6 йилга қамалган Салимбой, террор қуршаган Россия, жиноятда айбланаётган логопед, Каримовнинг “запрет” видеоси – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Россияда Путиннинг сайловдаги навбатдаги ғалабаси ортидан даҳшатли теракт содир этилди. Туркияда таниқли ошпаз ва ижтимоий тармоқ феномени Нусретнинг ресторанига ҳужум уюштирилди. Ғазода ҳалок бўлган болалар 14 мингдан ортди. Ўзбекистонда эса 7 яшар қизни аммаси ваҳшийларча ўлдирди. Шу ва бошқа қатор муҳим воқеалар таҳлили билан камералар қаршисида Қамариддин Шайхов ва биз бошладик. 

Дастуримизни Москвадаги кўпчиликни ларзага келтирган терактдан бошласак. 22 март куни кечки соатларда Москвадаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт мажмуасида қуролланган шахслар мажмуадагилар ва томошабинларга қарата ўқ уза бошлади. 

Ҳужум оқибатида бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди, атрофни қуюқ тутун қоплади. Ҳужум қуролланган уч киши томонидан амалга оширилгани хабар қилинди. 

Айни вақтгача қурбонлар сони 70 дан ошди ва кўпайишда давом этмоқда. Россия тергов қўмитаси ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. 

Бир неча кун аввал сайловдаги ғалабасини нишонлаб, кўплаб давлатлар раҳбарларидан табрикларни қабул қилган Президент Владимир Путинга бу гал таъзиялар йўлланди. Хусусан ҳамдардлик билдирганлар орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор. 

Мирзиёев йўллаган таъзияномада Ўзбекистон тинч аҳолига қарши қаратилган бу террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаши билдирилган.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасидан маълум қилинишича, қурбонлар орасида ўзбекистонликлар аниқланмаган. 

Ўзбекистон раҳбари вафот этганларнинг яқинларига бардамлик, барча жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

“Reuters”, “The New York Times”, “Al Arabiya” каби оммавий ахборот воситалари “Крокус Сити Ҳолл”даги терактни ИШИД террорчилик гуруҳи уюштирганини айтиб чиқди. Бироқ, бу маълумотлар тасдиқланганича йўқ. 

Ер тагида илон қимирласа биладиган Америка эса ушбу теракт содир этилишини ҳам аввалдан башорат қилган бўлиб чиқди. Гап шундаки, АҚШнинг Москвадаги элчихонаси жорий йилнинг 7 март куни мурожаат билан чиқиб, унда экстремистлар Москвада аҳолининг йирик йиғинларини, жумладан, концертларни нишонга олишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни кузатаётганини қайд этиб, АҚШ фуқароларига кейинги 48 соат ичида катта йиғилишларда иштирок этмасликни тавсия қилган. Шунингдек, Америка разведкаси Россияни “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик гуруҳи Россия ҳудудида терактлар уюштиришни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирган. 

Украина эса терактга алоқаси йўқлигини айтиб чиқди. Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг махсус видеомурожаатида айтилишича, Украина ҳеч қачон террористик уруш усулларидан фойдаланмаган. У сўзида Россиянинг мавжуд ҳукумати ўз фуқароларига қарши маълум терактлар қўллаган кўплаб ҳолатлар тарихда содир бўлганини айтиб, галдаги терактни Ҳукуматнинг ўзи уюштирган бўлиши мумкинлигига шама қилди. 

Подоляк ушбу терактдан анча олдин, яъни 9 март куни Россиядаги хорижий давлатларнинг дипломатик вакиллари терактлар содир этилиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирилганига ҳам эътибор қаратган.

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Москвада содир этилган терактни кескин қоралади ва агар теракт ортида Киевнинг қўли бор бўлса, ўша қўлни кесишини билдирди. 

“Уларнинг барчаси топилиб, террорчилар сифатида шафқатсизларча йўқ қилиниши керак. Жумладан, бундай ваҳшийликка йўл қўйган давлат амалдорлари ҳам. Ўлим учун фақат ўлим”, дейди Медведев. 

Гап боши Путин билан бошланган экан шу баҳонада унга оид яна хабарни айтиб кетсам. Россияда ўтказилаётган Президент сайловидан оламшумул натижа кутилмаётган бўлса-да, галдаги сайлов ҳам синчков билан кузатилди. Ва охир-оқибат кутилганидек Владимир Путин яна бир бор мамлакат Президенти лавозимини эгаллади. 

У 87,3 фоиз овоз олди. Қолганлар уч номзоднинг овозлари лоақал 5 фоизга етгани йўқ.

Путинни биринчилардан бўлиб Боливия, Венесуэла, Никарагуа, Шимолий Корея, Ўзбекистон, Тожикистон каби давлатлар раҳбарлари табриклаган бўлса, Ғарб давлатлари сайловни адолатсиз деб атади. 

Жумладан, Европа Иттифоқи Кенгаши раиси Шарль Мишель Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Россияда бўлиб ўтаётган президентлик сайлови билан боғлиқ истеҳзоли баёнот эълон қилди. У Россияда сайлов бошланмасиданоқ Путинни “ишончли ғалаба”си билан табриклади.  

Германия ҳукумати эса овоз беришни цензура, репрессия ва зўравонликка асосланган авторитар ҳукмдор давридаги сохта сайлов деб атади. Германия Президенти Франк-Вальтер

Штайнмайер Путинни табрикламоқчи эмаслигини ва унга хат жўнатилмаслигини маълум қилган. 

Франция Ташқи ишлар вазирлиги Россияда эркин, плюралистик ва демократик сайловлар учун шартлар яна бир бор бажарилмаганини таъкидлаб, сайлов ҳеч қандай холис халқаро кузатувсиз ўтганини қайд этди.

“Россиядаги президентлик сайловларини қонуний, эркин ва адолатли деб ҳисоблаш мумкин эмас. Овоз бериш аҳолига нисбатан қаттиқ репрессия шароитида ўтди, бу эса эркин демократик танловни имконсиз қилди”, дейилади Польша Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. 

Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон ҳам Россиядаги сайловларга ўз муносабатини билдирди. 

“Путин ўзининг сиёсий рақибларини йўқ қилади, оммавий ахборот воситаларини назорат қилади ва кейин ўзини ғолиб деб эълон қилади. Бу  – демократия эмас”, дейди у.

Литва Ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис ҳам Россиядаги сайловларни демократик ирода ифодаси деб ҳисоблаш мумкин эмаслигини айтиб, натижаларни тан олмаслигини таъкидлади.

АҚШ маъмурияти эса Путин сиёсий рақибларини қамоққа ташлагани ва бошқаларнинг сайловда қатнашишига тўсқинлик қилганини инобатга олишга чақириб, бу сайлов очиқ ҳам, адолатли ҳам бўлмаганини урғулади.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Оқ уй баёнотини изоҳлар экан, бу тинглашга арзимайдиган фикр эканини айтган. 

“Дунёдаги ҳамма тушунади, бу шахс тарихда тез-тез содир бўлганидек, шунчаки ҳокимиятга “касал” бўлиб, ҳукмронлик қилиш учун ҳамма нарсани қилади”, деди Украина Президенти Владимир Зеленский.

21 март куни тонгги соат 05:00 атрофида дунёга машҳур ресторанлар тармоғи эгаси туркиялик Нусрет Гўкченинг Истанбулдаги ресторанига қуролли ҳужум уюштирилди. 

Ҳуқуқ-тартибот органларининг билдиришича, Нусретнинг Бешиктош туманидаги ресторанида отишма юз берган. Мотоциклда келган икки киши емакхонага ҳужум қилиб, воқеа жойидан яширинган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқлиги айтилмоқда.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ҳудуддан 11 дона бўш патрон топилган. Қоровул ҳужум содир бўлган заҳоти полицияга қўнғироқ қилган. Фақатгина ресторан зарар кўрган. Айни пайтда хавфсизлик камералари ёзувлари текширилиб, чақирилмаган меҳмонларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда.

