Афғонистонда ёлғиз саёҳат қилган ҳиндистонлик аёл ҳибсга олинди
Олам
−
19:11 1019 2 дақиқа
Афғонистонда ёлғиз саёҳат қилган ҳиндистонлик блогер Арунима мамлакатдаги “Толибон” муваққат ҳукумати томонидан бир неча соат давомида ушлаб турилди, кейин эса қўйиб юборилди. Бу ҳақда “The Independent” хабар берди.
Қайд этилишича, 1,2 миллиондан ортиқ Instagram обуначисига ва 733 мингдан зиёд YouTube обуначисига эга Арунима Афғонистонга қарийб икки ҳафта аввал ёлғиз борган. У жорий йилнинг 14 сентябрь куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ҳиндистон элчихонаси билан боғланишда ёрдам сўраб, “Илтимос, Ҳиндистон элчихонаси билан боғланишимга ёрдам беринг”, деган SOS хабарини қолдирган. Орадан қарийб 24 соат ўтиб эса “Мен ҳозир хавфсиз жойдаман” дея хабар берган.
Аруниманинг айтишича, уни “Толибон” аъзолари аёл киши Афғонистон бўйлаб ёлғиз саёҳат қилиши мумкин эмаслигини билдирган ҳолда ушлаб турган. У бир неча соат давомида қўрқувда бўлганини ва ҳатто ҳаётидан хавотир олганини айтган.
Блогер сафар давомида Афғонистоннинг бозорлари ва чекка қишлоқларидан видеолар эълон қилиб келган. Унинг ижтимоий тармоқларида қуролланган шахслар томонидан тўхтатилгани акс этган видеолар ҳам тарқалган.
Аруниманинг сўзларига кўра, назорат пунктларида ундан мунтазам равишда ҳужжатлари сўралган. Унинг паспортни текширган қуролланган шахслар ёлғиз саёҳат қилмасликни тавсия қилган ва мамлакат вилоятлари бўйлаб ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома олиши кераклигини билдирган.
“Мен бир неча соат давомида шундай хавотирда бўлдимки, ўлиб қолишим мумкин деб ўйладим. Мен жуда қўрқиб кетдим”, деган Арунима.
Унинг айтишича, кейинчалик юк машинасига чиқиб, Бамён шаҳрига етиб олган. Машинадан тушганида эса атрофдагилар унинг ёнига келган. Блогернинг билдиришича, Афғонистонда аёл кишининг кечаси ёлғиз юриши одатий ҳол эмас.
Шунингдек, Арунима Афғонистонда аёлларнинг ёлғиз ҳаракатланиши чекланган бўлса, нима сабабдан унга ёлғиз саёҳат қилиши маълум бўлган ҳолда виза берилганини савол остига олган.
Унинг айтишича, “Толибон” вакиллари мамлакат қонунларини бузганини билдирган ва ҳибсга олишлари мумкинлигини айтган. Арунима эса мамлакатдан депортация қилинишини сўраган.
Ҳозирда у Эронга бориш учун визасини кутаётганини, бироқ вазият сабаб Ўзбекистонга йўл олишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Афғонистондан Ўзбекистонгача бўлган масофа қарийб 500 километрни ташкил қилади ва йўл давомида “Толибон” томонидан қўшимча текширувлар бўлишидан хавотирда. “Толибон” вакиллари ва Ҳиндистон элчихонаси ҳолат юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати 2021 йилда ҳокимиятни қайта эгаллаганидан бери тахминан 2,4 миллион нафар афғон қизини ўрта таълим олиш имкониятидан маҳрум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси