолиси ҳиссасига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конгога илк бор маймунчечакка қарши вакцина етказилганди.
LiveБарчаси