Конгога илк бор маймунчечакка қарши вакцина етказилди
Олам
−
05 Сентябрь
1990Конго Демократик Республикаси бугун, 5 сентябрь куни М-pox вакциналарининг биринчи партиясини қабул қилди. Соғлиқни сақлаш идоралари ушбу вакциналар фавқулодда ҳолат эълонига сабаб бўлган эпидемияни олдини олишга ёрдам беради, деб умид қилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Конго дунё бўйлаб тарқалаётган эпидемиянинг маркази ҳисобланади. Африкада вакциналарнинг етишмаслиги баъзан ўлимга олиб келадиган касалликларнинг тарқалишини тўхтатишга тўсқинлик қилади.
“Bavaria Nordic компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Европа Иттифоқи томонидан совға қилинган дозаларни олиб кетаётган самолёт маҳаллий вақт билан 13:00 атрофида пойтахт Киншасага қўнди”, дейилади хабарда.
Европа Иттифоқининг соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва жавоб бериш бошқармаси бошлиғи Лоран Машюэлга кўра, вакциналарнинг илк партияси 99,000 дозани ташкил этади ва 7 сентябрь куни бу кўрсаткич жами 200,000 га етказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Евросиё иқтисодий иттифоқи давлатлари, шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистонга Россиядан маймунчечакни аниқловчи тест тизимларини етказиб берилиши хабар қилинган эди.