Маршал Дўстум Афғонистонда! “Толибон”га қарши ҳужум бошланди
Олам
−
17 Август 2021
76889Афғонистоннинг собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ кучлари “Толибон”га қарши ҳужумга ўтиб, Қобул шимолидаги Парвон вилоятининг Чорикор туманини қайтариб олди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Ҳозирда жанглар Панжшер туманида давом этмоқда”, деган агентлик манбаси.
Қайд этилишича, айни пайтда Aфғонистон армиясининг 10 минг шахсий таркиби генерал Aбдул-Рашид Дўстум бошчилигида минтақага йўл олган.
Чорикор орқали Қобулни Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар Мозори-Шариф билан боғловчи стратегик аҳамиятга эга автомобиль йўли ўтган.
Бундан аввал Солиҳ мамлакатдан қочиб кетган Ашраф Ғанидан фарқли ўлароқ, Афғонистонда қолганини ва қонунга кўра, вақтинча давлат раҳбари ҳисобланишини эълон қилганди.
“Конституциянинг аниқ қоидаларига кўра, Президент йўқлигида, қочиб кетганда ёки вафот этганида биринчи вице -президент унинг вазифасини бажаради. Мен Aфғонистондаман ва қонуний равишда бу вазифаларни бажараман”, деганди Солиҳи Twitter'даги саҳифасида.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши ортидан “Толибон” ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлаганди. Жорий йилнинг 15 август куни эса Қобул шаҳри жангсиз эгалланиши билан мамлакатда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтди.
Бироқ аввал хабар берганимиздек, толибларга бўйсунмаган биргина вилоят – Панжшерда ҳаракатга мухолифат кучлар тўплана бошлади. Уларнинг орасида вице-президент Амрулла Солиҳ ва таниқли дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд ҳам бор. Вилоятга бошқа томонлардан ҳам ҳукумат аскарлари тўпланаётганди.
Қайд этиш керакки, бир неча кундан бери Афғонистоннинг энг обрўли кишиларидан бири Маршал Абдул Рашид Дўстумнинг қаердалиги мавҳумлигича қолаётганди. Хусусан, у Ўзбекистонда бўлиб тургани айтилганди. Бироқ, бу хабарлар расман ўз тасдиғини топмади.
LiveБарчаси