Ўзбекистон “Толибон” билан келишув асосида 150 қочқинни Афғонистонга қайтарди — ТИВ 

Жамият

image

Ўзбекистон “Толибон” раҳбарияти вакиллари билан ўзбек-афғон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқароларига нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олиш бўйича келишувлар натижасида 150 нафар қочқинни ўз хоҳиши билан ватанига қайтарди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди

Қайд этилишича, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан шу кескин кунларда ўзбек-афғон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқароларининг хавфсизлик кафолатларини олиш бўйича кўп ишлар қилинган.

Афғонистонга қайтган фуқаролардан олинган маълумотларга кўра, уларга нисбатан расмий процессуал чоралар кўрилгандан сўнг, уларнинг ҳаммаси уйларига қўйиб юборилган ва ҳозирда улар ўз оилалари бағрида тўлиқ хавфсиз ҳолда бўлиб турибди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон нафақат афғонистонлик қочқинларни ўз ватанига қайтариш бўйича ишлар олиб бормоқда, балки хорижий фуқароларни Афғонистондан эвакуация қилиш бўйича Европа давлатларига кўмаклашмоқда. Бу учун албатта, миннатдорлик билдирган давлат раҳбарлари ҳам бўлди.  

Эслатиб ўтамиз, ўтган бир неча кун мобайнида Ўзбекистон ҳудуди орқали хорижий давлатларнинг 1982 фуқароси эвакуация қилинди. Ушбу жараёнларда Тошкент-3 маҳаллий аэропорти транзит вазифасини ўтамоқда

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикаси қулади. Президент Ашраф Ғани эса истеъфога чиққанини эълон қилди. Шу билан мамлакатда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтди.

2001 йил Афғонистонга кирган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг асосий қисми мамлакатни тарк этди. Ғарб давлатларининг Қобулда қолган кучлари дипломатларни ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш билан банд. “Толибон” сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда 20 йил давом этган уруш тугаганини эълон қилди. Кеча, 19 август куни эса толиблар Афғонистонни Ислом Амирилиги, деб эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

242

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг