АҚШ, Британия ва Канада Эронга қарши санкцияларни кенгайтирмоқда

Олам

image

Эроннинг Исроилга ракета ҳужумига жавобан АҚШ, Буюк Британия ва Канада кеча, 25 апрель куни Теҳронга қарши янги санкциялар жорий қилди. Чекловчи чоралар биринчи навбатда дрон савдоси ва уларни ишлаб чиқаришга қарши қаратилган.

АҚШ Молия вазирлиги баёнотида 16 компания, саккиз жисмоний шахс, бешта кема ва бир самолёт Теҳронга дронларни сотиб олиш учун кўрсатган ёрдами муносабати билан санкция қилинганини билдирган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, тўрт компания ва икки шахс Эрон учувчисиз самолётларини ишлаб чиқаришда иштирок этгани учун санкцияга учраган. Бундан ташқари, дронларни яратишда қўлланилиши мумкин бўлган бутловчи қисмларни экспорт қилишга қўшимча тақиқ жорий этилди. 

"Биз Эроннинг беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатлари учун жавобгарларни жавобгарликка тортамиз", дейди Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон.

Канада эса икки жисмоний ва икки юридик шахсни жазолади. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, санкциялар G7 иттифоқчилари билан келишилган ҳолда киритилган.

Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви

1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.

Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.

Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.

Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.

19 апрель куни эрталаб Американинг ABC телеканали АҚШ расмийсига таяниб, Исроил Эрон ҳудудидаги объектга ракета зарбаси бергани ҳақида хабар берди. CNN америкалик мулозимга таяниб, бу ҳужум Исроилнинг 14 апрелдаги Эрон ҳужумига жавоби бўлганини таъкидлади.  

Эрон матбуотида эса мамлакат шаҳарларига ҳеч бир давлат томонидан ҳужум қилинмагани ҳақида хабар берилди. Эрон Миллий киберкосмик маркази вакили Ҳусайн Далирян Х’даги саҳифасида Исфаҳон шаҳри осмонида уриб туширилган учувчисиз самолётлар республика ҳудудидан учирилганини ёзди. Эрон армияси қўмондони генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий Исфаҳон осмонида эшитилган портлаш ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг номаълум объектларга қарши ишлаши натижасида содир бўлганини айтди. “Reuters” агентлиги Эроннинг юқори мартабали мулозимига таяниб, Эрон ўз ҳудудига қилинган ҳужумга ҳозирча жавоб қайтармоқчи эмаслигини ёзган бўлса, CNN Исроил ва Эрон бир-бирига қарши янги ўзаро зарбалар бериш ниятида эмаслигини хабар қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Буюк Британия Исроил Канада

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг