Путин “жанг”ни бой берди. Россия Марказий Осиёда узоқ қолмоқчи – Душанбедаги саммитлар натижалари

Таҳлил

Халқаро ҳуқуқ бугун шу даражада ожиз аҳволга келиб қолганини ҳатто Тожикистон каби давлатлар ҳам унинг мажбуриятларини бажармаётганидан билса бўлади. Энди қолган ўрта даражада ривожланган ҳамда бой ва қудратли давлатлардан хафа бўлмаса ҳам бўлади. 2000 йилда Халқаро Жиноят судининг Рим статутини ратификация қилган Тожикистон ҳеч қандай огоҳлантириш ва тушунтиришларсиз ушбу статутнинг мажбуриятини бажармади. Кўпчиликнинг хабари бор, Рим статути уни ратификация қилган давлатларга Халқаро жиноят суди ҳибсга олишга ордер берган шахсларни ушлаб бериш мажбуриятини юклайди. Аммо 2024 йилда Мўғулия, жорий 2025 йилда эса Тожикистон Путин билан боғлиқ жараёнда мазкур мажбуриятни бажармади. Чунки, ХЖС 2023 йилдаёқ Путинни ҳибсга олишга ордер берганди. Лекин бу талаблар Улан-Батор ва Душанбе томонидан бажарилмади. Бу мавзу ўз йўлига, бугун бу ҳақда сўз юритилмайди. Эътиборингизни 8-9-10 октябрь кунлари Тожикистонда ўтган икки йирик сиёсий тадбир – Марказий Осиё ва Россия саммити ҳамда МДҲнинг навбатдаги йиғинига қаратмоқчимиз. Чунки бу гал ушбу икки сиёсий тадбир бир жойда, яъни Тожикистонда ҳеч қандай танаффусларсиз бирин-кетин ўтказилди. Путин ва Алиевнинг ўзаро “ярашув оши” нафақат шу куннинг, балки бутун йилнинг энг муҳим воқеликларидан бири бўлди. Боку ва Москва ораси 2024 йил декабрдан буён жуда совуқ эди. Жорий йил ёзига келиб эса бу зиддият янада кучайди. Ҳаммаси AZAL самолётининг қулаши учун Путиннинг шахсан, очиқчасига бутун дунё олдида узр сўраши ва етказилган зарарни қоплашига бориб тақаларди. Аммо “такаббур” Кремль бу талабларни бажармай келди. Бироқ ниҳоят Алиев ўз мақсадига эришди. У Путинни бу борада тормор қилди. 

Бу сафарги МО ва Россия форматиданги саммит ҳамда МДҲ йиғинида бошқа муҳим таклифлар, ҳужжатлар, айниқса, эътиборга молик интеграцион силжишлар кузатилди. Масалан, Европа Иттифоқи Тожикистонни Путинни ҳибсга олмагани учун танқид қилди. Аммо Иттифоқ ўз таркибидаги Венгрия ҳам бундан олдин Нетаньяхуни ҳибсга олмаслигини очиқ-ойдин эълон қилганди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев МО–Россия саммитида томонлар Москва ҳамда минтақа давлатлари ўртасида энергетик шериклик дастури ишлаб чиқиши, МДҲ доирасида эса транспорт соҳасида сақланиб қолаётган муаммоларни ечишни таклиф қилди. Путин Орол, шунингдек, Амударё ва Сирдарё учун умумий ҳисобда 33 миллион доллар ажратганини эслатди. Аммо бу сув манбалардаги инқирозга сабабчи бўлган тузум ҳақида гапирмади. Бундан ташқари, Россия Президенти озарбайжонлик мавқедошига позиция бой бериши эвазига ҳеч бўлмаганда ёзда қўлга олинган “Sputnik Озарбайжон” нашри директорининг озод қилинишига эришди. 

9 нафар етакчи қатнашган йиғинлар МДҲнинг ШҲТ билан кичик интеграцияси, яъни унинг таркибига кузатувчи бўлиб киргани билан ҳам эсда қолди.

Бугун Тожикистонда ўтган Шарқ етакчиларининг 3 кунлик сиёсий саргузаштлари ҳақида батафсил сўз юритамиз.

Путин ҳибсга олинмади

“Марказий Осиё – Россия” саммити. C5+1 форматидаги бу ҳамкор билан алоқалар ва йиғинлар бошқалардан фарқ қилади. Чунки Марказий Осиёнинг бошқа йирик сиёсий ўйинчилари, жумладан, Германия, Япония ва бутун бошли Европа Иттифоқи билан ҳам шундай форматдаги алоқалари мавжуд. Аммо минтақадаги давлатлар улар билан мазкур доирада Россия билан бўлганидек, ҳурматни сўраб олишга мажбур эмас. Улар Узоқ Шарқ ёки Ғарб давлатларига ўзларининг тиланчи эмаслигини, маълум даражада обрўси мавжудлигини ва энди мустамлака эмаслигини эслатиб ўтириши шарт эмас. Бироқ Россияга бундай нарсани вақти келганда эслатиб туриш зарур. Масалан, 3 йил олдин Остонада ўтган худди шу форматдаги саммитда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Путиннинг “танобини тортгани” каби.

“Бизни ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз. Биз тиланчи эмасмиз. Биз бой давлатмиз. Бизда Менделеев даврий жадвалидагидан ҳам кўпроқ минерал ресурслар захиралари мавжуд. Биз доимо асосий стратегик ҳамкоримиз – Россия манфаатларини ҳурмат қилиб келганмиз. Лекин россиялик ишбилармонларни фақат нефть ва газ қизиқтиради. Биз ҳурматга сазовор бўлишни хоҳлаймиз. Биз нима, қандайдир бегонамизми? Бизга кўп пул сарфлашнинг ҳожати йўқ. Владимир Владимирович, мен сиздан Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан собиқ Совет Иттифоқи каби сиёсат юритмаслигингизни сўрайман”,  деганди Имомали Раҳмон 2022 йил Остонадаги саммитда.

Шунинг учун Марказий Осиё – Россия саммити шундай келишмовчилик ва зиддиятлар билан эсда қолган. Аммо бу гал Тожикистонда барчаси силлиқ кечди. Давлат раҳбарлари орасида тортишув юз бермади. Путинни барча илиқ қарши олди. Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан Путин Тожикистон томонидан ҳибсга олиниши керак эди. Лекин қайси халқаро ҳуқуқ деган савол ўртага чиқади. Албатта, Тожикистон ХЖС Рим статутини ратификация қилганига 25 йил тўлди. Бунга кўра, Душанбе 2023 йилдаёқ инсониятга қарши жиноят содир этганликда гумонланувчи Путинни ушлаб бериши керак эди. Лекин дунё аллақачон ўзгарган. Энди олдинги тартибдан асар ҳам қолмаган. Шу боис, Мўғулия ва Тожикистон каби давлатлар ҳам бугун бемалол бундай тартибларни бузмоқда. Чунки сўнгги йилларда гўдакларга ўқ узиш ўзини ҳимоя қилиш деб эътироф этилганидан кейин, ХЖС талабини бажармаслик қандайдир қоидабузарлик ёки уят деб ҳисобланмай қўйди. Шунинг учун Душанбе Путинни ҳибсга олиш бўйича ордерни ижро этиш ўрнига уни тантана билан кутиб олди. Европа Иттифоқи эса бу учун Тожикистонни Халқаро жиноий суд талабларини бажармаганликда айблади.

СССР хатоси учун компенсация?

9 октябрь куни Душанбе шаҳрида “Марказий Осиё – Россия” форматидаги иккинчи саммит бўлиб ўтди. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтган тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди. Ўзбекистон раҳбари Россия билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам минтақа барқарорлигининг омили бўлиб қолишини таъкидлаб, бу борада ҳамкорлик жадал ривожланишини айтди ва қатор таклифлар билан чиқди.

Саммитда Владимир Путин ўз мавқедошларини ҳозирча Россиядан бошқа ҳеч ким тан олмаган “Толибон” билан алоқаларни кучайтиришга чорлади. Афғонистонда кўплаб террористик гуруҳлар экстремизм ғояларини тарқатишга ҳаракат қилаётгани, Россия эса “Толибон” муваққат ҳукуматининг террорчиликка қарши курашиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Маълумот учун, Ўзбекистон “Толибон” билан дунё давлатлари ичида энг биринчилардан бўлиб мулоқотни йўлга қўйган. Ҳозир ҳам ҳамкорлик давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев эса доимий равишда халқаро доирадаги йиғилишларда Афғонистон масаласини дунёга эслатиб туради. Масалан, Марказий Осиё – Россия саммитидан кейин дарҳол бошланган МДҲ йиғинида ҳам Ўзбекистон етакчиси минтақа давлатлари учун Афғонистон томонидан хавф сақланиб қолаётганини айтди ва расмий Тошкент у ерда тинчлик ва осойишталик ҳукм суриши лозимлигини қатъий таъкидлади.

Шунингдек, ушбу саммитда Владимир Путин Россия Марказий Осиё давлатларига 33 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратганини, бу пуллар Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини мониторинг қилиш, сувни тежаш технологияларини жорий этиш ва Орол денгизи атрофида ўрмонзорлар барпо этишга йўналтирилганини эслатди. Аммо бу сарфланган маблағ қандай шаклда бўлганига Россия етакчиси тўхталиб ўтирмади. Шуни айтиш мумкинки, Россия ўзини СССРнинг вориси деб эълон қилган. Бундай шароитда эса собиқ Совет Иттифоқининг ижобий ва салбий мерослари бирдек бугунги Россияга тегишли. Оролни эса ўтмишда Совет Иттифоқи қуритганини ҳисобга олсак, бу 33 миллион доллар унинг вориси томонидан тўланган компенсация, чунки бунга бундан ортиқ таъриф бериш қийин.

Путин таслим бўлди

Алиев ва Путин ниҳоят ярашди. Бу ярашув эса Путиннинг бош эгиши билангина юз берди десак муболаға бўлмайди. Душанбе шаҳридаги учрашув уларнинг Грознийда нишонга олиниб, кейинчалик Ақтауда қулаган AZAL самолёти фожиасидан кейинги илк тўлақонли юзма-юз суҳбати бўлди. Бунинг олдида улар Хитойда ШҲТ саммитида учрашганди, аммо ўшанда Песков суҳбат мазмунли бўлмаганини маълум қилган. Тожикистондаги учрашув эса МО–Россия саммити тугаб, МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши бошланиши арафасида бўлиб ўтди. Асабийлик, ҳансириш, тез-тез тўхтаб қолиш ва тана ҳаракатларидаги бехато бўлмаган ҳаракатлар, қисқаси, Путин ўзини ўхшатмади. Бир неча йил олдин Россия Президентини Озарбайжон раҳбарининг қатъияти ва салобати синдиради десалар ҳеч ким ишонмасди. Аммо дунё катта тезлик билан ўзгармоқда. Путин ҳам узр сўрайди ва уни талабларни бажаришга мажбур қилиш мумкин.

Шундай қилиб, ҳали ҳам миллионлаб инсонларнинг хаёлида “енгилмас” сиймо бўлиб турган Путин Озарбайжон сўраган учала талабни ҳам бажаришини айтди. Биринчи навбатда узр сўради, кейин эса айбдорларга жазо бериш ва товон тўлашга тайёрлигини таъкидлади. 

2024 йил охирида содир бўлган самолёт фожиасига оид вазиятни муҳокама қилишдан бошланган учрашувда Путин айбни Украина дронларига тўнқади. Аммо AZAL самолётига етказилган зарарда Россия ракетаcининг таъсирини тан олди. Унга кўра, бу ракеталар самолётга бевосита тегмаган, балки фақат бир неча метр масофада портлаган. Путиннинг сўзларига кўра, самолёт экипажига Махачқалъага қўниш таклиф қилинган, бироқ улар базавий аэропортга йўналишни давом эттиришни танлаган. Россия Президенти AZAL самолёти ҳалокати билан боғлиқ барча масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди. Путин Россия осмонида содир бўлган ушбу фожиа учун аввал ҳам узр сўраганини эслатиб, яна бир бор ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия билдирди. Унинг таъкидлашича, Москва катастрофани тергов қилишга тўлиқ ёрдам кўрсатмоқда ва Россия товон тўлаш масаласида зарур ишларни амалга оширишга тайёр.

Бундан ташқари, томонлар ёзда ўзаро телба-тескари тарзда қўлга олинганларни озод қилишни бошлади. Масалан, Озарбайжон ҳукумати “Sputnik Озарбайжон” директори Игорь Картавихни қўйиб юборгани айтилди. Ўз навбатида, Россия томони ҳам ҳибсга олинган Озарбайжон фуқароларидан бирини озод қилган. Бу борадаги музокаралар, асосан, президент ёрдамчилари даражасида ўтказилган. Хусусан, Юрий Ушаков озарбайжонлик мавқедоши Ҳикмат Ҳаджиeв билан бирга мазкур масалани муҳокама қилган ва фуқароларни қўйиб юбориш қарори Путин ва Алиев учрашувидан олдин қабул қилинган.

“Масалани ёпдик”

Путин Дўшанбе шаҳрида ҳам ўз одатига кўра, тик турган ҳолда, рус оммавий ахборот воситалари учун катта матбуот анжумани ўтказди. Унда тўхталган асосий масалалари эса Алиев билан ярашув ва Трампга Нобель берилмаганини танқид қилиш бўлди. Журналист томонидан Илҳом Алиев билан музокараларда икки томонлама муносабатлардаги инқироз сақланиб қолдими ёки буткул ҳал қилиндими, деган саволга Путин ўтган воқеалар инқироз деб аталмаслиги, бу ерда асосий рольни ҳиссиётлар эгаллагани, аммо энди барчаси орқада қолганига умид қилишини айтди.

“Биласизми, мен давлатлараро муносабатларда инқироз бўлган, деб айтмаган бўлардим. Нега? Чунки, агар бу ҳақиқий давлатлараро инқироз бўлганида, савдо-иқтисодий алоқалар ўсмаган бўларди. Аммо биз кўрган ва бошдан кечирган барча ҳолатларга қарамай, ўзаро товар айирбошлаш ўсишда давом этди ҳамда сезиларли даражада ошди. Қандай қилиб бу давлатлараро инқироз бўлиши мумкин? Мен айтган бўлардимки, бу эҳтимол, кўпроқ ҳиссиётлар инқирози эди. Ва нега эканлиги тушунарли. Чунки биз жуда оғир, фожиали ҳодиса – самолёт ва ундаги йўловчилар ҳалокати билан юзма-юз келдик. Шу боис, бунга осойишта ёндашиб, тушуниб олишимиз учун вақт керак эди. Шуни ҳам эсга солмоқчиман, Озарбайжон деярли русийзабон давлат. У ерда деярли ҳамма жойда рус тили ўрганилади. Бу ҳам мамлакатда Россия билан муносабатларни ривожлантиришга чуқур, барқарор муносабат борлигидан далолат беради. Мен келажакда ҳам шундай бўлишига ишонаман. Ҳиссиётлар. Албатта, уларсиз бўлмайди. Лекин уларни шундай ҳолатда ушлаб туриш керакки, ишга ва олға ҳаракатга ҳалал бермасин. Умид қиламанки, буларнинг барчаси орқада қолди”, деди Россия раҳбари.

Шунингдек, Россия Президенти мавқедоши Дональд Трамп жуда кўп интилган, аммо якунда қуруқ қолган Тинчлик бўйича Нобель мукофоти ҳақида сўз очиб, ташкилотчиларни танқид қилди.

“Шундай ҳолатлар бўлганки, Нобель қўмитаси тинчлик мукофотини умуман тинчлик учун ҳеч нарса қилмаган одамларга берган. Менинг фикримча, ана шундай қарорлари билан улар бу мукофот нуфузига улкан зарар етказишган. Қарангки, одам келади – яхши ёки ёмон – унга бир ой, икки ой ўтиб, тaрс, мукофот. Нима учун? Ҳа, умуман ҳеч нарса қилмаган ҳолда. Ахир бу қандай иш? Бу мукофот қандайдир хизматлар учун берилиши керак-ку. Шу боис, менимча, унинг нуфузи анча даражада йўқолган. Мен аниқ айтганман, биламан, Украинадаги инқироз бўйича у чин дилдан ҳаракат қилмоқда. Нимадир қўлдан келди, нимадир келмади. Балки Анкориждаги келишувлар ва муҳокамалар асосида яна кўп нарса қилишимиз мумкин бўлар. Лекин у бу масалалар – тинчликка эришиш ва халқаро мураккаб вазиятларни ҳал этиш масалалари устида чиндан ҳам ишлаяпти, ҳаракат қилаяпти.
Энг яққол мисол – Яқин Шарқдаги вазият. Агар Дональд интилаётган ва айтаётган, амалга оширишга уринаётган барча ишлар якунига етказилса – бу тарихий воқеа бўлади, бу шунчaки тарихий воқеа. Мен буни айнан ҳозир Яқин Шарқда, умид қиламизки, йўлга қўйилган ва Трамп ташаббуси ва бевосита иштирокида кетаётган жараёнга халал бермоқчи эмаслигим учун қилдим. Бу ютуқ эмасми? Бу – ютуқ.”

Лукашенко ҳам “ҳеч ваҳо қилмаган” Обамага берилган Нобель Трампга берилмаганидан норози бўлди.

“Трамп Нобель мукофотига лойиқ эди. Бу – мутлақо аҳмоқлик. Олдинлари ҳеч қандай иш қилмаган АҚШ Президенти бу мукофотни олган, Трамп эса тинчлик йўлида жуда кўп иш қилди. Мукофот айнан унга берилиши керак эди”, деган Беларусь фуқароси.

Кейинчалик Дональд Трамп ўзининг ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Владимир Путиннинг Нобель тинчлик мукофоти ҳақида гапираётгани акс этган видеони жойлаб, Россия Президентига миннатдорлик билдирди.

МДҲ “семирмоқда”

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон раислигида ўтган саммит ишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусдан Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедов, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳамда МДҲ бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Навбатдаги йиғилиш якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича келишув ва қарорлар тўплами имзоланди. Кенгашга раислик навбати Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедовга ўтди. Саммитда 19 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида 2026-2030 йилларда ташқи чегараларда чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича МДҲ давлатлари ҳамкорлик дастури тўғрисида қарор, минтақавий энергетик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Декларация ҳақида қарор, “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги плюс” формати ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжат ҳамда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига МДҲ ҳузурида кузатувчи мақоми бериш тўғрисидаги қарорлар мавжуд.

Булар ичида эътиборни тортгани “МДҲ Плюс”дир. Ушбу формат Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг асосий иштирокчи давлатлари билан учинчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришни англатади. Яъни эндиликда, бу орқали учинчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар МДҲ доирасидаги тадбирларда, мажлисларда ва бошқа ҳамкорлик платформаларида иштирок этиш имконига эга бўлади. Бундан кўзланган мақсад эса ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, иқтисодиёт, хавфсизлик, энергетика, транспорт-логистика ва бошқа йўналишларда кенгроқ мулоқотларни йўлга қўйиш экани айтилаётгани таъкидланди. Лекин МДҲнинг ШҲТда кузатувчи давлат мақомида қатнашиши нимаси билан ва нима учун ёрдам бериши, бу аъзоларга қандай енгилликлар тақдим қилиши ҳали номаълум.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ МДҲ Тожикистон Европа Иттифоқи Трамп Душанбе ШҲТ Толибон Путин СССР Имомали Раҳмон Нобель Рим ХЖС Иттифоқ Юрий Ушаков AZAL МО

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг