“Толибон” Қатардаги музокараларни тарк этди
Олам
−
09 Февраль 2021
9614“Толибон” вакиллари Қатар пойтахти Доҳада ўтказилаётган Афғонистонда вазиятни ҳал қилиш бўйича музокараларни тарк этди. Бу ҳақда Афғонистон Миллий ярашув кенгаши раиси Абдулла Абдулла маълум қилган.
“Толиблар музокаралардан чиқди ва қолганларнинг баъзилари эса тинч мулоқотга кириша олмаяпти”, дейди Абдулла Абдулла.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг январь ойида “Толибон” вакили Забиулла Муджахид агар АҚШ Афғонистонга авиазарбалар беришни давом эттирса, ҳаракат буни Доҳа тинчлик жараёнини қасддан бузиш сифатида баҳолашини айтган эди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида Қатарда бўлиб ўтган маросимда АҚШ ва “Толибон” 18 йилдан ортиқ давом этган урушдан сўнг, биринчи тинчлик битимини имзолади. Унга кўра, 14 ой ичида АҚШ Афғонистон Ислом республикасидан қўшинини олиб чиқиб кетиши ва маҳбуслар алмашинувидан кейин, афғонлараро мулоқотнинг бошланиши керак эди.
Ўша пайтдаги АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар 2021 йил майигача Афғонистондан ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқишни режалаштирган.
Аммо кейинчалик, Пентагон вакили Жон Кирби толиблар Вашингтон билан келишувдаги ваъдаларини бажармаганини айтди. Кирби ўшанда “Толибон” вакилларини терактлар уюштиришда ва афғон аскарларига ҳужум қилишда айблаганди.
Ўз навбатида, “Толибон” бу баёнотларни рад этиб, Доҳада имзоланган битимга риоя қилинганини таъкидлаган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15