Европада бактерияларни антибиотиклар билан даволаш тобора қийинлашмоқда – ЖССТ
Саломатлик
−
20:17 135 2 дақиқа
Европа минтақасидаги қарийб ҳар икки мамлакатдан бирида шифохоналарда учрайдиган бактерияларни одатий антибиотиклар билан даволаш тобора қийинлашмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабар берди.
ЖССТ ва Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) ўтказган таҳлилга кўра, 2025 йилда маълумот тақдим этган 43 мамлакатнинг 21 тасида клебсиелла пневмония бактериясининг камида ярми кенг қўлланадиган антибиотиклардан бири – учинчи авлод цефалоспоринларига чидамли бўлган. Бу бактерия оғир қон инфекцияларини келтириб чиқариши мумкин.
Бундай антибиотиклар таъсир қилмай қолганда, шифокорлар кучлироқ дори воситалари – карбапенемларни қўллашга ўтади. Аммо бу антибиотиклар ҳам айрим жойларда самара бермаяпти. Масалан, 10 та мамлакатда клебсиелла пневмония бактериясининг камида ярми карбапенемларга ҳам чидамли экани аниқланган.
Шунга ўхшаш ҳолат ацинетобактер бактериясида ҳам кузатилган. У шифохоналарда тарқалиши мумкин бўлиб, маълумот тақдим этган 38 мамлакатнинг 21 тасида ушбу бактерия намуналарининг камида ярми асосий антибиотикларга чидамли бўлган.
Таҳлилда антибиотикларга чидамлилик билан боғлиқ инфекциялар сони ҳам ортиб бораётгани қайд этилган. Хусусан, 2019–2025 йилларда карбапенемларга чидамли клебсиелла пневмония сабабли келиб чиққан қон инфекциялари 72 фоизга, учинчи авлод цефалоспоринларига чидамли ичак таёқчаси (E. coli) билан боғлиқ инфекциялар эса 16,4 фоизга кўпайган.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқида метициллинга чидамли олтинранг стафилококк бактерияси (Staphylococcus aureus) бактерияси сабабли келиб чиқадиган қон инфекциялари 19 фоизга камайган. Бу 2030 йилгача инфекциялар сонини қисқартириш бўйича белгиланган мақсаддан ҳам юқори натижа ҳисобланади. Бироқ сўнгги икки йилда ушбу инфекциялар яна кўпая бошлаган.
ЖССТ маълумотларига кўра, Европа минтақасидаги мамлакатларнинг 94 фоизи антибиотикларга чидамлиликка қарши миллий режага эга ёки уни қайта кўриб чиқмоқда. Аммо уларнинг атиги 40 фоизида бу режаларни амалга ошириш учун маблағ ажратилган ва натижалар мунтазам назорат қилинади.
Ташкилот мамлакатларни шифохоналарда инфекция тарқалишининг олдини олиш, антибиотиклардан оқилона фойдаланиш, бактерияларни тез аниқлайдиган лабораторияларни ривожлантириш ҳамда кучли антибиотикларни фақат зарур ҳолларда қўллашга чақирди.
Маълумот учун, антибиотикларга чидамлилик – бактерияларнинг уларга қарши ишлатиладиган дорилар таъсирида йўқолмай, яшаб қолиш хусусиятидир. Бу ҳолат инфекцияларни даволашни қийинлаштиради ва беморлар учун самарали дори воситалари танловини камайтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо секторида қиш келиши билан юз минглаб мажбуран кўчирилган фаластинликлар совуқ ва сув тошқинлари хавфи остида қолаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси