Даллоллик қилиш Озарбайжонга қолдими? Алиев “катта оға”га қўнғироқ қилди
Олам
−
19 Январь 2022
13803Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбатда Украинадаги вазият ҳамда Россия Федерациясининг АҚШ ва НАТО билан хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизматига таяниб хабар берилган.
“Илҳом Алиевнинг яқинда Украинага қилган ташрифини инобатга олган ҳолда, Киевнинг бузғунчи чизиғи туфайли тўхтаб қолган Украинани ички тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди. Владимир Путин АҚШ ва уларнинг иттифоқчилари билан бўлган алоқалар ҳақида гапирди”, дейилган хабарда.
Таъкидланишича, Россия Президенти Алиев билан КХШТнинг Қозоғистондаги тинчликпарвар амалиётини ҳам муҳокама қилган.
“Қозоғистонда содир бўлган сўнгги воқеалар юзасидан фикр алмашиш чоғида вазият, хусусан, КХШТ тинчликпарвар кучларининг иштироки туфайли тезда барқарорлашганидан мамнунлик билдирилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, томонлар Россия-Озарбайжон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш ниятларини тасдиқлаган. Қайд этилишича, суҳбат Озарбайжон томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 14 январь куни Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Украинага борди.
Расмий ахборотларга кўра, Зеленский ва Алиев Киевдаги учрашувда Демократия ва иқтисодий тараққиёт ташкилоти (ГУАМ — Грузия, Украина, Озарбайжон, Молдова) мамлакатларини бирлаштирувчи транспорт йўлаги яратиш истиқболларини муҳокама қилган. Бироқ улар Россия-Укриана ўртасидаги вазиятни ҳақида гаплашгани очиқланмаган.
Маълумот ўрнида, Россия Ғарбда Украинага нисбатан ўзига хос тажовузкор режаларни инкор этмоқда. Бироқ унинг НАТОга қўшилиш имкониятини “қизил чизиқлар”дан ташқарига чиқиш деб билади ҳамда Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларидан бундай бўлмаслиги учун кафолат талаб қилмоқда.
Ўтган ҳафтада Россия Ғарб давлатлари билан Украина атрофидаги вазият ва Европа хавфсизлиги бўйича учта музокара ўтказди. Женева, Брюссель ва Венадаги учрашувлар томонларнинг НАТОни кенгайтириш масаласига ёндашувларидаги фарқни тасдиқлади ва алоқаларни давом эттириш бўйича келишувларсиз якунланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь