Бу трансфер менга жуда керак эди — Роналду МЮга ўтишининг сабабини айтди

Спорт 13842
image

Португалиялик футбол юлдузи Криштиану Роналду “Манчестер Юнайтед”га ўтганидан сўнг, клуб матбуот хизматига илк бор интервью берди. МЮ расмий сайти ушбу интервьюни мухлислар эътиборига ҳавола этди.

— Криштиану, яна бир бор “Манчестер Юнайтед” футболчиси эканлигингизни ҳис қилиш қандай бўлмоқда?

— Биласиз, бу клуб билан фантастик тарихим бор. Бу ерга 18 ёшимда келганман ва 12 йилдан сўнг қайтишдан хурсандман. Жамоа таркибидаги илк ўйинимни сабрсизлик билан кутяпман.

— Клубга қайтишингизда Сэр Алекснинг ўрни қандай бўлди?

— 18 ёшимда бу ерга келишимга айнан Сэр Алекс сабабчи бўлганди. Сэр Алекс – футболдаги отам. У менга кўп ёрдам берган ва фикримча қайтишимга асосий сабабчи ҳам айнан у. Орамиздаги муносабатлар аъло даражада, доимо гаплашиб турамиз, у ёқимли инсон. Уни ростдан ҳам яхши кўраман. Бу ерга келганим айнан унинг шарофатидир.

— Ҳаётингиз ва фаолиятингиздаги айнан шу қисмига келиб бу ерга қайтганингизнинг сабаби нима?

— Менимча, ушбу қарорга келиш учун айни фурсат эди. Бу трансфер менга керак эди. “Ювентус”дан МЮга келдим – бу китобимнинг янги боби. Жуда хурсандман, тарихда ўз изимизни қолдириб, жамоага совринлар ютишда ёрдам бермоқчиман”.

— “Юнайтед” мухлисларига қандай айтар гапларингиз бор?

— Мухлислар – футболдаги асосий фактор. Энди ўтган йилги каби стадионлар бўм-бўш бўлмайди. Мухлислар – муваффақият калити. “Манчестер Юнайтед” мухлисларини яхши биламан, улар ўзгача. Улар ҳали ҳамон мен ҳақимда қўшиқлар куйлашини биламан, бу эса мени янада бахтлироқ қилади. Уларнинг олдидаги мажбуриятим эса – майдонда яхши ҳаракат қилиб, қўлимдан келганча голлар уриб, жамоага ёрдамимни аямаслик”, дейди Роналду.

Маълумот учун, Криштиану 2003-2009 йиллар давомида айнан МЮда тўп сурган. Бу муддат давомида у барча мусобақаларда 196 та ўйинда майдонга тушиб, 84 та гол уришга муваффақ бўлган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 803
Рейтинг: 3
t
×