Кутилмаган қадам: “Толибон” аёлларни давлат бошқарувига таклиф қилди
Олам
−
17 Август 2021
16961“Толибон” аёлларни бўлажак ҳукуматга қўшилишга чақирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
"Ислом амирлиги аёллар қурбон бўлишини истамайди. Улар шариат қонунларига мувофиқ ҳукумат таркибида бўлиши керак", дейди Афғонистон Маданий масалалар бўйича комиссия аъзоси Энамулла Самангани.
“Khaama Press” агентлигининг хабар беришича, Қобул туманларининг бирида бир нечта аёл тўпланиб, Вазирлар Маҳкамаси бошқарувига қўшилиш имкониятини беришни талаб қилган.
Шунингдек, маҳаллий “Tolo News” телеканали аёл бошловчилар билан эфирга узатишни давом эттиргани, “Толибон” эса бунга эътироз билдирмагани маълум бўлди.
Маълум қилинишича, бундан аввал, Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирнов “Толибон”нинг аёлларга нисбатан ёмон муносабатини ҳали кўрмаганини, Қобулда қизлар учун мактаблар борлигини айтган эди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, пойтахтда ҳокимият ўзгаргач, гўзаллик салонлари деворларидаги аёллар тасвирларини бўяш бошланган.
Маълумот ўрнида, “Толибон” 1996-2001 йилларда Афғонистонни бошқарган. “Толибон” мамлакатга ҳукмронлик қилган даврда аёлларнинг ҳуқуқлари чекланган. Улар паранжи ўрашга мажбур бўлганлар, эркин ҳаракат қилиш, омма олдига чиқиш, таълим олиш, касб танлаш, эркак шифокорларда даволаниш, расмга тушиш кабилар мумкин бўлмаган. Ушбу қонунларни бузганларга қаттиқ жазо қўлланилган ёки қатл этилган.
LiveБарчаси