ИИБдан ўлиги чиққан фуқаро, қарзи ортаётган Ўзбекистон, “Sevimli”даги сериални қоралаган Мирзиёева... Бугун нималар бўлди?

Таҳлил

image
Бугун Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай муҳим воқеликлар содир бўлди? 19 январь тарих зарварақларида муҳр қолдира олдими? Бугуннинг муҳим воқеа-ҳодиса ва янгиликларнинг қисқача тафсилоти билан қуйида танишишингиз мумкин.

Жамият 

Тошкентдаги кафеда ёнғин юз берди

Кеча, 18 январь куни соат 18:08 да Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Бешёғоч кўчасида жойлашган ҳозирда иш фаолияти тўхтатилган кафеда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Шаҳар ФВБга шу ҳақда хабар келиб тушиши билан 4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 18:15 да етиб бориб, ёнғин соат 18:30 да қуршаб олинган ва соат 18:33 да бартараф этилган.

“Тахтақорача” довони ёпилди

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довонида кўп миқдорда қор ёғгани сабабли турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълум қилишича, йўлларни қордан тозалаш, музламаларни бартараф қилиш мақсадида қум-туз аралашмасини сепиш  ишлари амалга оширилмоқда.

Болага ҳаққини талаб қилишни ўргатмасликни айтган Самарқанд ХТБ бўлим бошлиғи ишдан бўшатилди

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида биринчи ўрин олган ўқувчига ишлатилган ноутбук совға қилингани ҳақида хабар бергандик.

Муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатни ўрганиш жараёнида “болага тарбия бермоқчи бўлсак, унинг ўз ҳаққини талаб қил деб ўргатмаслик керак”, деган вилоят Халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Ғозиев вазифасидан озод этилди.

Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғига кўра, Хуршид Ғозиев ўз аризасига кўра ишдан олинган.

Тошкентда эмланмаган ходимлар ишдан четлатилмоқда

Тошкентда тадбиркорлик субъектлари ва бюджет ташкилотларида вакцина олмаган 1 минг 44 нафар ходим вақтинчалик ишдан четлатилди, 200 нафарига жарималар қўлланилди, 1 та объектнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида коронавирусга чалиниш ҳолати кескин ортиб, беморлар сони 5 минг 600 нафарга етган. Бугунги кунда беморларнинг 3 минг 297 нафари стационар, 2 минг 216 нафари амбулатор шароитда даволанмоқда.

Франция Ўзбекистонга 100 млн евро қарз беради

Ўзбекистон Президентининг “Франция тараққиёт агентлиги иштирокида “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

2021 йил 28 июнда Ўзбекистон Республикаси ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ўртасида имзоланган битимга асосан "Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш" лойиҳасини молиялаштириш учун 100 млн евро миқдорида қарз ажратиш назарда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати - 5 йил (2022-2026 йиллар).

Бухородаги Ички ишлар бўлимидан сўроққа чақирилган фуқаронинг ўлиги чиқди

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятидаги Ички ишлар бўлимида бир фуқаронинг вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан боғланди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 17 январь куни Бухоро вилояти прокуратурасига Ғиждувон тумани 4-сонли ички ишлар бўлими биносида фуқаро И.Т.нинг вафот этгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойига вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи ва туман ҳокими ҳамда вилоят прокуратураси тергов-тезкор гуруҳи етиб борган.

Аниқланишича, 17 январь куни Ғиждувон туман Ички ишлар бошқармасига фуқаро Ф.Қ. ариза билан мурожаат қилиб, ҳудудда гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланиб келаётган А. исмли шахсга чора кўришни сўраган.

Депутат босим ва провокациялардан “дод” деди. У сиёсий фаолиятини тугатмоқчи

Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати, ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари Нуриддин Зайнитдинов босимлар ортидан сиёсий фаолиятини тўхтатиш ва партия сафидан чиқиб кетишга қарор қилди. Бу ҳақда у кеча, 18 январь куни Telegram’даги саҳифаси орқали хабар берган. 

“Охирги воқеалар фонида амалдаги депутатлик фаолиятимни якунлаш ва партия сафидан чиқиб кетиш ва бошқа сиёсий жараёнларда иштирок этмаслик фикрига келдим. Агар шундай қарор қабул қилсам, тушунингки, етарли асослар бор”, деб ёзади Зайнитдинов.

ДХХ Суриядаги террорчиларга қўшилиш орзусидаги йигитни ушлади

Суриядаги террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштирган ўзбекистонлик йигит Россияда қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Россия Федерациясида мавсумий ишлаши даврида Интернет тармоғи орқали халқаро террорчи тузилмалар таъсирига тушиб, қўпорувчилик ҳаракатини содир қилишни мақсад қилган. 

Шу сабаб у Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган. Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Россияда қўлга олинган ва Ўзбекистонга олиб келинган.

Баттар бўлайлик! “UzAuto Motors” машиналарни “магнитофон”сиз чиқармоқчи

“UzAuto Motors” компанияси Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобилларини вақтинча магнитоласиз етказиб беради. Бу ҳақда компания Матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, микросхемалар етишмовчилиги UzAuto Motors компанияси учун ягона бўлган GM сертификатига эга автомагнитола ишлаб чиқарувчи “Humax” корхонасига ҳам таъсир кўрсатган. Жанубий Корея ишлаб чиқарувчиси автомагнитолани етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатган.

“COVID-19 сабабли яримўтказгичларга талаб кескин ортди. Бу эса, ўз навбатида, ҳозирги интеграл микросхемаларнинг етишмовчилигига олиб келди. UzAuto талабини бажариш учун биз имкон қадар ҳамма нарсани қиляпмиз. Бироқ биз бу глобал вазиятни, муаммони ўзимиз ҳал қила олмаймиз. Интеграл микросхемалар танқислиги натижасида юзага келган инқирознинг зарарини минималлаштириш учун Humax Automotive компаниясининг барча ходимлари ушбу вазиятни яхшилаш ҳамда хабардорликни ошириш учун кундалик ишларга жалб қилинган. Биз барча мавжуд воситалар ва ресурслардан ечим излаяпмиз”, дейилган Humax Automotive хабарида.

Сирдарёда 8 марта судланган ўта хавфли рецидивист яна жиноятга қўл урди

Гулистон шаҳрида яшовчи, саккиз марта судланиб, 27 йил қамоқда ўтирган 67 ёшли отахон яна жиноят содир этган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Гулистон шаҳрида яшовчи 67 ёшли С.Бобоев илгари саккиз маротаба судланиб, “ўта хавфли рецидивист” тамғасини олган. У ҳаётининг 27 йилдан ортиғини панжара ортида ўтказган. Лекин бундан тегишли хулоса чиқармасдан яна жиноятга қўл урди.

Ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганман – Президентнинг қизи “Sevimli”даги ахлоқсиз сериални танқид қилди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам “Sevimli” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Сабрия” сериалини танқид қилди.

“Мамлакатимизда, шубҳасиз, сўз ва ижод эркинлиги мавжуд.

Лекин бир томошабин сифатида “Севимли” каналида прайм-тайм вақти намойиш этилаётган, миллионлаб телетомошабинларнинг диққатини тортган “Сабрия” миллий сериалига нисбатан шахсий муносабатимни билдиришга ҳақлиман, деб ўйлайман. 

Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ. Сериал муаллифлари орасида бирорта аёл йўқлигига ҳам ишончим комил. Чунки ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман”, дейди Саида Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, сюжетда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича аниқ ва батафсил йўриқнома кўрсатишдан мақсад нималиги ҳам тушунарсиз. 

“Бу ҳолатдан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган. Ҳамкасб-аёллар ўртасидаги заҳар-заққумга тўла рақобат ғояси-ку, умуман, аёлларни одам ўрнида кўрмайдиган латифабозлардан илҳомланиб ёзилгандек. Ва ниҳоят, энг ёқимсиз ва  жирканч эпизодлар – аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ҳамда исноддан қутулишнинг ягона “тўғри” йўли – ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ. Нақадар "доно" маслаҳат!

Ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган”, дейди Мирзиёева.

Сўзида давом этаркан Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси бўлган Мирзиёева бадиий кино жамиятдаги қарашларни шакллантирадиган воситалардан бири эканини эслатиб қўйган.

“Умуман, кимки оммага таъсир ўтказа олса, оғзидан чиққан ҳар бир сўз учун масъулдир.

Биз гендер тенглиги ва аёлларга эҳтиром масаласини аҳоли онгига сингдириш учун зўр бериб ҳаракат қилаётган бир пайтда бундай сериаллар гендер тенглиги ривожланишига шаксиз тўсқинлик қилади. Уларда ҳеч қандай соғлом фикр йўқ. Бу – Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси, холос. 

Нима деб ўйлайсиз, ўзбекистонлик аёлларнинг обрўига жиддий путур етказаётган бундай саёз “ижод намуналари” яратишни бас қилишни талаб этишга ҳақлимизми? Қандай қилиб ўз жонига қасд қилишни экранда кўрсатиш мумкин, ахир?

Мен бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақираман. Аёлларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас! Бу ҳам хусусий, ҳам давлат кинематографига бирдек тааллуқли!”, дея сўзини якунлаган Саида Мирзиёева.

Олам

Дунёдаги энг кекса эркак вафот этди 

Дунёдаги энг кекса эркак испаниялик Сатурнино де ла Фуэнте Гарсия 112 ёшида Леонда вафот этди. Бу ҳақда Гиннеснинг рекордлар китоби сайтига таяниб хабар берилган.  

“Сатурнино де ла Фуэнте Гарсия 112 ёшу 341 кунлигида ўз уйида оламдан ўтди”, дейилади хабарда. 

Эркак 2021 йил 10 сентябрда Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган, ўшанда у 112 ёшу 211 кунлик бўлган. Сатурнино де ла Фуэнте 1909 йил 11 февралда Леонда туғилган. Таъкидланишича, эркак бўйи паст бўлгани (150 сантиметр) туфайли Испания фуқаролар уруши (1936-1939) даврида армияга чақирилмаган, кейин у ўзининг пойабзал бизнесини очиб, аскарлар учун пойабзал ясашни бошлаган. 

Эрдўған Башар Асад кимнинг шарофати билан иқтидорда қолаётганини айтди

Агар Россия Сурияни қўллаб-қувватлашдан бош тортса, Сурия Президенти Башар Асад ўз мамлакатида ҳокимиятда қола олмайди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған шундай фикр билдирди.  

“Суриянинг катта ҳудудида Американинг ҳарбий базалари бор, Россиянинг ҳам базалари бор. Бошқа томондан, террорчилик ташкилотлари Қўшма Штатлардан сезиларли ёрдам олган ва олишда давом этмоқда. Биз бу ёрдам бошқа берилмайди, дея оламизми? Йўқ, биз Байден (АҚШ Президенти Жо Байден) билан учрашувларимизда ҳамиша бу ҳақда гаплашганмиз. АҚШ “Биз кетяпмиз, кетяпмиз, бу ерда террор ташкилотларини қўллаб-қувватламаймиз”, деди. Албатта, улар ҳақиқатни гапирмаяпти”, деган Эрдўған Албаниядан қайтаётган самолёт бортида турк журналистларига. 

Эрдўған Россиянинг Украинага бостириб киришини баҳолади 

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россиянинг Украинага бостириб киришини реал ёндашув деб ҳисобламайди. Бу ҳақда у Албанияга ташрифи чоғида журналистларга гапирган. 

Эрдўғанга кўра, Украина инқирозини Россия Президенти Владимир Путин билан муҳокама қилиш зарур. 

“Россиянинг Украинага бостириб киришини мен реал ёндашув деб ҳисобламайман. Чунки Украина оддий давлат эмас. Украина кучли давлат. Қолаверса, Россия бу қадамни қўйиши учун бутун дунёдаги ва ўз вазиятини қайта кўриб чиқиши керак. Озарбайжон Президенти Алиев Украинада бўлди. Энди мен у билан гаплашаман. Албатта, жаноб Путин билан ҳам бу масалаларни муҳокама қилишимиз керак”, деган Эрдўған. 

Даллоллик қилиш Озарбайжонга қолдими? Алиев “катта оға”га қўнғироқ қилди

Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбатда Украинадаги вазият ҳамда Россия Федерациясининг АҚШ ва НАТО билан хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизматига таяниб хабар берилган.  

“Илҳом Алиевнинг яқинда Украинага қилган ташрифини инобатга олган ҳолда, Киевнинг бузғунчи чизиғи туфайли тўхтаб қолган Украинани ички тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди. Владимир Путин АҚШ ва уларнинг иттифоқчилари билан бўлган алоқалар ҳақида гапирди”, дейилган хабарда. 

Россия исталган вақтда Украинага ҳужум қилиши мумкин – Оқ уй

Россия исталган вақтда Украинага ҳужумга ўтишга тайёр. Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки бундай босқинчилик Москва учун жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.

“Ҳозир биз Россия исталган вақтда Украинага ҳужум қила оладиган босқичда турибмиз”, деган Америка Қўшма Штатлари Президенти Матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, Россия Президенти Владимир Путин Украина чегаралари бўйлаб 100 минг рус қўшинини тўплаш, шунингдек, қўшма машғулотлар, жумладан, Украинанинг шарқий чегарасида қўшимча машғулотлар ўтказиш учун Беларусга кучларини жойлаштириш орқали инқирозли вазиятни юзага келтирган.

Эрдўған Путин ва Зеленскийни “яраштириш учун” Туркияга чақирди

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия ва Украина Президентлари Владимир Путин ҳамда Владимир Зеленскийни икки давлат ўртасидаги “ихтилофларни бартараф этиш” учун Туркияга таклиф қилди. Бу ҳақда Туркия раҳбарининг расмий вакили Иброҳим Калин баёнот берди.

“Туркия Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги зиддиятни камайтириш учун ҳар қандай ролни ўйнашга тайёр. Президент Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар олиб бормоқда. Ҳақиқатан ҳам, у икки давлат раҳбарини агар хоҳласалар, Туркияга келишга таклиф қилган”, деган расмий вакил. 

Тўқаев Мудофаа вазирини алмаштирди

Қозоғистон Президент Қосим-Жомарт Тўқаев шу кунга қадар Ички ишлар вазири ўринбосари – Миллий гвардия бош қўмондони лавозимида ишлаб келган Руслан Жақсилиқовни Мудофаа вазири этиб тайинлади. Бу ҳақда “Оқ Ўрда” сайтида маълум қилинди.

“Руслан Жақсилиқов Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазири этиб тайинлансин”, дейилади фармонда.

Ўзбекистонга олиб ўтилган АҚШ самолётлари “Толибон”га берилмайди – Пентагон

Афғонистондан Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган АҚШ самолётлари “Толибон”га берилмайди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди. 

Қайд этилишича, ўтган ҳафта Пентагон раҳбари Ллойд Остин Мудофаа микроэлектроника фаолиятини саноат техник мукаммаллиги маркази сифатида белгилаган. Кирбига кўра, микроэлектроника кўплаб асосий қурол тизимларига имкон беради. Матбуот котибининг айтишича, бу ижобий қадам ҳисобланади. 

Таъкидланишича, АҚШ 2021 йилнинг август ойида Афғонистонни тарк этганида айрим афғон учувчилари мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли бўлган самолётда ўзлари ва оилаларини мамлакатдан ташқарига — Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб кетган. Улар орасида АҚШ томонидан тақдим этилган самолётлар ҳам бўлган.

Спорт

“Челси” ўртамиёна жамоа майдонида очко йўқотди

Кеча, 18 январь куни Лондоннинг “Челси” клуби Англия Премьер лигасининг 23-туридан ўрин олган “Брайтон”га қарши ўйинда очко йўқотди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.

28-дақиқада “аристократлар” ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ҳаким Зиеш Нголо Кантенинг узатмасидан сўнг, рақиб дарвозасини ишғол этди.

“Брайтон” эса Адам Уэбстернинг голи билан жавоб қайтарди. Ҳимоячи учрашувнинг 60-дақиқасидаёқ гол уриб, мувозанатни тиклади.

“Навбаҳор” сербиялик тўпурар билан келишувга эришди

Бугун, 19 январь куни Наманганнинг  “Навбаҳор” клуби Грузия чемпионатининг 2021 йилдаги энг яхши футболчиси ва тўпурари бўлган Зоран Марушич билан келишувга эришди

28 ёшли Марушич 2021 йилда “Динамо” (Тбилиси) сафида Грузия чемпионатида 16 та гол урган ҳолда мавсум тўпурари бўлди. Бундан ташқари у Грузия чемпионатининг энг яхши ҳужумчиси ва энг яхши футболчиси, деб топилган ҳамда чемпионат рамзий терма жамоасидан ҳам ўрин олган.

Ўзбекистонда “Рома” академияси ташкил этилади

Кеча, 18 январь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ҳамда Италиянинг “Рома” клуби вакили Карлос Перез ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 

Унда ЎФА вакиллари томонидан Ўзбекистонда “Рома” клуби академиясини ташкил этиш имкониятлари ҳақида айтиб ўтилди. Шунингдек, ўзбекистонлик иқтидорли футболчилар ҳамда мураббийларни Италияда малака ошириш ва тажриба алмашишларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Европада мавқеи юқори ҳисобланган “Рома” клубининг маркетинг тизимини ўрганиб чиқиб, Ўзбекистонда татбиқ этиш таклифи илгари сурилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

274

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг