Дунё “Толибон”нинг Aфғонистондаги ғалабасига қандай муносабат билдирмоқда?
Таҳлил
−
16 Август 2021
27747Кеча, 15 август куни “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг барча ҳудудини эгаллади ва амалда ўз ҳокимиятини ўрнатди. Бу АҚШ мамлакатдаги қўшинларини олиб чиқиб кетишни бошлаганидан бир неча ой ўтиб содир бўлди. Ғарб давлатлари Қобулдаги дипломатларини эвакуация қилишни бошлади. Дунё “Толибон” Афғонистонда яна бир бор ҳокимиятни эгаллашига гувоҳ бўлди ва унга ўз муносабатини билдирмоқда.
Афғонистон
Афғонистон Президенти Ашраф Ғани истеъфога чиқиб, мамлакатдан қочиб кетди. У қаердалиги ҳамон номаълум.
Aфғонистоннинг собиқ Президенти Ҳамид Карзай оиласи билан мамлакатда қолишини эълон қилди. Шунингдек, у можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.
“Ҳурматли Қобул аҳолиси! Мен оилам, қизларим, болаларим билан бирга сиз билан қолмоқчиман ва умид қиламанки, мамлакатимиз, пойтахтимиз масалалари тинч, музокаралар йўли билан ҳал қилинади. Биз Aфғонистон муаммосини “Толибон” раҳбарлари билан тинчлик йўли билан, биродарлик ва ватанпарварлик асосида ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз”, деган Карзай.
Афғонистон Мудофаа вазири Бисмилла Муҳаммад Қобул аҳолисини хавфсизликда эканига ишонтиришга уринган.
“Сизни ишонтириб айтаманки, Кобул хавфсизлиги таъминланган. Халқаро кучлар Aфғонистон хавфсизлик ва мудофаа кучлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр”, деган Мудофаа вазири.
АҚШ
AҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Толибон ҳужуми кутилганидан ҳам тезроқ содир бўлганини тан олди. Аммо у Америка ҳарбий контингентини Афғонистондан чиқариш қарори тўғри бўлганини такрорлади. Эндиликда Вашингтоннинг биринчи даражали мақсади америкаликларни Афғонистондан эсон-омон олиб кетиш.
“Биз “Толибон”дан ҳеч нарса сўрамадик. Биз “Толибон” агар улар бу жараёнга аралашса, тез ва қатъий жавоб қайтарамиз”, деган Блинкен.
Покистон
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 15 август куни Aфғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганини ва мамлакатдаги барча партиялар бу ички сиёсий инқирозни биргаликда ҳал қила олишига умид билдирди.
"Покистоннинг Қобулдаги элчихонаси покистонликлар, афғон фуқаролари, дипломатик ва халқаро ҳамжамиятга консуллик иши ва Pakistan International Airlines рейсларини мувофиқлаштиришда зарур ёрдам беради", дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Покистон ҳукумати вакиллари ижтимоий тармоқларда Aфғонистонда ҳукумат алмашганидан хурсанд бўлишларини яширмади.
Германия
Германий Ташқи ишлар вазири Хайко Мааснинг маълум қилишича, мамлакат Қобулдаги элчихонасини Ҳамид Карзай аэропортига кўчирган ва ўз ходимларини эвакуация қилиш учун шошилинч чоралар кўрмоқда. Жорий йил 20 август куни мамлакат элчихона ходимларини деярли тўлиқ эвакуация қилиб бўлади.
Буюк Британия
Буюк Британия ҳам Қобулдаги дипломатик миссияси ходимларини сезиларли даражада қисқартириши ҳақида эълон қилди. Британия Мудофаа вазирлиги 1 август куни Афғонистонга эвакуация қилишга ёрдам бериш учун 600 га яқин аскар юборишини маълум қилди. Шунингдек, аллақачон 3300 дан ортиқ афғонистондаги ходимлари ва уларнинг оилалари олиб келинган.
Британия парламенти Aфғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун зудлик билан таътилдан қайтадиган бўлди, деди якшанба куни CNN телеканалига Жамоалар палатаси раҳбари Жейкоб Рис-Могг.
Канада
Канада хавфсизлик нуқтаи назаридан Қобулдаги элчихонасининг фаолиятини тўхтатди. Ташқи ишлар, иммиграция ва мудофаа вазирлари дипломатик корпус ходимларининг хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишини айтиб, улар мамлакатга соғ-саломат қайтаётганини маълум қилди.
“Бугун афғон халқининг аҳволидан кўнглимиз тўқ. Aйниқса, Aфғонистон келажагига ишонган ва ишонишда давом этаётган канадаликларнинг қурбонликларини ҳисобга олган ҳолда жуда муҳим. Бу саъй-ҳаракатлар беҳуда кетмаслиги учун биз иттифоқчилар ва халқаро ҳамжамият билан ишлашда давом этамиз”, дейди Канада Бош вазири Жастин Трюдо.
Франция
Франция ҳукумати мамлакат элчихонасини Қобул аэропортига кўчиришга қарор қилди.
“Франция хавф остида қолган афғон фуқаролик жамиятини, актёрлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, санъаткорлар ва журналистларни ҳимоя қилишда давом этади. Ҳозирда Қобул аэропортидан виза бериш имкониятини сақлаб қолиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Мамлакатимиз эркинликни ҳимоя қиладиган ҳар бир кишини қўллаб-қувватлайди”, деди Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан.
Россия
Россия Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотларга кўра, мамлакат Қобулдаги дипломатларни эвакуация қилиш ниятида эмас. Элчилар аввалгидек ишлашда давом этади, чунки “Толибон” вакиллари уларга хавфсизликни кафолатлаган.
Россиянинг Қобулдаги элчихонаси шаҳардаги вазият кескин, лекин дипломатик миссия учун ҳеч қандай хавф йўқлигини таъкидлади. Президент Владимир Путин зудлик билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга телефон қилиб, Aфғонистондаги вазиятнинг ривожланишини “пухта” муҳокама қилди.
Шунингдек, Москва ҳали “Толибон”ни Афғонистондаги ҳокимияти қонунийлигини тан олмоқчи эмас.
Ватикан
Рим Папаси Франциск якшанба ибодати пайтида зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.
“Мен Aфғонистондаги вазиятдан хавотирдаман. Сиздан қурол шовқинини тўхтатиш ва музокаралар столида ечим топиш учун ибодат қилишингизни сўрайман. Фақат шу йўл билан бу мамлакатнинг зарар кўрган аҳолиси – кексалар, аёллар ва болалар ўз уйларига қайтишлари, тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришлари мумкин”, деди Френсис.
LiveБарчаси