Қашқадарёда вояга етмаган қизга жинсий тегажоғлик қилинди (видео)
3-саҳифа
−
26 Апрель
61162Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида бир йигитнинг вояга етмаган қизга жинсий тегажоғлик қилгани акс этган видео тарқалиб, кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Болалар омбудсманига жорий йилнинг 24 апрель куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро О.Ю.дан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда Чироқчи туманида яшовчи вояга етмаган қиз Б.Б. (2006 йилда туғилган)га нисбатан жинсий тегажоғлик қилиниб, бу видеога олингани ва тасвирни тарқатиш билан таҳдид қилинаётгани билдирилган.
Аниқланишича, 2023 йилнинг июль ойида Б.Б.га Ш.Х. томонидан жинсий тегажоғлик қилиниб, бу ҳолат бошқа шахс Ж.М. томонидан телефон орқали видеотасвирга олинган. Кейинчалик Ж.М. видеотасвирни тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, қиздан товламачилик йўли билан пул олган, аммо шундан кейин ҳам видеотасвирни тарқатиш билан таҳдидни давом эттириб, товламачилик қилиб келган.
Мазкур ҳолат бўйича Б.Б. (2006 йилда туғилган) 2024 йилнинг 30 март кунига келибгина туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
Терговга қадар текширув доирасида судга оид тиббиёт, криминалистика ва биология экспертизалари тайинланган.
Бош прокуратура матбуот котибига кўра, жорий йилнинг 8 апрель куни Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 118-моддаси 1-қисми (Номусга тегиш) ва 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур жиноят иши Қашқадарё вилояти прокуратураси назоратида, Болалар омбудсмани бу борада ўз кузатувини давом эттирмоқда.
LiveБарчаси