Баттар бўлайлик! “UzAuto Motors” машиналарни “магнитофон”сиз чиқармоқчи
Технология
−
19 Январь 2022
41880“UzAuto Motors” компанияси Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобилларини вақтинча магнитоласиз етказиб беради. Бу ҳақда компания Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, микросхемалар етишмовчилиги UzAuto Motors компанияси учун ягона бўлган GM сертификатига эга автомагнитола ишлаб чиқарувчи “Humax” корхонасига ҳам таъсир кўрсатган. Жанубий Корея ишлаб чиқарувчиси автомагнитолани етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатган.
“COVID-19 сабабли яримўтказгичларга талаб кескин ортди. Бу эса, ўз навбатида, ҳозирги интеграл микросхемаларнинг етишмовчилигига олиб келди. UzAuto талабини бажариш учун биз имкон қадар ҳамма нарсани қиляпмиз. Бироқ биз бу глобал вазиятни, муаммони ўзимиз ҳал қила олмаймиз. Интеграл микросхемалар танқислиги натижасида юзага келган инқирознинг зарарини минималлаштириш учун Humax Automotive компаниясининг барча ходимлари ушбу вазиятни яхшилаш ҳамда хабардорликни ошириш учун кундалик ишларга жалб қилинган. Биз барча мавжуд воситалар ва ресурслардан ечим излаяпмиз”, дейилган Humax Automotive хабарида.
Таъкидланишича, “UzAuto Motors” компанияси автомобилларни етказиб бериш муддатининг узайиши, конвейерларнинг тўхтаб қолиши ҳамда ишчи ўринларнинг қисқаришини олдини олиш учун бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар томонидан бундай шароитларда амалда қўлланилган ягона тўғри қарорни қабул қилган, яъни автомобилларни магнитоласиз ишлаб чиқариш.
Бугун, 19 январь кунидан аввал тузилган шартномалар бўйича Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобиллари Humax компанияси томонидан компонентларни етказиб беришдаги узилишлар сабабли мижозларга магнитоласиз етказиб берилади. Қайд этилишича, харидорнинг розилиги билан амалга оширилувчи ушбу мажбурий чоранинг қўлланилиши юзлаб истеъмолчиларга узоқ кутилган автомобилларни яқин орада етказилишини таъминлайди.
Ушбу вазиятдан чиқиш учун магнитоласиз автомобиль харидорларига иккита вариант таклиф этилади:
• ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола қурилмаси ҳамда унинг ўрнатилиш харажатларининг қопланиши билан яқин орада ўз автомобилини магнитоласиз олиш. Хоҳишингизга кўра, бозордан ўзингизга ёққан хоҳлаган турдаги автомагнитолани UzAuto Motors расмий дилерларида ўрнатиш билан автомобилга берилган кафолатни йўқотилмайди;
• автомобилни кейинчалик текин қайта жиҳозлаш билан магнитоласиз олиб кетиш. Ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола етказиб берилгандан сўнг, автомобилни қайта жиҳозлаш.
“Сизни ишонтириб айтадики, юзага келган ноқулайликни минималлаштириш ва ҳар қандай вазиятда муроса қилиш учун имкон қадар барча ишларни қилади”, дея компания харидорлардан узр сўради.
LiveБарчаси