Facebook, Telegram ва Instagram блокланиши ортидан АКТ вазири ва Бош вазир маслаҳатчиси ишдан олинди
Жамият
−
04 Ноябрь 2021
13205Интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ воқеа ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Бу ҳақда Президент администрациясига алоқадор “Нигоҳ” канали хабар қилмоқда.
“Кўрилаётган чораларнинг кескинлиги шуни кўрсатмоқдаки, Президент тартиб ва интизомни бузган, масъулиятсизлик қилган ва ўзбошимчалик билан ҳаракат қилган ҳар қандай амалдорни лавозимида ортиқча ушлаб ўтирмайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 ноябрь куни соат 19:30 лар атрофида Ўзбекистонда “Мой Мир”, “Одноклассники”, “Youtube”, “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” ва “Linkedn” каби мессенжер ва ижтимоий тармоқлар фаолиятида узилишлар кузатила бошланди. Кейинроқ Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ушбу платформаларни Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритгани маълум бўлди.
Орадан кўп ўтмай, ушбу тармоқлар фаолиятига қўйилган чеклов расман бекор қилинди. Чекловни ўрнатган ташкилот Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси раҳбари Ғолибшер Мелибоевич Зияев Бош вазир қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Барча иш ғиштдан кўчиб бўлгач, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги расмий маълумот билан чиқиб, узилишларга "Ўзтелеком" АК ускунасидаги носозлик сабаб бўлганини айтди. Орадан кўп ўтмай бу баёнот ўчирилди.
LiveБарчаси