Афғонистонлик қочқинларга Тошкент-3 аэропортида лагер ташкил қилингани ростми?

Жамият 21187

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 август куни “Толибон” ҳаракати Афғонистон пойтахти Қобулни эгаллагач, мамлакатда кескин вазият юзага келди ва ушбу ҳолат ҳамон сақланиб турибди. Қатор давлатлар Афғонистондаги дипломатлари ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилишни бошлаган. Ўзбекистон мазкур жараёнда Германияга ёрдам бермоқда. Хусусан, бугун, 19 августдан бошлаб маҳаллий парвозлар амалга ошириладиган Тошкент-3 аэропорти номаълум муддатга ёпилди.

Айни дамда QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси Тошкент-3 аэропортида бўлиб турибди. Боиси, бугун соат 21:00 да навбатдаги эвакуацион рейс Қобулдан келиши кутилмоқда.

Мухбиримизнинг хабар беришича, Тошкентга афғон қочқинлари олиб келинаётгани, аэропортда улар учун лагер ташкил қилингани ҳақидаги хабарлар мутлақо ноўрин.

“Аэропортда штаб ташкил қилинган. Германия элчихонаси шу ерда ишламоқда. Қолаверса, Германия Мудофаа вазирлиги ходимлари ҳам аэропортда бўлиб турибди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Транспорт, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ва Давлат хавфсизлик хизмати вакилларидан иборат штаб ташкил қилинган”, дейди транзит ҳудудида бўлиб турган мухбиримиз.

Айни вақтда Германиянинг учта ҳарбий самолёти Тошкент-3 аэропортида бўлиб турибди. Тўртинчи лайнер эса Қобулга жўнаб кетган ва соат 19:00 да Тошкентга қараб парвоз қилади.

Қайд этилишича, Қобулдан олиб келинган одамлар фуқаролик авиацияси парвозлари орқали Германияга олиб кетилади. Тошкент бу ўринда фақатгина транзит йўлаги вазифасини бажармоқда.

“Олиб келинган фуқаролар аэропортнинг ўзида иссиқ чой ва таом билан таъминланади. Шу билан бирга улар коронавирус бор-йўқлигини аниқлаш учун экспресс-тест топширади. Агар бирор фуқарода коронавирус аниқланган тақдирда ҳам у Тошкентда қолмайди. Махсус тартибда изоляция қилиниб, Германияга олиб кетилади”, дейди мухбиримиз.

Унинг сўзларига кўра, аэропорт қаттий қўриқланяпти. Бу ерда қолишнинг ёки ташқарига чиқишнинг имкони йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқотида Германия, Афғонистон ва Европа Иттифоқи фуқароларини Тошкент аэропортидан транзит сифатида фойдаланиш орқали эвакуация қилишни давом эттириш юзасидан келишувга эришилганди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқотида Германия, Афғонистон ва Европа Иттифоқи фуқароларини Тошкент аэропортидан транзит сифатида фойдаланиш орқали эвакуация қилишни давом эттириш юзасидан келишувга эришилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 516
Рейтинг: 3
t
×