Англия Лига Кубоги. “Арсенал” 6 та, “Саутгемптон” 8 та гол билан ғалабани қўлга киритди

Спорт 1238
image

Кеча, 26 август куни Англия Лига Кубогининг 2-босқичи доирасида бир қанча учрашувлар бўлиб ўтди. Унда АПЛнинг 2 жамоаси қуйи лига вакилларини мағлуб этди.

Лондоннинг “Арсенал” клуби меҳмонда Чемпионшип вакили “Вест Бромвич”га қарши баҳс олиб борди ва рақибини 0:6 ҳисобида мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга йўл олди. Голларга Пьер-Эмерик Обамеянг (хет-трик), Николья Пепе, Букайо Сака ва Александр Ляказетт муаллифлик қилди. Кейинги босқичда лондонликлар “Уимблдон” клубига қарши тўқнаш келади.

Шунингдек, “Саутгемптон” клуби Англиянинг иккинчи лигаси вакили “Ньюпорт Каунти”га қарши баҳс олиб борди ва рақиб дарвозасига 8 та гол уриб, ғалабани қўлга киритди. Голларга Муҳаммад эл-Юнусси (хет-трик), Армандо Броя (дубль), Натан Редмонд, Натан Телла ва Кайл Уокер-Питерс муаллифлик қилди. Кейинги босқичда улар ўтган мавсум АПЛдан Чемпионшипга тушиб кетган “Шеффилд Юнайтед”га қарши баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, айни дамда “Арсенал” АПЛ турнир жадвалида 19-ўринда турибди. “Саутгемптон” эса 13-ўринни эгаллаган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3.1
t
×