ЕИ Украинага 100 минггача аскар юборишни муҳокама қилмоқда – “Reuters”
Олам
−
19 Декабрь
4849Европа давлатлари, агар Россия билан уруш тугаса ёки тўхтаб қолса, дарҳол Украинага ҳарбий контингентларни юбориш бўйича батафсил музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, бундай миссиянинг минимал ҳажми 40 минг аскарга баҳоланмоқда. Бироқ Европа Хавфсизлик хизматлари вакили Украинани “Россия агрессияси” такрорланишидан ҳимоя қилиш учун 100 минг ҳарбий хизматчи керак бўлишини айтган.
Контингентнинг асосини Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Польша каби бешдан саккизтагача давлатнинг ҳарбий хизматчилари ташкил қилиши мумкин. Унинг якуний ҳажми ҳозир муҳокама қилинаётган форматга боғлиқ бўлади. Бунда Италия тинчликпарварлик миссиясини ёқлайди, Франция ва Украина эса Россияни ушлаб туришга эътибор қаратади.
Мамлакатлар контингент кимнинг ҳомийлигида жойлаштирилишини ҳам муҳокама қилмоқда. Италия Мудофаа вазири Гвидо Крозетто тинчликпарвар кучлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ҳаракат қилиши кераклигини айтган. Аммо бошқа расмийларнинг айтишича, бу Россияга ҳаддан ташқари катта таъсир кўрсатади, чунки у БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, европаликлар ҳам АҚШни ҳеч бўлмаганда разведка ва бошқа оператив ёрдам кўринишида миссияда иштирок этишга ишонтириши керак бўлади. Шу билан бирга, яқинда Франция ва Украина Президентлари Эммануэль Макрон ва Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўт очишни тўхтатиш режимини кузатиш учун Америка қўшинларидан фойдаланишни рад этган.
Шунингдек, манбалар Украинага қўшин жўнатиш Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашув хавфини ошириши ва АҚШ кўмагига таянишга одатланган Европа давлатлари Қуролли кучлари зиммасидаги юкни оширишига ҳам эътибор қаратмоқда. Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ходими Франц-Стефан Гадининг фикрича, 100 минг тинчликпарварни ажратиш Европа Иттифоқи давлатларини қуруқликдаги кучларини кенгайтиришга ва бошқа миссияларда, масалан, Болқондаги иштирокини камайтиришга мажбур қилади.
Бошқа кўплаб масалалар, жумладан, қуролдан фойдаланишнинг потенциал шартлари ноаниқлигича қолмоқда.
Россия Ташқи разведка хизмати ноябрь ойида Ғарб Украинада 100 минг аскардан иборат ҳарбий контингентни жойлаштирмоқчи эканини маълум қилган эди. Департамент бу қадамни Украинанинг “де-факто босиб олиниши” деб атади ва НАТО Украина Қуролли кучларининг жанговар қобилиятини тиклаш ва уларни “қасос олишга уриниш”га тайёрлаш учун можарони музлатишга интилаётганини таъкидлади. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу хабарларни изоҳлар экан, тинчликпарвар кучларни юбориш фақат урушда қатнашаётган барча томонларнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Брюсселда бўлиб ўтган НАТО Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ўт очишни тўхтаган тақдирда немис тинчликпарвар кучларини Украинага юборишни истисно этмаслигини билдирганди. Германия канцлери Олаф Шольц эса Украинага немис қўшинларини юборишга қарши чиқди.
LiveБарчаси