Тошкентда эмланмаган ходимлар ишдан четлатилмоқда
Жамият
−
19 Январь 2022
6748Тошкентда тадбиркорлик субъектлари ва бюджет ташкилотларида вакцина олмаган 1 минг 44 нафар ходим вақтинчалик ишдан четлатилди, 200 нафарига жарималар қўлланилди, 1 та объектнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида коронавирусга чалиниш ҳолати кескин ортиб, беморлар сони 5 минг 600 нафарга етган. Бугунги кунда беморларнинг 3 минг 297 нафари стационар, 2 минг 216 нафари амбулатор шароитда даволанмоқда.
Стационарда шароитда даволанаётганларнинг 2 минг 935 нафарининг аҳволи қониқарли, 229 нафари оғир, 133 нафари ўта оғир аҳволда.
Эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш ва ахборотларни мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва туманларда ҳудудий штаблар ташкил этилди.
Жорий йилнинг 17 январь куни ишчи гуруҳлар томонидан 305 та тадбиркорлик субъекти ва 203 та бюджет ташкилотида текширувлар ўтказилди. Натижада тадбиркорлик субъектларининг 359 нафар, бюджет ташкилотларининг 885 нафар ходими вакцина олмагани аниқланган.
Бунда, вакцина олмаган 1 минг 44 нафар ходим вақтинчалик ишдан четлатилган, 200 нафарига жарималар қўлланилган, 1 та объектнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.
Бундан ташқари, Миллий гвардия томонидан Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган 65 та бозор, 31 та истироҳат боғи ва хиёбонлар, 46 та оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектлар, 22 та стадион ва спорт мажмуалари, 6 та йирик савдо маркази ва 131 та жомеъ масжидида фуқароларга карантин қоидаларига риоя қилиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилган.
LiveБарчаси