Бухородаги Ички ишлар бўлимидан сўроққа чақирилган фуқаронинг ўлиги чиқди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятидаги Ички ишлар бўлимида бир фуқаронинг вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан боғланди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 17 январь куни Бухоро вилояти прокуратурасига Ғиждувон тумани 4-сонли ички ишлар бўлими биносида фуқаро И.Т.нинг вафот этгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойига вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи ва туман ҳокими ҳамда вилоят прокуратураси тергов-тезкор гуруҳи етиб борган.

Аниқланишича, 17 январь куни Ғиждувон туман Ички ишлар бошқармасига фуқаро Ф.Қ. ариза билан мурожаат қилиб, ҳудудда гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланиб келаётган А. исмли шахсга чора кўришни сўраган.

Ариза асосида ички ишлар тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ариза муаллифи Ф.Қ.га 3 дона гугурт қутиларига жойлаштирилган 12,61 грамм марихуанна гиёҳвандлик моддасини 1 миллион 350 минг сўмга сотган А.Р. ушланган. Ашёвий далиллар билан ушланган А.Р. билан ўтказилган суриштирув жараёнида, у марихуанна гиёҳвандлик моддасини тумандаги “Ғишти” қишлоғида яшовчи 1960 йилда туғилган И.Т.дан сотиб олгани ҳақида иқрорлик кўрсатувларини билдирган. 

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида фуқаро И.Т. тумандаги 4-сонли ИИБга чақирилган. ИИБга етиб келган И.Т.нинг соғлиги ёмонлашган ҳамда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан зудлик билан тез тиббий ёрдам чақирилган. Бироқ, етиб келган шифокорлар фуқаро И.Т.нинг вафот этганини қайд этган.

Айтилишича, вилоят прокуратурасининг тергов-тезкор гуруҳи томонидан 4-сонли ИИБ маъмурий биноси, хизмат хоналари ва бино ён атрофи кўздан кечирилиб, ҳолатга алоқадор излар ёки шубҳали ҳолатлар аниқланмаган. Бундан ташқари, бинога ўрнатилган кузатув камералари кўздан кечирилган ҳамда уларнинг хотира мосламалари олиб қўйилган. Шунингдек, И.Т.нинг ўғли Ш.Т. ҳодиса жойига чақирилиб, унинг иштирокида мурда кўздан кечирилган. Мурдани кўздан кечириш жараёнида мурда танасида тан жароҳатлари ёки унинг излари топилмаган.

“Тиббий экспертиза бирламчи хулосасига асосан фуқаро И.Т.нинг ўлимига юрак қон томирлар тромбози, ўпка яллиғланиши оқибатида келиб чиққан ўткир юрак қон томир етишмовчилиги сабаб бўлган.

Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмасининг маълумотига кўра, И.Т. муқаддам юрак хуружи бўйича даволаниб келгани ҳамда жарроҳлик амалиёти орқали битта буйраги олиб ташлангани аниқланган”, дейилади хабарда.

Ҳозирда, фуқаро А.Р.дан гиёҳвандлик моддаси олингани ҳолати юзасидан Ғиждувон туман ИИБ ТБ томонидан ЖКнинг 273 - моддаси 5-қисми жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. И.Т.нинг вафот этгани ҳолати юзасидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Текширув давомида, Ғиждувон туман ИИБ ходимларининг ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида хизмат текшируви тайинланган. Терговга қадар текширув натижаси юзасидан қўшимча равишда маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ ва май ойида Андижон шаҳар ИИБда ўтказилган терговлардаги қийноқлар сабаб икки фуқаро вафот этганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1180

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг