27 март куни Афғонистоннинг тақдири ҳал этилади. Унда “Толибон” қатнашадими?
Олам
−
11 Март 2021
12746БМТ ҳомийлигида Афғонистон бўйича тинлик конференцияси жорий йилнинг 27 март куни Истанбулда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 10 марта “Tolo News” телеканали “Толибон” радикал ҳаракатига яқин манбага асосланиб хабар берди.
Телеканал бўлажак тадбир тўғрисида қўшимча маълумот бермаган.
Жорий йилнинг 7 март куни “The New York Times” газетаси ўз ихтиёридаги ҳужжатга асосланиб, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғанига хат юбориб, унда БМТ ҳомийлигида конференция ўтказишни таклиф қилганини хабар қилди. Блинкенга кўра, тинчлик жараёни етарли даражада тез ривожланмаяпти.
Газетанинг ёзишича, конференция давомида АҚШ, Хитой, Россия, Покистон, Эрон ва Ҳиндистон вакиллари Афғонистонда тинчликни сақлашга қаратилган комплекс ёндашувни муҳокама қилишлари мумкин бўлади. “The New York Times” газетасининг ёзишича, тадбирдан мақсад ҳар икки томон иштирокида ҳукумат тузиш ва зўравонликни уч ой муддатга, кейинчалик ўт очишни тўхтатишдир.
РИА Новостига яқин манбанинг хабар беришича, 27 март куни Истанбулда ўтказилиши режалаштирилаётган тинчлик жараёни конференциясида “Толибон” вакиллари ҳам иштирок этади.
“Толибон вакилларига Туркиядаги учрашувга таклифномалар юборилган. Аввалига баъзи эслатмалар бўлган, аммо ҳозирда делегация иштирок этиши тасдиқланди”, дейди РИА Новости шахсини очиқламаган манба.
Қобулдаги Толибонга яқин бўлган яна бир манбанинг РИА Новостига айтишича, тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ бўлган бир неча сиёсий ва фуқаролик фаоллари, ҳаракатнинг “дўстлари ва тарафдорлари” аллақачон Туркия визаларини олган. Уларнинг иккитаси Туркияга етиб келган, бошқалари эса сафарга тайёргарлик кўрмоқда.
Манба Туркиядаги саммит барча томонлар иштирок этадиган афғонистон ичидаги музокараларни тезлаштириш учун ўтказилаётганини таъкидлаган. Миллий ярашув бўйича Олий кенгаши ва Афғонистон миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишда қатнашишларини аллақачон тасдиқлашган.
Маълумот ўрнида, Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида тинчлик музокаралари 2020 йил 12 сентябрда Қатар пойтахти Доҳада бошланди.
Афғонлараро музокараларнинг бошланиши, Ҳукумат ва "Толибон"нинг музокара столига келишида Ўзбекистон, хусусан Президент Мирзиёевнинг иштироки катта. Мирзиёев иқтидорга келган илк кунларданоқ дунё ҳамжамияти олдига афғон муаммосини яна кўндаланг қўйди. У 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканини таъкидлади.
2018 йил 27 март куни "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
2020 йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бошланди. Бу Афғонистонда тинчлик ва осуда ҳаёт учун қўйилган яна бир улкан қадам, дейиш мумкин. Ўзбекистон 40 йилдан зиёд вақт давомида Афғонистонда давом этаётган уруш, нотинчлик ва ўзаро муаммоларни афғон халқининг ўзи ўз иродаси билан ҳал этиши тарафдори.
2020 йилнинг 29 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида яна афғон муаммосига тўхталиб, шундай деган эди:
"Биз қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонамиз ва бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам аямаймиз".
Ўтган йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшнинг тинч – сен тинч деган азалий қадриятга асосланган ислоҳотлари натижасида афғон муаммосини ҳал этишда олдинга силжиш кузатилди. Бунинг самарасини 2020 йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланганида ҳам кўриш мумкин. Сулҳда АҚШ 19 йил деганда ўз ҳарбий кучларини афғон диёридан олиб чиқиб кетиши, “Толибон” ҳам қуролли ҳаракатларни тўхтатиши белгиланди.
2020 йилнинг 12 сентябрь куни Доҳада бўлиб ўтган музокаралар эса афғон халқининг ва ниҳоят тинч ва фаровон ҳаётга қовушишидан далолат берди. “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдулғани Биродар ўзбекистонлик журналистлар билан суҳбатлашиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш борасида расмий Тошкентнинг фаоллигини алоҳида эътироф этди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Доҳада яна тинчлик музокаралари бошланди. Унда иштирок этаётган "Толибон" вакиллари турли сабабларга кўра музокараларни тарк этган эди.
LiveБарчаси