Британия санкцияларига тушган Қозоғистон компаниялари “бир кунлик” бўлиб чиқди
Олам
−
08 Ноябрь
3904Буюк Британия санкциялар рўйхатига киритилган Қозоғистон компаниялари бир кунлик фирмалар экани очиқланди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров маълум қилди.
“Эслашимча, дастлабки иккита компания илгари АҚШ санкцияларига ҳам тушган эди. Улар бир кунлик компаниялар ва махсус мақсадларда очилади. Биз текширув ўтказишни бошлаганимизда уларнинг аслида тўлиқ хўжалик фаолияти олиб бормаслигини кўрамиз. Улар очилиб, бирор шартнома тузади ва аслида йўқ бўлиб кетади,” деб тушунтирди вазир.
Байбазаровга кўра, Қозоғистондаги санкцияларга жавобгар молия хизматлари ушбу компанияларни аллақачон рўйхатга олган ва санкциялар рўйхатига киритган.
“Менимча, бу тизимли масалалар эмас, балки бир марталик компаниялар бўлиб, улар фақат фойда олишни кўзлайди. Бу билан курашиш қийин, аммо биз Америка ва Европадаги санкцияларни назорат қилувчи хизматлар билан келишилган чекловларга риоя қиламиз,” деди Байбазаров.
Шунингдек, расмий энди ушбу МЧЖлар ўзлари ишлаган айрим бозорларини йўқотишини қўшимча қилган. Бундан ташқари, Байбазаров бошқа Қозоғистон компанияларига улар билан экспорт ва импорт операциялари бўйича ҳамкорлик қилишни тавсия этилмаслигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ҳукуматининг янгиланган санкциялар рўйхатига Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир нечта компаниялари ҳам қўшилгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси