Бўйсунмас Панжшер: Аҳмад Шоҳ Масъуднинг вориси “Толибон”га қарши куч тўпламоқда
Олам
−
17 Август 2021
29680“Толибон” ҳаракати бутун Афғонистонни назоратига олганини эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик. Бироқ, мамлакатдаги биргина вилоят – Панжшер ҳамон толибларга бўйин эгмагани маълум бўлди ва ҳозирда ушбу провинция “Толибон”га қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.
Афғонистоннинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд Панжшер вилоятида бўлиб турибди.
Ижтимоий тармоқларда Аҳмад Масъуд Панжшердан кетмаслигини ва одамлари билан қолишини айтган ҳамда қочиб юргани ҳақида миш-мишларга ишонмасликка чақирган.
Шу билан бирга, Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда. Ашраф Ғани ҳукуматида вице-президент бўлган Амрулла Солиҳ ҳам Кичик Масъуднинг олдига келган. Улар толиблар ҳокимиятини тан олмаган қўмондонларни ҳам тўпламоқда.
Панжшерда 1996–2001 йилларда “Толибон”га қарши курашган “Шимолий альянс” байроғи кўтарилган. Улар жаҳон ҳамжамиятидан гуманитар ёрдам сўраган.
Қайд этиш керакки, “Толибон” 1996 йилда ҳокимиятга келганида ҳам Панжшер вилояти ҳаракатга бўйсунмаган ва қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг маркази бўлган. Вилоятда 150 минг атрофида одам яшайди. Уларнинг асосий қисми тожик миллатига мансуб.
Маълумот учун, Аҳмад Масъуд Сандхерст Қироллик ҳарбий академияси битирувчиси.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 август куни "Толибон" ҳаракати Қобулни эгаллаб, ҳокимиятга келгач, Афғонистонда уруш тугаганини эълон қилганди.
LiveБарчаси