Путин Алиeвга “бурни тагидаги” хоинни кўрсатди — Weekend

Таҳлил

Жорий ҳафта давомида жаҳонда содир бўлган воқеа ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастурида танишинг.

Путин Алиевга “қўйнидаги илон” ким эканини айтдими?

Ортда қолган ҳафта давомида Озарбайжоннинг ички сиёсатида “вулқон уйғонди”. “Босс” ёки “кулранг кардинал” номлари билан танилган, ўз даврида мамлакат миқёсида Президентдан кейинги ўринда турган “тожсиз қирол” 90 га яқинлашиб қолган бир пайтда уй қамоғига олинди. Ҳибсга олинган бу шахс 1995 йилдан 2019 йилгача Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, 2019 йилдан 2022 йилгача Озарбайжон Миллий фанлар академияси президенти лавозимида фаолият олиб борган Рамиз Меҳдиев бўлиб, у жиноят кодексининг қатор оғир моддалари билан айбланмоқда. Суд қарорига кўра, ўта оғир жиноий қилмишларда гумонланаётган Рамиз Меҳдиевга нисбатан тақдим этилган илтимоснома қаноатлантирилиб, 4 ой муддатга уй қамоғи эҳтиёт чораси тайинланган. 

Бу ишлар бирдан рўй берганда дастлаб икки тахмин ўртага чиқди. Биринчиси, Рамиз Меҳдиев Европа давлатларида Озарбайжонга қарши гуруҳларнинг вужудга келишида муҳим роль ўйнагани ва унга молиявий ёрдам кўрсатгани айтилди. Ушбу фаолиятнинг асосий мақсади сифатида Россия манфаатларини илгари суриб, Озарбайжон ва Европа давлатлари ўртасидаги муносабатларга путур етказиш тахмин қилинди. 

Бундан ташқари, Меҳдиев жиноий йўллар билан орттирилган бойликни қонунийлаштириш ҳаракатлари ортидан ҳам ҳибсга олинган бўлиши мумкинлиги таъкидланганди. Кўп ўтмай эса “кулранг кардинал” юқоридаги икки қилмишни ҳам содир этганликда гумонланаётгани очиқланди. Меҳдиев Жиноят кодексининг 278.1-моддаси (давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга қаратилган ҳаракатлар), 274-моддаси (давлатга хиёнат), 193-1.3.2-моддаси (Жиноят йўли билан олинган мулкни қонунийлаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётгани маълум бўлди. 

Энг қизиғи, қариянинг ҳибсга олиниши у томонидан давлат тўнтарилишига тайёргарлик кўрилгани билан боғлиқлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Озарбайжон медиасида бир неча кундан бери шовқин-сурон тинмаяпти. Унданда ҳайратланарлиси эса 87 ёшли собиқ “кулранг кардинал” бу ишда Путиндан ёрдам сўрагани айтилмоқда. Путин бўлса, яқинда Тожикистонда Алиев билан ўтган “ярашув оши”да бу ҳақдаги барча маълумотларни топширгани ҳамда Меҳдиевни сотгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тарқалган маълумотларга кўра, Россия томони Душанбеда Меҳдиевнинг давлат тўнтариши режалари ҳақида Озарбайжонни огоҳлантирган. Алиев ва Путиннинг учрашувидан сўнг эса Меҳдиевнинг ҳибсга олиниши бу хабарнинг ҳақиқатга яқинлигини кўрсатади. 

Маълумотларга кўра, “кулранг кардинал” лақаби билан танилган 87 ёшли Меҳдиев сўнгги бир йил давомида Озарбайжонда Алиев ҳокимиятини ағдариш устида ишлаган ва бу режани Кремлга таклиф этган. Барчаси AZAL самолётининг уриб туширилиши ортидан юзага келган Баку–Москва инқирозидан бошланган. Меҳдиев бу зиддиятни ўз мақсади йўлидаги “имконият” деб билган. У Россияга давлат тўнтариши режасини тақдим этиб, уни қўллаб-қувватлашларини сўраган. Режага кўра, ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг, Меҳдиев раҳбарлигида “Давлат кенгаши” тузилиши лозим бўлган, ҳаттоки бу кенгаш таркиби ҳақидаги маълумотлар ҳам Россияга етказилган. Аммо Россия бу режани Озарбайжонга ошкор қилиб, Меҳдиевни фош этган ва Путин Меҳдиевнинг режасига рози бўлмаган. 

Чунки Россияда Озарбайжон бўйича икки йўналиш – бири қаттиқ сиёсат тарафдорлари, иккинчиси эса Кремлга яқин юмшоқ позициядаги гуруҳ мавжуд. Путин якуний қарорни ўзи қабул қилиб, Душанбеда Алиевни хабардор қилган ва муносабатларни яхшилашга интилаётганини кўрсатган. Хуллас, содда қилиб айтганда, Россия истиқболсиз тўнтариш режасидан сиёсий очко сифатида фойдаланиб, Меҳдиевни ўзи ўт қалаган ўчоқда ёқиб юборган. Рамиз Меҳдиев Россияга яқинлигини ҳар доим ошкора намоён этган. У ҳатто совет давридаёқ Москванинг агентура тармоғига мансуб шахс сифатида танилган. Мулозим йиллар давомида ўз имкониятларидан фойдаланиб, Озарбайжон ҳукуматида Россиянинг “дўстлари” бўлган мансабдорларни лавозимларга тайинлашда иштирок этган.

Иккинчи Қорабоғ урушига келиб эса Озарбайжонда руспараст амалдорлар лавозимларидан четлатилган, улар орасида Рамиз Меҳдиев ҳам бор эди. Шундан сўнг, у Озарбайжон Миллий фанлар академияси (ОМФА) президенти этиб сайланганди. Бироқ у ўша ерда ҳам интригалардан воз кечмай, ОМФАни сиёсий воситага айлантиради. Оқибатда деярли барча институтлар унинг истеъфосини талаб қилади. 2022 йил 14 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда у ёши билан боғлиқ сабабларга кўра лавозимидан кетишини маълум қилган. Энди бўлса, Рамиз Меҳдиев мамлакатнинг ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партиясидан ҳам чиқарилиши ҳақида маълум қилинди. Кўплаб депутатлар уни бутун бошли Миллий Мажлис, яъни парламент олдида жавоб беришини талаб қилмоқда. У Республика Хавфсизлик Кенгаши аъзолигидан ҳам чиқарилди. Айни дамда оила аъзолари ва бошқа яқинларига мамлакатдан чиқиш тақиқланди. Меҳдиев эса бу иши бир ўзи қилмагани аниқ. Унинг атрофида Алиевни ағдариш режасини тузишга ёрдам берган ҳамда Россия билан ёпиқ каналлар орқали мулоқот қилганлар кўп экани шубҳасиз. Шу боис, Меҳдиев ва унга алоқадор бўлган яқин инсонларидан тортиб, баъзи амалдорларнинг ҳам кўнглига ғулғула тушгани айтилмоқда. 

Бунинг ортидан энди Меҳдиевнинг Ҳайдар Алиев даврида ҳам, Илҳом Алиев даврида ҳам бирдек йиғган бойликлари нишон марказидан ўрин олди. 2019 йилда сиёсий ҳокимиятни, 2022 йилда эса жамоат фаолиятини тарк этган мулозимнинг ҳибсга олиниши ортидан унинг ҳаддан ташқари катта бойликка эга экани ҳақидаги иддаолар юзага чиқди. Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, табиати гўзал ва хушманзара Новхони қишлоғида кенг узумзорлар, Баку, Абшерон ва Горанбой туманларида жами 216 гектар ер майдони Меҳдиевлар оиласига тегишли. Қолаверса, оиланинг Горанбой туманидаги Хинали қишлоғидаги боғи 50 гектарни ташкил этади. Бакунинг Тбилиси проспектида ҳашаматли вилла мавжуд. Бир муддат илгари у 8 миллион АҚШ долларига сотувга қўйилган. 36 сотих майдонда жойлашган бу вилла Меҳдиев томонидан қурилган кўплаб мулклардан бири сифатида қайд этилади. Рамиз Меҳдиевнинг Гўйчой, Шамаҳи, Гўйгол ва бошқа ҳудудлар ҳамда мамлакатнинг айрим вилоятларида кўплаб виллаларга эгалиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Маштаға шаҳарчасида хотини Галина Меҳдиевага тегишли 892 сотих, қизи Камила Алиевага тегишли 240 сотих ер майдони бор. Меҳдиевнинг келинида ҳам анча-мунча бойлик борлиги ҳақида малумотлар мавжуд. Хусусан, Нигор Меҳдиева “Digital Media” МЧЖ асосчиларидан бири ва у “Bank BTB” АЖнинг асосий акциядори ҳисобланади.

Украина Tomаhawk'дан узоқлашди

17 октябрь куни Трамп ва Зеленский Оқ уйда яна учрашди. Бу уларнинг жорий йилда Оқ уйда ўтган учинчи, умумий ҳисобда эса бешинчи учрашувидир. Мазкур учрашув бошида Зеленский Трампни Яқин Шарқдаги можарони якунлагани билан табриклаб, унинг иштирокида Россиянинг Украинадаги босқини ҳам тугашига умид билдирган. Трамп бўлса, ҳар доимгидек Зеленскийнинг костюмини мақташ билан музокараларни бошлади. Икки делегация узун стол атрофида бир-бирига қарама-қарши ўтирганча баъзи масалаларни муҳокама қилди. Масалан, Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан Будапештда учрашишни режалаштираётганини маълум қилиб, бу икки томонлама шаклда ўтишини билдирди. Бироқ АҚШ Президенти украиналик мавқедошига у билан узлуксиз алоқада бўлиб туришга ваъда берди. Трамп учрашув жойи учун нега айнан Венгрия танлангани ҳақида тушинтирар экан, Орбан унга ҳам, Путинга ҳам ёқиши, Венгрия эса хавфсиз ҳудуд эканини айтди. 

“Бу биз ёқтирадиган етакчи. Бизга Виктор Орбан ёқади – у менга ҳам, Путинга ҳам ёқади. Бу хавфсиз мамлакат. У ўз ишини жуда яхши бажармоқда, ўз мамлакатини пухта бошқармоқда. Шу сабабли, биз Виктор Орбан билан учрашамиз – у жуда яхши мезбон бўлади, деб ўйлайман”, деган Трамп. 

Шунда бирдан Трамп Зеленскийни ҳайратда қолдиришни бошлади. Бир неча кун олдин Путинни кескин танқид қилаётган ва уни тўхтатиш учун Tomаhawk беришга тайёрлигини маълум қилган АҚШ Президентининг пластинкаси яна айланиб кетди. У Путин урушни тўхтатишни хоҳлаётганини айтиб, АҚШ Украинага Tomаhawk ракеталарини бериши шарт эмаслигини таъкидлади.

“Бу урушни Tomаhawk'сиз тугатган маъқул. Менимча, биз бунга жуда яқинмиз”, дея Зеленскийни ҳайратда қолдирган Трамп. 

АҚШ етакчисига кўра, можаро томонлар муросага боришга тайёр бўлса, тез орада якунланади. Энг қизиғи, у яна музокаралар орқали Россиянинг Украинага босқин китоби ёпилади, деб ўйламоқда. Трампнинг қаршисида ўтирган Зеленский эса АҚШ қуролларига катта умид боғлаган эди. У боришидан олдин ҳам, АҚШга етиб борганида ҳам Tomаhawk ҳақида жуда кўп гапирди, аммо Трампнинг Путин билан бўлган сўнгги 2 соатлик суҳбати Зеленскийни ойлар давомида умид боғлаган қуролдан айирди. Не умидлар билан АҚШ ерларига қадам қўйган Зеленский эса Трампга ноилож таклиф билдирди, у Tomаhawk'лар эвазига Украина томонидан ишлаб чиқарилаётган минглаб дронларни таклиф қилди. Шундан сўнг, учрашувнинг очиқ қисми якунланди. Трамп ва Зеленский ўртасида бўлган қолган барча келишувлар ёпиқ эшиклар ортида ҳал бўлгани айтилмоқда.

Зеленский бу гали ташрифи жорий йил бошида қилган сафаридек муаммоли ва шов-шувли бўлмасада, Украина учун том маънода оғир ўтди, дейиш мумкин. “Axios” ва CNN каби етакчи нашрлар музокаралар жуда таранг муҳитда ўтгани ҳақида хабар берди. Манбалар учрашув яхши якун топмагани, улар бир-бирига душманона қараш билан очиқ мулоқотни якунлаганига эътибор қаратмоқда. 2,5 соат давом этган мулоқотдан сўнг, Трамп узоқ масофали ракеталар борасида Зеленскийга рад жавобини бергани айтилди. 

Шу тарзда сентябрь ойидаги БМТ сессиясига ташрифи чоғида деярли ҳал бўлган ракета ва дрон олди-бердиси масаласи ортга кетди. Зеленский эса мазкур ташриф доирасида ҳар томонлама босим остида қолганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Уруш вазири Пит Ҳегсет ушбу учрашувда Россия байроғи рангларини акс эттирган кўк, қизил ва оқ рангли галстук тақиб иштирок этгани ҳам шундай босимлардан бири бўлди.

Аммо томонлар нима қилиб бўлса-да, мазкур учрашув натижалари ҳақида ижобий фикр билдиришга ҳаракат қилди. Трамп ўзига тегишли ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пост қолдириб, Россия ва Украина “ҳозирги чизиқда тўхташи” ва келишувга эришиши кераклигини ёзди. У учрашувни “жуда қизиқарли ва самимий” деб атади. Зеленский эса ўз брифингида Трампнинг фикрига қисман қўшилди. У Tomаhawk масаласини ҳам унчалик жиддийлаштирмади. Украина Президенти у ва Трамп узоқ масофага зарба бера оладиган бу қуролни Киевга топшириш борасидаги тафсилотларни очиқламасликка келишиб олганини айтди. Унинг таъкидлашича, вазият кескин тус олишидан тийилиш ва эскалациянинг олдини олиш учун бу мавзу ҳақидаги маълумотлар очиқланмайди.

Будапешт: Трамп ва Путиннинг иккинчи “раунди”

Путин ва Трампнинг учрашуви учун Будапештга энг сўнгги вариант сифатида тўхталишди. Путин бир неча ой олдин Аляскада “кейинги сафар Москвада” деб самимий таклиф билдирганди. Аммо АҚШ Президенти сифатида кимнингдир Кремлга бориши ҳали бери содир бўлмаса керак. Чунки айни дамда икки давлатлар етакчилари қандай баёнотлар бермасин, Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг нормал ҳолатга келиши анча кўп вақт талаб қилади. Шу боис, Трамп таъкидлаганидек, Будапешт энг яхши вариант, боз устига Орбан ЕИ ичида Путинга унчалик ҳам қарши бўлмаган ҳамда унинг газини очиқчасига сотиб оладиган кам сонли лидерлардан. 

Аммо учрашувнинг Венгрияда бўлишида фақат баъзи муаммолар бор эди. Бу муаммо эса деярли ҳеч ким амал қилмай қўйган ХЖСнинг ҳибсга олиш ордерини ижро этиш масаласидир. Лекин кўпчиликка маълум, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан бу тартибни энг биринчилардан бўлиб бузган раҳбар ҳисобланади. 2023 йилдаёқ Венгрия ҳукумати Путин мамлакатга ташриф буюрса, уни қўлга олмаймиз, деган баёнот берган эди. Ўтган 2024 йилда эса Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ордер берилгандан сўнг, Венгрия Исроил Бош вазирини ХЖСга ушлаб бермаслигини эълон қилди. Бу сафар ҳам Будапешт Халқаро жиноий суд талабларни бажармаслик ва Путинни ҳибсга олинмаслигини кафолатлади. Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Россия давлат ахборот агентлиги ТАСС нашрига берган интервьюсида бу кафолатни расман тасдиқлади. 

Унга кўра, Венгрия ҳукумати АҚШ ва Россия Президентлари музокараларни хавфсиз ва тинч муҳитда ўтказиши учун барча зарур шароитларни таъминлайди. Сийярто, шунингдек, Будапештда ўтадиган саммит бўйича Венгрия иттифоқчи давлатлар билан маслаҳатлашишни режалаштирмаслиги, бу масалада ҳеч кимдан рухсат сўрамаслигини ҳам таъкидлаган. Маълумки, Венгрия 1999 йилда Рим статутини имзолаган ва 2001 йилда уни ратификация қилган. Ўтган йиллар давомида юқоридаги ҳолатлар кўп такрорлангани фонида Венгриянинг ўзи Халқаро жиноий суддан чиқиш жараёнини бошлаб юборганди. Аммо бугунгача ушбу жараён ҳали тўлиқ якунланмаган.

Трамп ва Путин ўртасида ўтиши айтилаётган навбатдаги учрашувга қайтадиган бўлсак, кўплаб Ғарб етакчилари бу жараён ёлғиз уларнинг ўртасида ўтишини истамаяпти. Европа мамлакатлари раҳбарлари АҚШ ва Россия Президентларининг Будапештда бўлиб ўтиши кутилаётган музокараларида ўзларидан ҳам бир нафар вакил қатнашишини истамоқда. “Bloomberg” агентлиги хабарига кўра, бундан кўзланган мақсад – учрашув давомида Путин Трампни ўзига оғдриб олишига йўл қўймаслик ва бу жараён тўлиқ Россия фойдасига ҳал бўлишининг олдини олишдир. Энг қизиғи, ЕИ номидан таклиф қилинаётган номзод эндиликда Ўзбекистонга унчалик ҳам бегона бўлмаган, яқинда Тошкентга ташриф буюрадиган Финляндия Президенти Александр Стубб экани айтилмоқда. 

Албатта, агар бу рост бўлса, кўпчиликда нега айнан Финландия Президенти деган савол пайдо бўлиши табиий. Чунки ЕИ ва ундан ташқарида жуда кўп лидерлар мавжуд. Макрон, Стармер, Мелони, Мерц ёки Евроиттифоқнинг раҳбарлари Кошта ва Урсула ҳам яхши вариант дейишингиз мумкин. Аммо кўп эҳтимол билан, бу ерда масаланинг энг муҳим жойи вакилнинг Трампга ёқиш-ёқмаслигидир. Трамп ўзи ёқтирмайдиган раҳбарлар мавжудлигини ҳеч қачон яширмаган, ҳатто буни яқинда Мисрда ўтган Ғазо бўйича Тинчлик саммитида ҳам ҳазил аралаш айтиб кетди. Шундай экан, Макрон билан унинг ораси унчалик ҳам яхши эмас, Стармер бўлса, Трамп билан ҳудди Мелони каби яқин эмас, Мелони эса ЕИ учун риск. Чунки у ўнгчи сиёсатчи. Стол атрофида Украина эмас, балки ўзининг тор доирадаги манфаатларини ҳимоя қилиб қолиш эҳтимоли бор. 

Мазкур шароитда эса Александр Стубб номзоди энг нормал қарор эканини англаш мумкин. Бундан ташқари, у сўнгги пайтларда халқаро майдонда анча фаол. Трамп Европа етакчиларини Оқ уйга йиғиб, Украина ва Россия масаласида дарс ўтган пайтда Стубб ҳам ўша ерда эди. Трамп ўшанда Финландия Президенти ҳақида жуда илиқ сўзларни айтиб, уни кучли ва қудратли лидер деб атаганди.

“Кеча террорчи, бугун жаноб Президент”

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара Кремлга ўзининг илк ташрифини амалга оширди. Ҳокимиятга келганидан буён моҳирона дипломат эканини бутун дунёга намоён қилган аш-Шара пешонасидаги “террорчи” деган тамғани ҳам олиб ташлади. Энг қизиғи, аш-Шаранинг Москвага ташрифи уни олдин экстремист сифатида кўрган ва ҳатто унга қарши Асад томонида туриб уруш қилганлар олдига қилинган сафар бўлди. Путин уни Сурия президенти сифатида қабул қилди. Аҳмад аш-Шара Россияга биринчи ташрифида Путин билан икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг келажаги, сўроқ остида қолаётган масалалар юзасида суҳбат қурди. Кремлдаги олий даражали музокаралар давлат раҳбарларининг камералар олдида чиқиши билан бошланди. Унда Путин Москва ва Дамашқ ўртасидаги “алоҳида муносабатлар”ни яна бир бор таъкидлади. Бундан ташқари, у аш-Шара ҳокимияти томонидан 5 октябрда ўтказилган парламент сайловларини ижобий баҳолади.

Путин кечаги ўн йиллик азалий душманга бугун “президент” деб мурожаат қилиб, унга ҳурмат-иззат билан муносабат қилди. Аслида Россия етакчиси 2024 йил декабрда аш-Шара гуруҳи ҳукуматни эгаллаб олганидаёқ  тақдирга тан берганди. У ўша йил якунида ўтказилган “Прямая линия” номли халқ билан суҳбатлашадиган йиллик дастурида “Сурияни террорчилар эгалламади,” деб, аш-Шара маъмуриятини тан олиш учун дастлабки қадамларни ташлаганди. Орадан бир йил ҳам ўтмасдан, у ўз уйида собиқ душманини меҳмон қилишга ҳам улгурди. Ҳа, ўзгаришлар ҳаётнинг энг асосий элементи деб бекорга айтишмаган. 

Икки ўртада нималар ҳақда гаплашилгани эса алоҳида масала. Кўпчилик Путин ва аш-Шара ўзаро ҳамкорликдаги деярли барча жабҳаларда тил топа олиши, аммо Асадни топшириш масаласида жиддий тўсиқларга урилишини тахмин қилди. Чунки Сурия президенти сафари эълон қилиниши билан муҳокама қилинадиган энг муҳим иккита мавзу – Тартус ва Хмеймим объектлари ҳамда Асадни топшириш ҳақида гаплашилиши тахмин қилинди. Бундан ташқари, яна кўплаб ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида сўз бориши кутилганди. Шундай ҳам бўлди. Масалан, Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак журналистларга қисқача интервью берди. Унинг таъкидлашича, Россия энергетика ва транспорт лойиҳаларида иштирок этишга, Сурияни қайта тиклашга кўмак беришга тайёр. Бунинг эвазига эса Сурия ҳудудидаги нефть конларидан фойдаланишга келишиб олишган. Новакнинг қўшимча қилишича, Дамашқ Россиядан буғдой, озиқ-овқат ва дори-дармон импорт қилишга қизиқиш билдирган. Аш-Шара ҳам Россия билан илгари тузилган барча келишувларни ҳурмат қилиши ва келгусида ҳам уларга амал қилишини айтган. Бу эса қайсидир маънода Сурия ҳудудидаги Россиянинг ҳарбий базалари дахлсизлигининг кафолати дегани. 

Бундан ташқари, кўпчиликнинг кутилмаларига кўра, Сурия томонидан қўйиладиган талаблар орасида Башар Асаднинг Дамашққа экстрадиция қилиниши ҳам бор эди. Унга нисбатан анча олдин Сурияда жиноят иши очилган. Аммо очиқланган маълумотларда бу ҳақида гапирилмади. Фақат учрашув олдидан “Reuters”нинг Сурия расмийларига таяниб чиқарган хабарида ушбу таклиф берилиши кутилаётгани айтилганди. Ҳозирги кунда эса Москвада истиқомат қилиб келаётган Башар Асад баъзи янгиликларда кўриниш бериб қолади. У сўнгги пайтларда ёш болалар каби видео ўйинларга муккасидан кетгани ҳақида ҳам айрим хабарлар чиққанди. Буниси ўз йўлига, аммо Москва қачондир қочқин Асадни Сурияга топширадими деган савол жавобсиз қолмоқда. Одатда Россия ўз ҳимоясига олган шахсларни топшириб юбориши эҳтимолдан йироқдек кўринади. Украинанинг сотқин собиқ раҳбари Виктор Янукович ва Асад бунга яққол мисол бўлиб турибди. Ўзга мамлакатларда Кремлга қул бўлишга қасамёд қилган қўғирчоқларни қўйиш билан фаол шуғулланадиган Россия Асадни топширгудек бўлса, кейинчалик мазкур қарор Кремлнинг "қўғирчоқ раҳбарлари" сиёсатига путур етказиши, ҳамкорларининг ишончидан айриши мумкин.

Аммо масаланинг иккинчи томони шундаки, Кремль доим ўзини Оқ уйдан фарқли ўлароқ “ҳамкорларига нисбатан содиқ” эканини иддао қилади. Бир қарашда, Россия сиёсий доиралари айнан шу важ билан Асадни аш-Шара чангалига топширмаслиги мумкиндек кўринади. Аммо яқин ўтмишга назар ташланса, Россия қайси дўстлари учун астойдил ҳимоя қалқони бўлиб бергани ёки уларнинг ҳаётини сақлаб қолганини топиш қийин. Масалан, биргина Путин ҳокимият тепасида турган даврнинг ўзида Яқин Шарқда Россиянинг яқин ҳамкори бўлган Саддам Ҳусайн дорга осилди. Шимолий Африкада Муаммар Каддафий юзлашган ҳалокатли тақдир ҳам шулар жумласидандир. Бу воқеликларда Кремль амалий қадамининг изи кўринмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Сурия Москва Озарбайжон Илҳом Алиев Трамп Душанбе Путин БМТ Украина Зеленский Исроил ЕИ Венгрия Оқ уй Нетаньяху ХЖС Муаммар Каддафий Саддам Ҳусайн AZAL Аҳмад аш-Шара Рамиз Меҳдиев ОМФА Tomohawk Башар  Асад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг