АҚШ Ўзбекистонга қўйилган яна бир тақиқни олиб ташлади

Жамият

image

Шу йилнинг 25 март куни АҚШ меҳнат департаменти болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланган ҳолда тайёрланган маҳсулотларни АҚШ давлат харидлари учун тақиқлаш бўйича ижро буйруғи рўйхатидан ўзбек пахтасини чиқариб ташлаш юзасидан якуний қарор қабул қилди.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига маълумотига таяниб Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Ўзбекистонда етиштирилган пахта 2010 йилда мазкур рўйхатга киритилган эди.

Қайд этилишича, мазкур масала ўтган йили июль ойининг охирида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Муҳокамалар давомида АҚШ меҳнат департаменти «Cotton Campaign» ҳамда “Меҳнаткашлар ҳуқуқлари халқаро форуми” (ILRF) сингари халқаро ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилотлари фикрлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги дипломатик миссияси томонидан тақдим этилган расмий изоҳларни ўрганган.

“Cotton Campaign” коалициясининг тақиқни олиб ташлаш барвақтлиги ҳақидаги иддаоларини изоҳлар экан департамент болалар меҳнатидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар мамлакатда камдан-кам кузатилаётгани, мажбурий меҳнатга оид ҳолатларни ўрганиш самарадорлиги ошгани ҳамда ҳуқуқбузарларнинг қатъий жавобгарликка тортилаётганини қайд этган.

Ушбу тақиқнинг бекор қилиниши АҚШ давлат муассасаларига мазкур маҳсулотни уни сертификатлаштиришдан (яъни болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаган равишда) ўтказилганини талаб қилмасдан харид қилиш имконини беради. Шунингдек, АҚШ меҳнат департаментининг урғулашича, Америка хусусий компаниялари эндиликда ўз обрў-эътиборига доғ тушишидан қўрқмасдан ўзбекистонлик пахта етиштирувчилар билан ҳамкорлик қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг сентябрь ойида АҚШ меҳнат департаменти Ўзбекистонда етиштирилган пахтани “Болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда етиштирилган маҳсулотлар рўйхати”дан чиқарган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ пахта тақиқ

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг