Жапаров Кэмеронни қабул қилди. Улар нималарни гаплашди? 

Олам

image

Кеча, 22 апрель куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида Бишкекка расмий ташриф билан келган Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмеронни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 


Садир Жапаров Кэмеронни қутлар экан, Буюк Британиянинг Қирғизистоннинг ғарбий йўналишдаги ташқи сиёсатидаги муҳим ролини қайд этди. Президент маъмуриятининг маълум қилишича, томонлар ўртасидаги суҳбат Қирғизистон-Британия икки томонлама ҳамкорлиги, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида бўлган.

“Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида таълим ва мавсумий меҳнат миграцияси масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Садир Жапаров ва Дэвид Кэмерон минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб мавзуларни эътиборсиз қолдирмади”, дейилади хабарда.

Суҳбат сўнггида Буюк Британия Ташқи ишлар вазири самимий қабул учун Қирғизистон Республикаси Президентига миннатдорлик билдирди. Дэвид Кэмерон Қирғизистон ва Буюк Британия ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, унинг улкан салоҳиятини қайд этди.

Садир Жапаров учрашувни якунлар экан, Дэвид Кэмероннинг Қирғизистонга расмий ташрифи кўп қиррали Қирғизистон-Британия ҳамкорлигига янги суръат бағишлашига ишонч билдирди.

Дэвид Кэмерон Бишкекда Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев билан кенгайтирилган таркибда музокаралар ҳам ўтказди.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув Жээнбек Кулубоев Буюк Британия Ташқи ишлар вазирини мамлакатга илк расмий ташрифи муносабати билан қутлаш билан бошланган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазири икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг ижобий динамикаси келажакда ҳам давом этишига умид билдирди.

Жээнбек Кулубоев Дэвид Кэмеронга ҳамкорликнинг потенциал соҳалари ҳақида гапириб берди. Бу илғор технологиялар, яшил энергиядан фойдаланган ҳолда ноёб тупроқ металларини биргаликда ўзлаштириш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги савдо салоҳиятини ошириш ва Қирғизистон иқтисодиётига Британия сармоясини киритишдир.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 апрель куни Дэвид Кэмерон Тожикистонга борган ва у ерда Президент Имомали Раҳмон қабулида бўлганди. Кэмерон Ўзбекистонга ҳам келиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Қирғизистон Садир Жапаров Дэвид Кэмерон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг