Тожикистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Москвада вафот этди
Олам
−
26 Апрель
6411Тожикистон бош вазирининг собиқ биринчи ўринбосари, Душанбенинг собиқ мэри Юрий Поносов Москвада тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилаётганда вафот этди. Бу ҳақда “Регнум” манбаси хабар қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, 83 ёшли Юрий Поносов жорий йилнинг 20 апрель куни касал бўлиб қолган.
“Тез ёрдам чақиришди, лекин у шифохонага кетаётганда вафот этди. Ўлимнинг дастлабки сабаби юрак-қон томир етишмовчилигидир”, дейди нашр манбаси.
Юрий Филимонович Поносов 1941 йил 24 мартда туғилган. Тожикистонда таниқли партия ва давлат арбоби бўлган, мамлакат Коммунистик партияси Марказий Комитети аъзоси, Тожикистон ССР Олий Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият олиб борган.
1990 йилдан Поносов Тожикистон ССР Қурилиш вазири бўлиб ишлаган ва республика мустақиллигини эълон қилганидан кейин ҳам ўз лавозимида қолган.
1994-1996 йилларда Душанбе мэри бўлган. 1996 йилда Юрий Филимонович мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари бўлган ва у бу лавозимда икки йил ишлаган. Аммо 1998 йилда у Москвага кўчиб кетган ва у ерда Россия Давлат қурилиш қўмитасида ишлаган.
Меҳнатлари учун у “Шон-шараф белгиси” ордени ва иккита медаль билан тақдирланган.
Маълумот учун, ҳозирда Душанбе мэри мамлакат Президенти Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомалидир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Валерий Атаев 75 ёшида Москвада вафот этганди. У ҳақидаги тўлиқ маълумотни қуйидаги ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.