Ўзбекистон АҚШнинг яна бир “қора рўйхат”идан чиқарилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий муҳофазаси ва ҳимояси ҳолати бўйича АҚШ Савдо вакиллигининг (USTR) 301-махсус ҳисоботидаги кузатувдаги давлатлар рўйхатидан (қора рўйхат) чиқарилди. Бу ҳақда кеча, 25 апрель куни USTR баёноти эълон қилинди.

“USTR бу йил интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва қўллаш билан боғлиқ узоқ вақтдан бери давом этаётган муаммолар бўйича барқарор тараққиёт сабабли Ўзбекистонни Кузатув рўйхатидан чиқариб ташлади. Масалан, Ўзбекистон Божхона кодексига янги ўзгартишлар киритди, уларда контрафакт импорт ва экспортни тўхтатиб туриш ҳамда олиб қўйиш бўйича эх оффиcио ваколатлари белгиланди. Ўзбекистон, шунингдек, интеллектуал мулкка юқори даражадаги сиёсий эътиборни қаратишда давом этмоқда, жумладан, “АҚШ-Марказий Осиё” савдо ва инвестициялар бўйича асосли келишув доирасида Интеллектуал мулк бўйича ишчи гуруҳини қўллаб-қувватлаш ва унда иштирок этиш билан шуғулланмоқда”, дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаментининг маълум қилишича, Ўзбекистон 2000 йилда ушбу рўйхатга киритилган бўлиб, 24 йилдан буён “кузатувдаги давлатлар рўйхати”да қолаётган эди.

Муайян давлатнинг “кузатувдаги давлатлар рўйхати”га киритилиши унда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича жиддий муаммолар мавжуд эканини кўрсатади ҳамда бевосита хорижий корхоналар томонидан инвестициявий фаолиятни амалга оширишда алоҳида эътибор қаратилади.

Бугунги кунга қадар Марказий Осиё минтақасидан фақат Ўзбекистон ва Туркманистон “кузатувдаги давлатлар рўйхати”да қолиб келаётган эди.

“Мана бугун охирги беш йилда интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш тартибларини соддалаштириш, уларга бўлган ҳуқуқларни самарали ҳимоя қилиш, халқаро шартномаларга аъзо бўлиш ва ташқи алоқаларни ривожлантириш ҳамда ЖСТнинг TRIPS битими талабларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўналишида амалга оширилган тизимли ишлар натижасида шундай натижага эришдик”, дейилади Интеллектуал мулк департаменти баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг декабрида Ўзбекистон диний эркинлик бўйича вазият “алоҳида хавотирга молик” мамлакатлар рўйхатидан, шунингдек, орадан яна икки йил ўтиб, “махсус кузатув остидаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилган эди. 2019 йилда АҚШ Меҳнат департаменти болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланган ҳолда тайёрланган маҳсулотларни АҚШ давлат харидлари учун тақиқлаш бўйича ижро буйруғи рўйхатидан ўзбек пахтасини чиқариб ташлаш юзасидан якуний қарор қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг