Ўзбекистондан воз кечиб кетган Атаев ким эди?
Таҳлил
−
08 Февраль
39567Жорий йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистонда 1995 йилдан 2003 йилгача бош вазир бўлган Ўткир Султоновнинг собиқ ўринбосари Валерий Атаев 75 ёшида Москвада вафот этди. Дастлабки маълумотларга кўра, у табиий сабаблар билан вафот этган, бироқ полиция томонидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Сизда бу одам ким ўзи, агар у Ўзбекистонда юқори амалда ишлаган бўлса, уни Россияга кетишига нима сабаб бўлган, деган саволлар туғилиши табиий. Келинг, бугун ўз вақтида республикада муҳим “курси”ни эгаллаган, аммо кейинчалик Россияда ҳибсга олинган шахс Валерий Атаев ҳақида гаплашамиз.
Валерий Атаев 1948 йил 18 мартда туғилган. 1971 йилда у Тошкент Политехника институтини муҳандис-электротехника мутахассислиги бўйича тамомлаган. Бир қанча энергетика компанияларида ишлаган. 1988 йилдан 1993 йилга қадар Тошкент электр тармоқларини директор сифатида бошқарган. 1993 йилдан 1999 йилгача эса Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрификация вазири, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Электр энергетика кенгаши вице-президенти лавозимларида фаолият юритган.
Шунингдек, у 1999 йилдан 2004 йилгача бош вазир ўринбосари – Ёқилғи-энергетика комплекси раҳбари бўлган. Шу билан бир даврда у “Ўзнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси бўлиб ҳам ишлаган.
Сиёсатчи унинг иштирокида Россиянинг “Лукойл” компанияси Ўзбекистонда нефть конларини ажратиб бергани билан ҳам машҳур. Аммо у Ўткир Султоновдан сўнг бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги бошланганидан бир йил ўтиб, яъни 2004 йилда нафақага чиқади. Интернетда ҳам шу йилдан сўнг унинг ҳаётига оид маълумотлар топилмади. Аммо 2009 йилга келиб, у Москвага жўнаб кетади ва собиқ амалдорнинг ҳаётидаги ҳамма машмашалар шундан кейин бошланади.
Атаев Россияга жўнаб қолганидан сўнг, Ўзбекистонда унга қарши мамлакат Жиноят кодексининг ўғрилик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича жиноий иш очилган. 2015 йилда у Москвада ҳибсга олинган, аммо дарров қўйиб юборилган. Собиқ вазир аллақачон Россия фуқаролигини олгани, шу боис Москва уни Ўзбекистонга экстрадиция қилмагани маълум бўлган. Гумонланувчи Гагарин тумани прокурори ҳузурига келиб, тушунтириш бериш талаби билан қўйиб юборилган.
Валерий Атаевнинг ўзи эса айбсизлигини таъкидлаб, Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечиб, Россия фуқаролигини қабул қилганидан кейин ватанида таъқибга учраганини иддао қилган.
“Мен ҳаётимда ҳеч қачон ҳеч нарсани ўғирламаганман. Ҳаммаси мен Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечиб, Россия фуқаролигини қабул қилганимдан кейин бошланди”, деган Атаев.
Таъкидлаш жоиз, Валерий Атаев ҳақида маълумот қидирилганда, унинг Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудларида қидирувга берилганини кўриш мумкин. Қидирув эълонларида келтирилишича, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167- моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Масалан, унинг Фарғона, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида қидирувга берилгани ҳақидаги маълумотларни шу вилоятларнинг Ички ишлар бошқармалари расмий сайтларидан топиш мумкин. Агар Атаев жавобгарликдан қутулиб қолган бўлса, нега у ҳамон қидирувда қолмоқда?
“Rus.Press.com” сайтида Валерий Атаев ҳақида 2020 йилда хабар чоп этилган ва унинг сарлавҳаси “Ўзбекистон бош вазири ўринбосари виждонсиз рус бўлиб чиқди”, дея қайд этилган. Жавобгарликдан қутулиб қолган Атаев шу йилнинг 2 февраль куни Ленинский проспектидаги квартирасида 75 ёшида вафот этди.
LiveБарчаси