Иккинчи бор сайланган Мирзиёев қачон қасамёд қилиши маълум бўлди
Жамият
−
04 Ноябрь 2021
19773Иккинчи марта Ўзбекистон Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 6 ноябрь куни ўз лавозимига киришади. Бу ҳақда ТАСС манбасига таяниб ёзмоқда.
“24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловида 80,12 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонган Шавкат Мирзиёевнинг инаугурацияси шанба куни (6 ноябрь куни) бўлиб ўтади. Маросимда парламентнинг юқори ва қуйи палаталари аъзолари ҳамда республика ҳукумати аъзолари, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари иштирок этиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, инаугурация Сенатнинг (парламент юқори палатаси) янги биносида бўлиб ўтади, уни безаш ишлари эндигина якунланмоқда. Ўтган сафар – 2016 йилнинг 14 декабрида ушбу маросим Қонунчилик палатаси (парламент қуйи палатаси) биносида бўлиб ўтганди.
Маросимда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Мирзиёевга президентлик гувоҳномасини топшириши кутилмоқда. Қасамёд қабул қилганидан сўнг унга шу йил октябрь ойида таъсис этилган президентлик ҳокимиятининг ўзига хос белгилари – кўкрак нишони ва байроғи ҳам топширилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Президенти сайловининг натижаларига кўра, ЎзЛиДеп номзоди Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.
Маълумот учун, сайловда иштирок этган номзодлар қуйидагича овоз тўплади:
• Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов – 3,4 фоиз;
• Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Наимович Обломурадов – 4,1 фоиз;
• Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Келдиевич Қодиров – 5,5 фоиз;
• Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Азизовна Варисова – 6,6 фоиз;
• Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев – 80,1 фоиз.
LiveБарчаси