Қочоқ Ғани, тахтни эгаллаган “Толибон”, жон куйдирган Мирзиёев. Афғонистон – йил мамлакати
Бу қизиқ
−
04 Январь 2022
12461Баъзи ҳудудлар борки, бу жой номларини эшитганда инсон кўз ўнгига уруш, қонли тўқнашувлар, ўқ овозидан чириллаб йиғлаётган болалар, ночор аёллар, юпун кексалар, очликдан қаҳшаётган одамлар келади. Мана, 40 йилдирки буюк ва шонли тарихга эга бўлган, мутафаккирлар киндик қони тўкилган афғон замини ана шундай ҳудудлардан бири. У дунё аҳли хаёлида уруш ўчоғи, йирик гиёҳванд моддалар плантацияси ва қуролларни синовдан ўтказадиган, инсон қадри ва қиймати йўқ, бугунга ва келажакка нисбатан умидсизлик куртак ёзган майдон сифатида из қолдирган.
Якунига етган йил давомида жаҳон саҳнасида жуда кўплаб воқеа ва ҳодисалар рўй берди. Лекин Афғонистонда “Толибон”нинг иқтидорга келиши, дунёда катта резонанс уйғотди. Дунё аҳли Афғонистондаги талатўпларни диққат билан кузатиб турди. 2021 йилда дунёда йил воқеаси Афғонистонда ҳукуматнинг таназзули, десак муболаға бўлмайди. Бугун ўтган воқеаларни ёдга оламиз.
90-йилларда Афғон муаммоси
1991 йил Ўзбекистон мустақил давлат бўлгач, хавфсизлик масаласида бир қатор жиддий таҳдидларга дуч кела бошлади. Афғонистон ва Тожикистонда тобора аланга олаётган сиёсий беқарорликлар, хусусан терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғлар савдоси, фуқаролик уруши эндига мустақилликка оёқ қўйган Ўзбекистон шунингдек, Марказий Осиё давлатлари учун жиддий таҳдид эди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бу таҳдидларни олдини олиш учун жаҳон мамлакатлари билан қатор музокаралар ўтказди. Бироқ бу музокаралар кутилганидек натижа бермади.
Мирзиёевнинг Афғон муаммосига ечим излаши
2016 йил Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, илк кунларданоқ дунё ҳамжамияти олдига афғон муаммосини яна кўндаланг қўйди. У 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканини таъкидлади.
2018 йил 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Бу бир тарафдан жуда йирик, бошқа тарафдан эса ўта таҳликали қадам эди. Унда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар вакиллари иштирок этди. Тошкент халқаро конференциясида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, шундай деган эди:
“Бугун барчамиз бирлашиб, жафокаш Афғонистон халқига тинчлик ва тараққиёт йўлида ёрдам қўлини чўзишимиз, уни қўллаб-қувватлашимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир”.
40 йил кутилган келишув
АҚШнинг 45-Президенти Дональд Трамп 2016 йил сайлов кампанияси даврида афғон урушига барҳам беришни ваъда қилди. Трамп Президент бўлгач, берган ваъдаларни бажара бошлади.
2018 йил 16 май куни Трамп Оқ уйда Шавкат Мирзиёевни қабул қилди. Афғон масаласини бартараф этишни ният қилган икки давлат раҳбари келишиб олди. Айнан шу келишув самараси ўлароқ 2020 йилнинг февраль ойида Вашингтоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод “Толибон”га асос солган инсонлардан бири Мулла Абдул Ғани Бародар билан Қатар пойтахти Доҳада илк бор кўришди. Саккиз раунд давом этган музокаралардан сўнг сулҳ битими тузишга эришилди. Имзоланган тинчлик шартномасига кўра, АҚШ Афғонистонда қўшинлар сонини 135 кун ичида 12 мингдан 8,6 минг кишигача камайтириш мажбуриятини олди. Агар “Толибон” мамлакатда ҳудкушликларни мутлақо тўхтатса, америкаликлар ўз ҳарбийлари ва НАТО кучларини 14 ой давомида олиб чиқишни ваъда қилди. Ушбу ҳаракатлар эвазига толиблар АҚШ ва бошқа давлатларга ҳужум қилиш учун Афғонистон ҳудудидан фойдаланишни тўхтатиш, шунингдек “Ал-Қоида” террористик гуруҳининг фаолиятига чек қўйиш мажбуриятини олди. Трамп агар “Толибон” келишув шартларини бузадиган бўлса, “биз ҳеч ким кўрмаган куч билан қайтамиз”, деб ваъда берди.
Бу битимни Хитой, Покистон ва Россия қўллаб-қувватлади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам ушбу шартномани маъқуллади.
АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиши
2020 йил АҚШ президентлик сайловида Жозеф Байден ғалаба қозонди. АҚШ тахтининг янги вориси Трампнинг кўплаб қарорлари ва сиёсий лойиҳаларини бекор қилган бўлса-да, Афғонистон масаласида унинг йўлидан юрди. Байден ҳокимиятга келиши билан Доҳа битимида келтирилган шартларни бажаришга киришди. Ўша вақтда АҚШнинг Афғонистонда 2,5 минг нафар ҳарбий хизматчиси бўлган.
АҚШ Президенти Байден Америка қўшинлари 2021 йилнинг май ойида Афғонистондан чиқиб кетмаслигини, бу ҳаракат сентябрь ойида якунига етишини айтди. 2021 йил 8 июль куни Байден АҚШ қўшинларини олиб чиқиш муддатини 31 август деб белгилади.
Қанча америкалик Афғонистонда ҳалок бўлди?
АҚШ ва Буюк Британия Мудофаа вазирликлари ҳамда “iCasualties.org” мустақил веб-сайтининг маълумотларига кўра, 2014 йилнинг декабрь ойигача “Эркинлик операцияси”да жами 3485 нафардан ортиқ аскар ҳалок бўлган.
Энг катта йўқотишлар: АҚШ 2356 та аскар, Буюк Британия 453 та аскар, Канада 162 та аскар, Франция 88 та аскар, Германия 55 та аскар. Афғон уруши АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган уруш бўлди.
Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган конференция
Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди. Унда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Покистон Бош вазири Имрон Хон шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеф Боррель, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Ялпи ва шўъба мажлисларида минтақавий боғлиқликни янада чуқурлаштириш имкониятлари, шу жумладан савдо ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликнинг барқарор ўсишни таъминлашдаги ўрни, маданий-гуманитар алоқаларни қайта тиклаш орқали дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги таҳдид ва хатарлар муҳокама қилинди.
Президенти Ашраф Ғанининг қочиши
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” фаоллашиб, ўзининг сиёсий амбицияларини амалга ошириш йўлидан борди ва бирин-кетин мамлакат туманларини ўз назоратига ола бошлади. 20 июль куни “Толибон” Афғонистон пойтахти Қобулдаги мамлакат Президенти саройига бир нечта ракета ҳужуми уюштирди.
Жорий йилнинг июль ойи ўрталарига келганда, “Толибон” Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллади. 6 август куни толиблар Афғонистон шимолидаги Жузжон провинцияси маркази Шибирғон шаҳрига бостириб кирди ва Афғонистондаги энг обрўли шахслардан бири асли ўзбек Маршал Абдул Рашид Дўстумнинг ушбу шаҳарда жойлашган уйини ёқиб юборди.
14 август куни толиблар пойтахт Қобулни ўраб олди. 15 август куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани расман истеъфога чиқиб, мамлакатдан қочиб кетди. Шу куни Қобул шаҳри толиблар томонидан эгалланди.
Ашраф Ғани қочиши ортидан турли миш-мишлар тарқалди. Рус манбалари Афғонистон Президенти Қобулни вертолёт ва машиналар тўла пул билан тарк этганини таькидлади. Бироқ собиқ Президент чиқиш қилиб, пул билан қочгани ҳақидаги хабарлар ёлғон ва асоссиз эканлигини айтди.
Маьлумотларга кўра, Ашраф Ғани 54 киши билан Термиз шаҳрига келган. Ғани Термиз аэропортида 31 соат бўлган. Бу вақт мобайнида уни Ўзбекистоннинг 200 ҳарбий хизматчиси ҳимоя қилган. 16 август куни тушдан кейин собиқ Президент ва унинг ҳамроҳлари ҳеч қандай рамзсиз бўлган кичик самолётда БААга учиб кетган.
Афғонистон Ислом Амирлиги
Шу тариқа, Афғонистон Ислом Республикаси ағдарилди. Шундан сўнг, мамлакатда тартибсизликлар бошланди. Минглаб афғон фуқаролари самолётга осилиб, мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилди. Маълумотларга кўра, 15 август куни 158 нафар афғон фуқаролари ва қуролланган ҳарбий хизматчилар Амударё орқали Ўзбекистон чегарасидан қонунга хилоф равишда Термиз тумани ҳудудига ўтган.
“Толибон” Афғонистоннинг биргина Панжшер вилоятидан ташқари, барча ҳудудларни эгаллаб олди. Афғонистоннинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд Панжшер вилоятида бўлиб, толибларга қарши курашиш учун Ғарбдан ёрдам сўради.
2021 йил 14 август. Мозори-Шариф шаҳри “Толибон” томонидан эгаллангач, Афғонистондаги энг обрўли шахслардан бири, ҳарбий ва сиёсатчи, асли келиб чиқиши ўзбек Маршал Абдул Рашид Дўстум Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтиб, бир муддат мамлакатда бўлди.
14 августдан 15 августга ўтар кечаси. Афғонистон шимолидаги Мозори-Шариф шаҳри “Толибон” ҳаракати томонидан эгалланди, натижада афғон ҳарбийлари ва фуқаролари Ўзбекистонга қочиб ўтди.
14-15 август. Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудуди чегарасидан 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёт ноқонуний ўтди. Уларнинг ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган.
15 август. АҚШ Президенти Жо Байден “Толибон” ҳаракати Афғонистондаги америкалик ходимлар ҳаёти хавф остида қоладиган бўлса, ҳарбий жавоб қайтарилишини маълум қилди. Ўша куни “Толибон” ҳаракати Афғонистон Президенти Ашраф Ғанини, ҳукумат амалдорлари ва афғон партиялари етакчиларини ҳамкорликка чақирди. Унга кўра, толиблар давлат раҳбарига мурожаат қилиб, Афғонистон маъмуриятдаги бошқа амалдорлар ва сиёсий партиялар раҳбарларини биргаликда ишлашга таклиф қилди.
16 август. “Толибон” вакиллари Афғонистонда 20 йилдан бери давом этаётган уруш тугаганини эълон қилди.
17 август. “Толибон” аёлларни бўлажак ҳукуматга қўшилишга чақирди. Ўша куни Афғонистоннинг собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ кучлари “Толибон”га қарши ҳужумга ўтиб, Қобул шимолидаги Парвон вилоятининг Чорикор туманини қайтариб олди.
18 август. Европа Иттифоқи “Толибон”нинг Афғонистондаги ғалабасини тан олди. Ўша куни АҚШ маъмурияти Америка банкларидаги Афғонистон ҳукуматининг давлат захираларини “Толибон” ҳаракати вакилларига ўтиб кетмаслиги учун музлатиб қўйди. Бундан ташқари, “Толибон” Афғонистон фуқароларидан барча қурол-яроғ ва ўқдориларни топширишни сўради.
19 август. Аҳмад Масъуд “Толибон”га қарши кураш учун Ғарбдан ёрдам сўради. Ўша куни Афғонистон мустақиллигининг 102 ёшга тўлиши муносабати билан декларация эълон қилинди. Шу тариқа 2001 йилда АҚШ ва НАТО ҳарбийлари томонидан қулатилган Афғонистон Ислом Амирлиги қайта тикланди.
“Толибон” ҳаракати Афғонистон пойтахти Қобулни эгаллагач, мамлакатда кескин вазият юзага келди. Қатор давлатлар Афғонистондаги дипломатлари ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилишни бошлади. Ўзбекистон мазкур жараёнда Германияга ёрдам берди. Қобулдан олиб келинган одамлар фуқаролик авиацияси парвозлари орқали Тошкент аэропортидан Германияга олиб кетилди.
20 август. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған “Толибон” Афғонистонда янги ҳукумат тузганидан кейин улар билан музокара ўтказишга тайёр эканлигини айтди. Ўша куни Афғонистоннинг энг обрўли шахсларидан бири Маршал Абдул Рашид Дўстумнинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум бошчилигидаги отряд Афғонистоннинг Панжшер вилоятига етиб келди.
Шу куни Ўзбекистон “Толибон” раҳбарияти вакиллари билан ўзбек-афғон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқароларига нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олиш бўйича келишувлар натижасида 150 нафар қочқинни ўз хоҳиши билан ватанига қайтарди.
21 август. Афғонистоннинг собиқ ҳукумати таркибида Мудофаа вазири бўлган Бисмилла Хон Муҳаммадий қаршилик ҳаракати кучлари мамлакат шимоли-шарқидаги Боғлон вилоятининг учта туманини “Толибон”дан қайтариб олди. Шу куни “Толибон” ҳаракати сиёсий қаноти раҳбари Абдул Ғани Бародар ҳукумат тузиш масаласини муҳокама қилиш учун Афғонистон пойтахти Қобулга келди.
Шу куни Афғонистоннинг собиқ Президенти Ашраф Ғанининг укаси Ҳашмат Ғани Аҳмадзай “Толибон”га содиқлигини билдириб, қасамёд қилди.
22 август. “Толибон” Панжшер вилояти раҳбариятига таслим бўлиш учун тўрт соат берди. Бироқ Аҳмад Масъуд таслим бўлишни истамади. Шундан сўнг 23 август куни “Толибон” Панжшер вилоятини эгаллаш учун юзлаб жангчиларини юборди ва ўша куннинг ўзида вилоятни қамал қилди.
23 август. “Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Боғлон вилоятидаги учта туманда қаршилик ҳаракати кучларини сиқиб чиқариб, назоратни қайтариб олди.
26 август. Афғонистон пойтахти Қобулдаги аэропорт яқинида ва шаҳар атрофида жами 6 та портлаш содир бўлди. Портлашлар оқибатида 103 киши ҳалок бўлди. 158 нафар инсон жароҳатланди.
30 август. “Толибон” ҳаракатининг олий раҳбари мулла Ҳайбатулла Охунзода Афғонистонга келди. Шу куни “Толибон” вакили Абдул Каҳар Балхи жаҳон ҳамжамиятини Афғонистон халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олишга ва бу мамлакат билан дипломатик алоқаларни ривожлантиришга чақирди. Ўша куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши “Толибон” назоратига ўтган Афғонистондан хорижий давлатлар фуқаролари ва афғонларнинг хавфсиз чиқиб кетишини таъминлаш мақсадида Буюк Британия ва Франция ҳаммуаллифлигида тайёрланган резолюцияни қабул қилди.
Резолюцияга кўра, Афғонистон энди бошқа давлатларга ҳужум қилиш, террорчиларни яшириш ёки ўқитиш, террорчилик ҳужумларини режалаштириш ёки молиялаштириш учун трамплин сифатида фойдаланилмаслиги керак.
31 август. Америка Қўшма Штатлари Афғонистондаги америкаликларни эвакуация қилишни якунлаб, барча қўшинларини олиб чиқиб кетди.
4 сентябрь. “Толибон” ҳаракати Матбуот котиби Суҳайл Шоҳин аёлларга қай ҳолатда ўқиш ва ишлаш имкониятини беришини маълум қилди. Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати аёлларнинг Ҳирот вилоятидаги саноат зонасига киришини тақиқлади.
6 сентябрь. “Толибон”га бўйсунмай турган ягона Панжшер вилояти эгалланди. 7 сентябрь куни “Толибон” раҳбарлари Афғонистонда муваққат ҳукуматни шакллантирди.
9 сентябрь. Aшраф Ғани ўзининг Twitter саҳифасида Қобулни тарк этиш ҳаётидаги энг қийин қарор бўлгани ҳақида ёзиб қолдирди. У ўз халқини ташлаб кетишга мажбур бўлгани, мамлакатни тарк этиши – Қобул ва 6 миллион аҳолининг ҳаётини сақлашнинг ягона йўли бўлганини айтиб, афғон халқидан кечирим сўради.
16 сентябрь. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Афғонистондаги вазият бўйича баёнот қабул қилди.
27 сентябрь. Ашраф Ғани дунё ҳамжамиятини “Толибон” билан алоқа ўрнатишга ва мамлакатнинг молиявий активларини блокдан чиқаришга чақирди.
Ҳозиргача “Толибон” тузган ҳукуматни ҳеч бир давлат тан олгани йўқ. АҚШ ва Жаҳон банки эса Афғонистоннинг хорижий банклардаги давлат захирасини музлатиб қўйган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган активлар ёки иқтисодий ресурсларга қўйилган тақиқни олишга рухсат берди. Мамлакатнинг захиралари 10 млрд доллардан ортиқ экани айтилмоқда.
Юқоридаги воқеалар аслида 40 йилдан буён дунё ҳамжамиятининг эътиборини ўзига қаратиб келаётган Афғонистоннинг 2021 йилда ҳам “йилнинг порлоқ юлдузи” номини олишига сабаб бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь