Кэмероннинг Туркманистонга сафари қандай ўтди?
Олам
−
26 Апрель
503724 апрель куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Буюк Британия Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмеронни қабул қилди. Бу ҳақда TDH давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Музокараларда нефть-газ саноати, қишлоқ хўжалиги ва янги технологиялар ҳамкорлик учун истиқболли деб топилди. Иқлим ўзгариши мавзусига тўхталиб ўтган Бердимуҳамедов “Туркманистон халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги таклифларини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, бу борада аниқ ишларни амалга ошираётганини” алоҳида таъкидлади.
Бундан ташқари, мамлакатлар таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятида, хусусан, Буюк Британия инглиз тилини ўқитишни ривожлантиришга тайёр.
Ашхободда ёзиб олинган Х’аккаунтидаги видеомурожаатида Кэмерон минтақа мамлакатларига ташриф буюраётганини, чунки бу Буюк Британия хавфсизлиги ва фаровонлиги учун муҳим эканини айтган.
“Ҳозир мен Туркманистон пойтахти Ашхободдаман ва мен 1997 йилдан буён бу мамлакатга ва минтақанинг бошқа давлатларига келган Британиянинг Ташқи ишлар бўйича биринчи давлат котибиман. Нега мен бу ердаман? Илгари минтақа билан кўпроқ ишлашимиз керак эди. Аммо ҳозир биз шу ердамиз, чунки бу Британия хавфсизлиги ва фаровонлиги учун муҳим. Хавфсизлик – чунки бу минтақа Хитой, Россия ва Афғонистон ҳамда бу ердан 40 километр узоқликда жойлашган Эрон ўртасида жойлашган. Биз бутун дунё бўйлаб, шу жумладан бу ерда ҳам ишлашимиз, рақобатлашишимиз ва бизнес юритишимиз керак. Биз қилаётган иш Буюк Британия аҳолисини иш билан таъминлаши ва ватанига фаровонлик олиб келиши мумкин”, дейди Дэвид Кэмерон.
Кемероннинг ташрифи арафасида Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигида ТИВ раҳбари Рашид Мередов ва Буюк Британия элчиси Стивен Конлон ўртасида учрашув бўлиб ўтди, якунига кўра томонлар учта ҳужжатни имзоладилар:
- Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт вазирлиги ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Туркманистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ва Мовий денгиз жамғармаси ўртасида биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда Каспий денгизида уларни сақлашга кўмаклашиш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми;
- Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Транспорт ва коммуникациялар агентлигининг “Туркменарагатнашик” агентлиги ва Dialogue Events Ltd. компанияси ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми. (Буюк Британия).
Маълумот учун, ҳозирда Кэмерон савдо, хавфсизлик ва атроф-муҳит бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга сафар қилмоқда. "The Independent" нашрининг ёзишича, Кэмерон Марказий Осиё мамлакатларининг қийинчилик билан эришилган мустақиллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ҳам фикр алмашмоқчи. Шунингдек, у Британия университетларида хорижликларнинг таълим олишини қўллаб-қувватловчи Chevening стипендиялари учун маблағ миқдори икки баравар оширилиши ва келгуси уч йил давомида минтақа бўйлаб ривожланиш харажатлари учун 50 миллион фунт стерлинг ажратилишини маълум қилмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Дэвид Кэмерон Тожикистонга борган ва у ерда Президент Имомали Раҳмон қабулида бўлганди. Шундан сўнг у Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашди. 23 апрель куни у Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокара ўтказди ва томонлар орасида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация ҳамда Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди. Шу куни у Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан ҳам учрашди. Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия сиёсий-дипломатик мулоқотини кенгайтириш, шунингдек, халқаро майдонда конструктив ҳамкорликни давом эттириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, парламент алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинган. Кэмерон Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани йўқ. Чунки у 22 апрель кунидан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди. Қозоғистонда эса Кэмерон Президент Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди, Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан учрашди ва икки давлат орасида стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь