Янги Зеландия парламентида депутатлар ноодатий норозилик рақсига тушди (видео)
Олам
−
15 Ноябрь
4061Янги Зеландия парламентининг маорилар ва Буюк Британия вакиллари ўртасидаги Вайтанги шартномасининг янги тамойилларини талқин қилишга бағишланган мажлиси депутатларнинг номақбул хатти-ҳаракатлари туфайли икки марта тўхтатилди. Бу ҳақда “Radio New Zealand” хабар берди.
Қайд этилишича, икки депутат ушбу норозилик ҳаракати сабаб Вакиллар палатаси залидан чиқариб юборилган. Биринчи бўлиб залдан Янги Зеландия Лейбористлар партияси депутати Уилли Жексон чиқарилган. У Янги Зеландия ACT партияси етакчиси Дэвид Сеймурни ёлғончи деб атаб, бу сўзларини қайтариб олишдан бош тортган.
Жексонга кўра, маорилар Буюк Британия билан муносабатларни қайта кўриб чиқишга ҳеч қачон рози бўлмайди ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни давом эттиради. Шунингдек, у Сеймур томонидан таклиф этилган “Шартнома тамойиллари тўғрисидаги қонун лойиҳаси”ни европаликлар ва маорилар ўртасидаги муносабатларнинг ҳақиқий табиатини яширишга қаратилган, деб атаган.
“Сиз уятдан ерга киришингиз керак, сиз ёлғончисиз”, дейди у.
Янги Зеландияда бундай айбловлар парламент этикаси қоидаларига зид ҳисобланади. Шу боис Вакиллар палатаси спикери Жерри Браунли Жексонни гапини қайтариб олишга ва узр сўрашга чақирган, аммо Жексон бу талабни рад этган.
Маори партияси депутати Хана-Равити Майпи-Клерк эса норозилик ҳаракати уюштириб, “Шартнома тамойиллари тўғрисидаги қонун лойиҳаси” муҳокамасини бузган ва қонун лойиҳаси нусхасини йиртиб ташлаган. У маори халқининг анъанавий “ҳака” деб номланувчи рақсини ижро этгани учун бир кунга ишдан четлатилган. Спикер уни “тартибсизлик бошловчиси” деб атаб, 1 кунлик иш ҳақидан маҳрум этилганини билдирган.
Қайд этилишича, депутатлар томонидан ижро этилган “ҳака” шунчалик тартибсизлик келтириб чиқарганки, Вакиллар палатаси фаолияти 30 дақиқага тўхтаб қолган. Майпи-Клерк залдан чиқариб юборилганидан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган.
Баҳсли қонун лойиҳаси
Дэвид Сеймур томонидан таклиф қилинган “Шартнома тамойиллари тўғрисидаги” қонун лойиҳаси маори халқининг мамлакатдаги ҳуқуқий мақомини тартибга солишни мақсад қилган. 1840 йилда маори қабилалари сардорлари ва Буюк Британия вакиллари ўртасида тузилган Вайтанги шартномаси, Сеймур фикрига кўра, маориларга бошқа янги зеландияликлардан фарқли равишда махсус ҳуқуқлар беради. Унинг таклифига кўра, Вайтанги шартномаси қоидалари миллий қонунчиликка мувофиқлаштирилиши керак. Ушбу қонуннинг асосий тамойили барча Янги Зеландия фуқароларининг тенг ҳуқуқларини таъминлашдан иборат. Бироқ, қонун лойиҳаси кескин танқидга учраган ва барча парламент партиялари унга қарши овоз беришни ваъда қилган.
Вайтанги шартномаси
Вайтанги шартномаси (“Treaty of Waitangi”) – бу 1840 йил 6 февралда маори қабилалари сардорлари ва Британия қироллиги вакиллари томонидан имзоланган келишув ҳисобланади. Вайтанги шаҳрида имзоланган ҳужжат Янги Зеландия давлатининг асосини ташкил этиб, мамлакатнинг асосий конституциявий ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Бу ҳужжат инглизлар ва маори халқининг бирга яшаш шартларини белгилаб берган. Унга кўра, ороллар Британия тожи остига ўтган, бироқ қабилалар ўз ҳудудлари ва ресурслари устидан суверенитет ҳамда ҳуқуқларни сақлаб қолган.
Шунга қарамай, Британия ҳукумати шартномани бир неча бор бузиб, маори халқининг баъзи ерларини тортиб олган. Ҳужжат ҳанузгача маҳаллий аҳоли томонидан эътирозларга сабаб бўлмоқда. Келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш учун Вайтанги шартномаси доирасидаги низоларни тартибга солиш бошқармаси ташкил этилган. Бу идора Янги Зеландия Адлия вазирлиги таркибига киради.
Мухолифат партиялари ҳукумат партияларини қонун лойиҳасини рад этишга чақирган. Яшиллар партияси етакчиси Клои Сворбрик қонун лойиҳасини овоз беришда виждон ва принциплар устуворлигини сўраган.
Қонун лойиҳаси коалиция шартномаси доирасида киритилган бўлса-да, “Миллий” ва “Янги Зеландия Биринчи” партиялари бу қонун лойиҳасини кейинги босқичларда қўллаб-қувватламасликларини эълон қилган. Бу эса унинг муваффақиятсизликка учраш эҳтимолини кучайтиради. Қонун лойиҳаси бўйича Адлия қўмитаси олти ой давомида муҳокама ўтказади, шундан сўнг у парламентга қайта киритилади.
LiveБарчаси