Эбола “қутурмоқда”: касалланганлар 12 мингдан ошди
Олам
−
249 3 дақиқа
Конго Демократик Республикасининг шарқий ҳудудларида Эбола эпидемияси билан касалланганлар сони 12 минг нафардан ошди. Мамлакатдаги қуролли тўқнашувлар эса касаллик тарқалишига қарши курашни қийинлаштирмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Конго Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозиргача 12 021 нафар кишида Эбола вируси тасдиқланган, улардан 5 904 нафари вафот этган. Шу тариқа, касалликни юқтирганларнинг қарийб ярми ҳаётдан кўз юмган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг май ойида бошланган эпидемия Бундибугио деб аталувчи Эбола вируси тури сабабли юзага келган. Ушбу вирусга қарши ҳозирча тасдиқланган вакцина ёки даволаш усули мавжуд эмас.
Касаллик билан боғлиқ вазиятни назорат қилишга қуролли можаролар, ёмон йўллар, аҳолининг ишончсизлиги ва нотўғри маълумотлар тарқалиши ҳам тўсқинлик қилмоқда.
Эбола касал ёки ушбу касалликдан вафот этган инсонларнинг қони ва бошқа тана суюқликлари билан бевосита алоқа қилиш орқали юқади. Унинг тарқалишини чеклаш учун беморларни тезда аниқлаш ва изоляция шароитида даволаш, вирусни юқтирган бўлиши мумкин бўлган шахсларни кузатиш ҳамда марҳумларни хавфсиз дафн этиш талаб этилади.
Маълум қилинишича, кеча, 26 ноябрь куни Конго шарқидаги Буния шаҳридан 25 километр шимолда жойлашган Ига-Барьер кончилик шаҳарчасида армия ва исёнчилар ўртасида яна жанглар бошланган. Тўқнашувлар сабабли ҳудуддан Буния шаҳрига кўчиб келаётган аҳоли оқими ортган. Мазкур шаҳар Итури провинциясининг маъмурий маркази ҳамда Эбола эпидемиясига қарши курашнинг асосий марказларидан бири ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Эбола эпидемияси бўйича масъулларидан бири Кетрин Смоллвуднинг айтишича, армия ва исёнчилар ўртасидаги жанглар тиббий гуруҳларнинг айрим ҳудудларга етиб боришига тўсқинлик қилган. Натижада вирусни юқтирган бўлиши мумкин бўлган одамларни кузатиш ишлари тўхтаб қолган, айрим даволаш марказларида эса ходимлар сони камайган.
Шунингдек, жорий йилнинг 24 ноябрь куни вилоят марказининг шимоли-шарқида жойлашган Акве шаҳридаги шифохонада уч кун давомида отишмалар сабабли қамалиб қолган қарийб 10 киши, жумладан, ЖССТнинг икки ходими ва Конго соғлиқни сақлаш идоралари вакиллари Буния шаҳрига эвакуация қилинган.
Маълумотларга кўра, бу Конго Демократик Республикасида қайд этилган 17-Эбола эпидемияси ҳисобланади. Ҳозирги эпидемия мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли эпидемияга айланиши мумкин. Унинг қурбонлари сони 2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада 11 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган Эбола эпидемияси кўрсаткичидан ошиб кетиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемиясидан олти ой ичида 11 мингдан ортиқ одам вирусни юқтириб, 5,5 мингдан зиёди вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси