Озарбайжонга боришни режалаштирган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди 

Жамият 7557
image

Озарбайжонга боришни режалаштирган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга кириш учун қўйилган талаблардан огоҳ бўлиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Баку шаҳридаги элчихонаси хабар бермоқда.  

Таъкидланишича, Озарбайжон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тезкор штаб қарори билан ушбу давлатдаги махсус карантин режими 2022 йил 1 январга қадар узайтирилди. 

Амалдаги қоидаларга кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Озарбайжон Республикаси ҳудудига кириши учун паспорт туридан (хорижий, дипломатик) қатъи назар, ўзлари билан бирга қуйидагиларни олишлари керак: 

- Озарбайжон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тезкор штабнинг махсус рухсатномаси. Ушбу рухсатномани расмийлаштириш тўғрисидаги сўров белгиланган тартибда қабул қилувчи томон тарафидан олдиндан, яъни Озарбайжонга жўнаб кетишдан 14 иш кунидан кам бўлмаган муддатда тезкор штабга жўнатилиши зарур; 

– Озарбайжонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқароси тўғрисидаги маълумотларнинг Давлат чегара хизматининг тегишли рўйхатларга ўз вақтида киритилишни таъминланмаслиги мумкин; 

- Озарбайжонга жўнашдан олдин сўнгги 72 соат мобайнида олинган COVID-19 аниқлаш учун ПЗР-тестининг салбий жавоби тўғрисидаги тиббий маълумотнома. Чегарада бўлиши мумкин бўлган ортиқча текширувлардан ва аэропортда расмиятчиликлардан айланиб ўтиш имконини берувчи QR-код бўлгани маъқул (QR-коди мавжуд бўлмаган маълумотномалар эгалари Баку шаҳрининг аэропортида батафсил текширувдан ўтади); 

- COVID-19 паспортларининг турларидан бири: “COVID-19 га қарши вакцинациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома” (фуқаро коронавирус инфекциясига қарши вакцинанинг камида икки дозасини олгандан кейин Ўзбекистоннинг ваколатли тиббиёт органи томонидан бериладиган ҳужжат) ёки “COVID-19 иммунитети гувоҳномаси” (фуқарода коронавирус инфекцияси билан касалланганлиги ва унинг қонида антижисмлар мавжудлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг ваколатли тиббиёт органи томонидан бериладиган ҳужжат. Ушбу ҳужжат Озарбайжонга киришдан камида 6 ой олдин берилган бўлиши керак). 

Таъкидланишича, санаб ўтилган ҳужжатлар фуқаро ёнида бўлмаган тақдирда, ижтимоий мавқеи, давлат идораларида ва тижорат тузилмаларида эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, уларга Озарбайжонга кириш тақиқланади ва келган давлатига қайтарилади. 

Аввалроқ, ТИВ АҚШга боришни режалаштирган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 119
Рейтинг: 3.1
t
×