Аниқланишича,  ушбу ҳужумдан олдин худди шу ресторанда автомобиллар тураргоҳи ходимлари ва мотоциклга ҳужум қилганлар ўртасида можаро чиққан. Ушбу ҳодисага алоқадорлар ва гумондорлар қўлга олиниб, қамоққа олингани билдирилди.

16 март куни ўзбекистонлик 43 ёшли Дурдона Султонова АҚШнинг Пенсильвания штатида жойлашган Монтгомери округидаги уйида собиқ эри томонидан ўлдирилди. 

Султонованинг 44 ёшли Ал Аллаберг исмли собиқ турмуш ўртоғи аёлнинг хонадонига бостириб борган ва унинг кўкрак қафасига бир неча марта ўқ узган. Собиқ хотинининг ўлганига ишонч ҳосил қилган Аллаберг ўзининг бошига ўқ отиб, жонига қасд қилган.

Расмийлар 17 март куни Қуйи Мореленд шаҳарчасида қотиллик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолати содир бўлгани ҳақида хабар берган. Расмий баёнотда аёлнинг ўлими қотиллик, эркакники эса ўз жонига қасд қилиш сифатида келтирилган. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Полицияга 17 март куни 911 рақами орқали икки нафар вояга етмаган болалар қўнғироқ қилган. Улар соат 16:38 лар атрофида жиноят содир этилган хонадонга етиб борган. Жасадлар уйнинг ётоқхонасидан топилган. Билдирилишича, 12 ва 10 яшар болалар марҳум эр-хотиннинг фарзандлари бўлган. Айни дамда улар холасининг қарамоғида экани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, Дурдона Султонова Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети битирувчиси бўлиб, магистратурани Японияда ўқиган. Кейин эса АҚШга кўчиб ўтган. Унинг эри ҳам ЖИДУ битирувчиси бўлган.

Тошкент вилояти Бўка тумани Чўлобод қишлоғида яшовчи аёл 7 яшар жиянини уриб ўлдирди. 

Бекобод тумани Зафар шаҳарчасида яшовчи эр-хотин икки нафар қизини Бўка туманида яшовчи синглиси қарамоғига ишониб топширган ва Россияга ишлагани кетган. Ота-онаси хорижда ишлаб юрганда, болалар ҳар куни калтак еб, аммаси тарафидан зулм кўрган. 

Жорий йилнинг 12 март куни соат 01:00 да васийликка ишониб берилган аёл қариндошларининг кичик қизи, 2017 йилда туғилган қизнинг дарс тайёрламагани ва ёлғон гапирганини важ қилиб, ўзини қизнинг мазкур хатти-ҳаракатлари учун гўёки жазолаётгандек кўрсатиб, ўта шафқатсизлик билан унинг танасининг турли жойларига қўллари ва ёғоч бўлаги билан уриб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан 12 март куни Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 13 март куни аёлга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Орадан икки кун ўтиб, 15 март куни туман марказий тиббий бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, қизалоқ жонлантириш бўлимида вафот этган. Боланинг ота-онаси жанозага ҳам етиб келолмаган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда логопед Дилором Жабборованинг дудуқланишдан азият чекаётган болани сўкиниш орқали ҳамда қўрқитиш усулида “даволаётгани” акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, ҳолат юзасидан Юнусобод тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланганди.Эндиликда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Билдирилишича, Юнусобод тумани Ички ишлар бўлими олиб борган терговга қадар текширув материаллари Юнусобод тумани прокуратураси томонидан назорат доирасида ўрганилиб, экспертлар ишчи гуруҳи хулосаси ва аниқланган бошқа ҳолатлар асосида, Жабборованинг ҳаракатларида алдаш ва одамларни ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган ва жорий йилнинг 27 февраль куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Юнусобод тумани Ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Болалар омбудсмани логопед Дилором Жабборованинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун сўров киритган. Шу асосда малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўтказган ўрганиш натижасида Жабборованинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда экани, унинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган.

Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур иш бўйича ўз кузатувини давом эттиришини билдирган.

Бухоро вилояти Когон туманида мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учради. Оқибатда икки киши ҳалок бўлди. 

Ҳодиса бугун, 18 март куни соат 10:30 лар атрофида Бухоро вилоятининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи А-380б автомобиль йўлининг 32-километри ҳамда 4Р-69 автомобиль йўлининг 6-километри кесишган чорраҳада содир бўлган.

1991 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувида бўлган автобус ҳамда 1984 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувида бўлган юк автомобили тўқнашиб кетган.  

ЙТҲ оқибатида икки нафар автобус йўловчиси оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган. 

Ҳодиса ортидан Бухоро вилояти ички ишлар тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дарҳол терговга киришилган. 

Бундан ташқари, Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда айрим мансабдор шахслар мактаб болаларини автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил қилишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.

16 март куни Самарқанднинг Боғишамол даҳасидаги Озод Шарқ кўчасида 13 яшар бола Damas автомобилига оёғидан кишанланган ҳолда топилди. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг собиқ ходими томонидан банди қилинган. Болани бу ҳолатда кўрган атрофдагилар Ички ишларга қўнғироқ қилган. Ходимлар зўравон шахснинг собиқ Ички ишлар ходими эканини билгач, атрофдагиларга бу ҳолатнинг зўравонлик бўлмагани ҳақидаги далолатномага қўл қўйдириб олган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2011 йилда туғилган Пахтачи тумани “Қалқон-жасорат ҳарбий спорт мактаби”да таҳсил олувчи 6-синф ўқувчисининг васийлари мазкур мактаб ўқитувчисини чақирган. Қизиғи, улар ўқитувчидан болани хулқи оғирлиги туфайли Самарқанд вилояти “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Маркази”га олиб боришни сўраган. Ўқитувчи экани айтилган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг собиқ ходими бўлган.

Мактаб ўқитувчиси, яъни ўша собиқ Ички ишлар ходими гўёки автомашинадан тушиб қочиб кетмасин, деган важ билан болани автомобилнинг орқа ўриндиғида ғайриқонуний тарзда оёқларини темир занжир билан боғлаб қўйгани аниқланган. 

“Бола қандай хулқда бўлишидан қатъи назар унга нисбатан бундай ғайриинсоний, ноқонуний чора кўрилишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бу боланинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги ҳуқуқига зиддир”, дейди Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова.

Ҳозирда болага тиббий, психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Дарвоқе, бу ҳолатга Болалар омбудсманидан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи – Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳам муносабат билдирди. 

Унинг сўзларига кўра, жамоатчиликни ларзага келтирган бу ҳодиса кўрилаётган чора-тадбирлар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш учун ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди. 

“Самарқандда рўй берган воқеа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан назоратга олинган. Бироқ биз қуруқ баёнот билан чекланиб қолмай, жабрланувчининг соғломлаштирилиши, таълим олиши ва нормал шароитда яшаши, барча зарур шароитлар яратилиши учун ғамхўрлик кўрсатамиз. Ким бўлишидан қатъи назар қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланишига ишонтириб қоламан”, дейди Мирзиёева.

1991 йил Наманган. Ўшанда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати террорчилик ташкилоти раҳбари Тоҳир Йўлдош ўртасида ҳокимлик биносида кечган суҳбатдан кўпчиликнинг хабари бор. Бундан 33 йил содир бўлган ушбу воқеанинг интернетда видеоси мавжуд. Ҳатто, давлат телевидениеси томонидан эфирга узатилган ҳужжатли фильмлар, хусусан Президент Каримов вафотига оид хотира дастурларидан ҳам ўша воқеалар кадрлари ўрин олган. 

Эндиликда ушбу видео судга оид диншунослик экспертизасининг 2023 йил 17 октябрдаги хулосасига кўра, экстремистик ва конституциявий тузумга тажовуз қилишни ифодаловчи материаллар қаторига киритилди. 

Орадан 33 йил вақт ўтишига қарамай, бугун мазкур видеони кимгадир юборган шахс конституциявий тузумга тажовуз қилган ҳисобланади.

“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, айни пайтда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани "Чирчиқ" маҳалласи Шодон кўчасида яшовчи фуқаро шу видео ҳаволасини отасига улашгани учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш) билан айбланмоқда. 

Гумонланувчи ўтган йилнинг сентябрь ойида отасига Каримов ва Тоҳир Йўлдош иштирокидаги видеони жўнатгани учун қўлга олинган. Суд-теологик экспертизаси ҳам ушбу видеони “экстремистик” хусусиятга эга деб топган. 

Экспертларнинг фикрича, 2009 йилда ўлдирилган Тоҳир Йўлдошни 2016 йилда Олий суд экстремистлар рўйхатига киритган. Шу боис ҳам унинг нутқи ёки сурати туширилган ҳар қандай материаллар амалдаги давлат тузумига тажовуз сифатида баҳоланади.

Давлат хавфсизлик хизмати тугаётган ҳафтада Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасида иккита яширин ерости йўлини аниқлади ва улар орқали товар-моддий бойликларни мамлакатга олиб ўтиш билан шуғулланган икки давлат фуқароларидан иборат трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятини фош қилди.

ДХХнинг Андижон вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Хонобод шаҳрининг Алишер Навоий МФЙ ҳудудини Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи 2 та яширин ерости йўли аниқланган. 

Дастлаб Қирғиз Республикаси фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга 16 та қопда жами 813 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, мамлакатдан эса 1 кг 745 грамм олтин ёмбилари ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. 

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳридаги бошқа шериклари аниқланган. Жиноий шерикларга тегишли 10 та манзил кўздан кечирилганида, у ерда мазкур ерости йўлаклари орқали олиб ўтилган мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбук ва уларнинг аксессуарлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. 

Маълум қилинишича, ҳар икки ерости йўли 20 метр чуқурликда жойлашган, кенглиги 70-80 сантиметрни, баландлиги 170-180 см, биринчисининг узунлиги 350 метрни,  иккинчисиники эса 135 метрни ташкил қилади. 

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Халқ орасида "Салимбойвачча" номи билан машҳур Салим Абдувалиев 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида бўлиб ўтган ёпиқ суд мажлисида Салим Абдувалиев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 248-моддаси 2-банди билан (ноқонуний қурол-яроғ сақлаш) айбдор деб топилган. Суд иши юзасидан апелляция шикояти юборилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев (“Салимбойвачча”) Ўзбекистонда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ноябрь ойида бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида Тошкентнинг Файзобод даҳасида жойлашган уйидан олиб кетилган.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевга кўра, Салим Абдувалиевнинг ноқонуний қурол сақлаётгани аниқланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси билан иш қўзғатилган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.

Исроил армиясининг Ғазо секторига 7 октябрдан бери давом этган зарбалари оқибатида қурбон бўлаётган фаластинлик болалар сони тугаётган ҳафтада 14 мингга етди. 27 бола тўйиб овқатланмаслик ва сувсизлик туфайли вафот этган ва улар орасида икки ойлик чақалоқ Муҳаммад ҳам бор. 17 минг бола ота-онасидан айрилган. Камида 1,1 миллион киши озиқ-овқат захираларини тугатган ва ҳалокатли очарчилик хавфи остида қолган.

Айни кунларда эса кўпчилигимиз саҳарликка ва ифторликка нима ейиш, қандай тансиқ таом билан ўзимизни сийлаш ҳақида бош қотириш билан оворамиз. Йўқ, таъна қилмаяпман, топганингиз сизники, истаганингизча енг, шунчаки, шукрни унутиб қўйганингизни ёдга солай дедим. Саломат бўлинг!


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг